Андижон 24

АНДИЖОНДА ИСТИҚЛОЛНИНГ ИСТИҚБОЛЛИ ИМОРАТЛАРИ МУСТАҲКАМ ҚАД РОСТЛАМОҚДА


06.09.2021   468

Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек АБДУРАҲМОНОВнинг «Андижоннома» газетаси бош муҳаррири вазифасини бажарувчи Рустамжон Эшоновнинг саволларига жавоблари:

- Ҳурматли Шуҳратбек Қўшақбоевич, Истиқлол берган имкониятлардан бири дунё билан бўйлашиш, ҳеч кимдан кам бўлмаслигимизни намоён этиш саодати эканлигини ҳамиша ёдимизда тутамиз. Одамларнинг дунёқараши ўзгариб, янгиланаётган Ўзбекистоннинг ҳар бир кунига дахлдорлик ҳиссини туйяпти. Бунда янгиланаётган Андижоннинг ўрни қай даражада?

- Кейинги йилларда Андижон шаҳрининг қиёфаси бутунлай ўзгариб, мамлакатимизнинг энг гўзал ва обод шаҳарларидан бирига айланмоқда. Озод ва обод юртда яшайдиган, янгича фикрлайдиган одамларнинг уйлари ҳам, уларнинг ҳаёти, турмуши ҳам гўзал ва фаровон бўлиши керак. Биз мана шундай заминда яшаяпмиз. Ўтаётган йилларга, ойларга, кунларга ҳамиша шукроналик ҳисси билан боқиш эртанги кунимизнинг янада порлоқ бўлишидан далолатдир.

Вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳақида гапирганда, аввало, одамларимизнинг онгу тафаккурида рўй бераётган туб ўзгаришлар, уларнинг ён-атрофдаги воқеаларга муносабати, сиёсий фаоллиги ва фуқаролик позицияси тобора ўсиб бораётганини таъкидлаш лозим. Бу давлатимиз Мустақиллигининг 30 йиллик тўйини ёруғ юз билан қаршилаётган ҳар бир андижонликнинг ҳатти-ҳаракатларида, юзу кўзида намоён бўлаётир.

Ижтимоий-иқтисодий, маънавий-сиёсий соҳаларда ўтган беш йил ўзига хос из қолдирганлигини эътироф этяпмиз. Аввало, бу янгиланиш, бунёдкорлик ва қурилиш ишлари кўлами кенгайганлиги билан изоҳланади. Шаҳар ва қишлоқларимизнинг обод, кўркам манзилларга айланаётгани хонадонларнинг фаровонлик даражаси ошиб, фарзандларимизнинг баркамол, ