Андижонда

АҚШда газеталарни сақлаб қолишга уринишмоқда: «ЖУРНАЛИСТИКАНИ ҚУТҚАРИШ»ГА ДОИР ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ ИШЛАБ ЧИҚИЛДИ


09.08.2021   863

АҚШда маҳаллий, асосан ҳудудий босма ва электрон нашрларни сақлаб қолиш бўйича ҳукумат даражасида ҳаракат бошланди. Вашингтон, Орегон ва Аризонадан сайланган уч нафар сенатор «Ҳудудий журналистикани қўллаб-қувватлаш» тўғрисида қонун лойиҳасини тақдим этишди.

Қонун лойиҳасига кўра, коронавирус пандемияси борган сари «синдираётган» маҳаллий газеталарни сақлаб қолиш бўйича муаяйн таклифлар берилган. Қуйида ушбу қонун лойиҳаси ва АҚШда унга бўлган муносабат ҳақида ўқийсиз.

Бундай қонун нимага керак?

Коронавирус пандемияси дунё иқтисодиётига кучли зарба берди. Хусусан, кўп давлатларда босма ОАВ ҳам жиддий зарар кўрмоқда. Ҳатто дунёнинг энг бой давлати АҚШда ҳам. Бир томондан, газета каби анъанавий ОАВ иқтисодий танг ҳолатга келиб қолди, бошқа томондан пандемия одамларда маълумотга бўлган эҳтиёжни кескин оширди. Одамлар тўлиқ ўрганилмаган вирус ҳақида кўпроқ ва аниқроқ маълумот қидира бошлади.

Бундай кутилмаган шиддат эса ОАВ бозорининг оёғини осмондан қилиб юборди. Инсонга қандайдир маълумот жуда зарур, лекин кўчага чиқиш тақиқланган, одамлар орасига кириш ҳам таваккали бор иш. Бу вақтда интернет бозорнинг тобора катта қисмини эгаллай бошлади. Шундоқ ҳам интернетга ютқазаётган газетчилик эса жиддий зарбага учради.

Бу ҳолатни Ўзбекистонда ҳам кўриш мумкин: пандемия вақтида газеталарнинг тиражи кескин тушиб кетди, интернет сайтларнинг ўқувчилари янада ошди. Айрим газеталар дастлабки карантин эълон қилиниши билан чоп этилмай қолди.

Матбуотни ўз демократиясининг асосий омилларидан бири деб ҳисобловчи америкаликлар эса бу ҳолга жим қараб туришмади. Албатта, у ерларда ечим сифатида мажбурий обунага мурожаат қилинмайди, ҳар доимгидек, замонавий одамлар каби холис ва оқилона тўғри йўл изланди.

Пандемия вақтида энг катта муаммолардан бири — ёлғон маълумот тарқатиш, дезинформация эканлиги аниқ бўлди. Масалан, Ўзбекистонда вакцина ҳақидаги турли бўлмағур, асоссиз миш-мишлар эмланмоқчи бўлганлар сонининг ошмаётганига сабаб бўлмоқда. Матбуот ҳозир энг керак бўлган пайтда унинг йўқлик томон юз тутишига жим қараб туриб бўлмайди, деб ўйлаётган америкаликлар кўп экан. Шундай инсонлардан уч нафари қонун лойиҳасини ишлаб чиқишди.

Қонун лойиҳаси яратилишига нималар сабаб бўлди?

22 июл куни муҳокама учун эълон қилинган қонун лойиҳасини сенаторлар Мария Кантвелл, Марк Келли ва Рон Уайден ишлаб чиқишган. Лойиҳа маҳаллий ОАВларга иқтисодий кўмак беришни кўзда тутади.

Масалан, бирор нашрга ҳомийлик қилган ташкилот солиқ имтиёзига эга бўлади.

«Коронавирус пандемияси маҳаллий нашрлар ва мухбирлар инсонларнинг янгиликка бўлган эҳтиёжини қондириш учун қанчалик муҳим эканини кўрсатиб берди. Демократиямизнинг кучи ҳақиқатга асосланган. Маҳаллий нашрлар жиддий саволларни кўтаришмоқда, дезинформацияга қарши курашмоқда, тарихимизни ҳикоя қилмоқда. Жамиятимизнинг ажралмас бўлаги бўлган бу соҳани ҳимоя қилишимиз керак», — дейилган қонун лойиҳасида маҳаллий газеталарнинг ўрни ҳақида.

Аризонадан сайланган сенатор Келлининг фикрича, жисмоний шахсларга маҳаллий нашрларга обуна бўлгани ёки ҳомийлик маблағлари ажратгани эвазига солиқ имтиёзини таклиф қилиш керак. Яъни пандемия вақтида газеталар обунасини бекор қилиш орқали пулини тежаб қолган америкаликларга обунани давом эттириш эвазига солиқ имтиёзи таклиф этилмоқда.

«Маҳаллий нашрлар фаолиятидаги пасайиш дезинформацияни кучайтириб, ёлғон маълумотлар тарқалишига имкон яратди. Ҳудудий кенгаш ва мэриялар учун ягона ойна айнан маҳаллий нашрлар ҳисобланади. Америкаликлар маҳаллий нашрлар мисолида энг ишончли манбаларини йўқотишмоқда. Журналистнинг фарзанди сифатида мени ҳам бу ҳолат бефарқ қолдирмади. Бизнинг қонун лойиҳамиз демократиямиз ва ҳаётимиз учун синовли дамларда маҳаллий нашрларни иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган», — дейди Орегон штатидан сайланган 72 ёшли сенатор Рон Уайден.

Маълум бўлишича, 2004 йилдан буён АҚШда 1800 бирлашма ўз газетасини йўқотган. Пандемия бошидан буён эса 37 минг журналист ишсиз қолган ёки маоши камайтирилган. Охирги 20 йилликда Америкадаги маҳаллий газеталар даромади 70 фоизга камайган. Нашрлар 40 минг нафар янгилик йиғадиган ходимини ишдан бўшатишга мажбур бўлган. Бу эса бутун персоналнинг 60 фоизи дегани.

Сенатор Кентвелл маҳаллий газеталарни кўп марта қўллаб-қувватлаган. Уларнинг гувоҳларни тергов қилиш жараёнида иштирок этишини таъминлаш бўйича сенатда нутқ сўзлаган. У ўтган йили пандемия вақтида иқтисодий қўллаб-қувватлов бўйича қонун лойиҳасига муаллифлик қилган. Бу қонунга кўра 2 мингдан ортиқ газета, 3384 теле- ва радиостанциялар молиявий кўмак олган, ҳудудий мухбирлар иш ҳақини ҳимоялаш дастурига киритилган.

160 мингдан ортиқ актёрлар, журналистлар ва ижодкорлар касаба уюшмаси бўлган SAG-AFTRA корхонаси президенти Габриэл Картерис бу қонун лойиҳаси ҳақида шундай дейди: «Америкаликлар маҳаллий хабарларни пандемия даврида бўлганидек кўп ўқишмаган эди. Чунки воқеалар жуда тез ўзгарди. Қонун ижодкорлари бўлган сенаторларга раҳмат айтмоқчиман, бу қонун биз учун жуда муҳим инсонлар бўлган ҳудудий мухбирларни, нашрларни сақлаб қолиш учун жуда муҳим».

News Media Alliance ижрочи директори Дэвид Чаверннинг фикрича, ҳудудий нашрлар жуда муҳим, чунки одамлар доим текширилган, ишончли маълумотга муҳтож бўлишган ва бу демократиянинг ҳам асоси ҳисобланади.

Нималар таклиф қилинмоқда?

Сенаторлар қонун лойиҳасида маҳаллий нашрларни қўллаб-қувватлаш учун қандай солиқ имтиёзлари берилиши мумкинлигини ҳам кўрсатишган. Лойиҳада маҳаллий газета ёки электрон нашр деган иборага ҳам аниқ таъриф берилган. Унга кўра, ҳудудий нашр бўлиш учун газета ёки сайтнинг камида 51 фоиз ўқувчиси энг камида 321 км радиусдаги муайян ҳудудда истиқомат қилиши керак. Шунингдек, махсус имтиёзга тушадиган нашрлар камида икки йил давомида барқарор ишлаётган бўлиши лозим.

Лойиҳага кўра, маҳаллий газетага йиллик обуна тўловининг 80 фоизини тўлаб, обуна бўлган жисмоний шахслар бир йилда 250 доллар солиқ имтиёзига эга бўлади. Яна бир таклифда маҳаллий газеталарга йиллик 12,5 минг доллар солиқ имтиёзи бериш кўзда тутилган. Бу тежалган пулга нашр янги ишчилар ёллаши ва уларга маош тўлаши мумкин.

Қонун лойиҳасида тадбиркорлик субъектлари учун махсус тарифлар таклиф этилган. Яъни маҳаллий газета йиллик рекламасини белгиланган сумманинг 80 фоизини тўлаб сотиб олган тадбиркорлар солиқ йилида 5 минг доллар имтиёзга эга бўлиши мумкин. Кейинги йилларда эса рекламани ярим нархига сотиб олган корхоналар ҳам 2,5 минг доллар йиллик солиқ имтиёзи олади. Шунингдек, газеталарга ҳомийлик қилганлар ҳам манфаатли тарифларда солиқ имтиёзи олади. Яъни улар берган пулидан кўпроқ имтиёз олиши ҳам мумкин.

Таққос: бизда ҳам шундай қилиш мумкинми?

Америкада кўтарилган бу мавзудан кейин кўпчилик ахир бу биздаги каби мажбурий обунага ўхшаш нарса-ку, дейиши мумкин. Аммо бундай эмас. Америкаликларда газета ўқиш маданият даражасига кўтарилган, улар ҳудудий газеталар обунаси учун мустақил тарзда пул тўлашади.

Коронавирус эса одамларнинг ҳам, газеталарнинг ҳам даромадини камайтирди. Қонун ижодкорлари бундай вақтда уларга одамларни мажбурламай ёрдам бериш керак дейишмоқда. Яъни бунда одамларга оғирлик тушмайди, улар барибир солиқ имтиёзи орқали даромадларини сақлаб қолишади. Давлат эса бунинг учун пулни бизнинг таъбиримиз билан айтганда «бюджетнинг орттирилган қисмидан» тўлдириб қўяди.

Қисқасини айтганда, Америкада ишлаб чиқилган бу қонун лойиҳаси ўқитувчи ёки бошқа касб вакилларининг маошларидан ушлаб қолиб газеталарни боқимандага айлантириб қўйиш эмас. Шунчаки, иқтисод нима эканини тушунадиган америкаликлар ҳудудий газетчилик жуда даромадли соҳа эмаслигини, ўз навбатида, ахборот бозорида улар жуда зарур эканини яхши тушунишади.

Уларни сақлаб қолиш — дезинформациядан ҳимояланиш учун муҳим, деган баёнот шунчаки баландпарвоз гап эмас. Ғарбда ишончли манбаларнинг қадри жуда баланд. Ўшалар ёзмаса хабарларга ишонишмайди.

Яна бир жиҳат

Америкадаги газеталар ҳамон яшаб келаётганининг сабаби шуки, улар чиндан ўзини қутқариш учун ҳаракат қилмоқда. Эътибор берган бўлсангиз, лойиҳада қутқариш зарур бўлган соҳа сифатида ҳудудий газетчилик айтиляпти. Яъни мамлакат миқёсида фаолият юритадиган нашрларнинг бу борада муаммоси йўқ. Ўша ҳудудий нашрлар ҳам мустақил ишлагани учун ўз обрўсини йўқотмаган.

Масалан, кичик шаҳар газетасида маҳаллий мэрнинг истаги билан қандайдир хабар чоп этилмайди. Шунчаки мэрия улардан қайсидир хабар тарғиботида ёрдам сўраши мумкин. Ўз ўқувчиларинг катта қисми шу шаҳарда яшайдиган нашр учун эса бу шундоқ ҳам керакли мавзу.

Ҳа, Америкада журналистикага, газетага жиддий қарашади. Буни мана шу қонун лойиҳасида ҳам кўриш мумкин. Бизда «газетани қутқариш» деганда албатта мажбурий обунани тушунишади, лекин газеталар чиндан мустақил бўлиб ишласа, улар иқтисодий мустақилликка ҳам эришади, бутун бошли сиёсатчилар мана Америкада бўлгани каби юқори минбарларда ҳам газеталарнинг тарафини олишади. Бунга аввало нашрлар муносиб бўлиши керак.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Манба: Kun.uz sayti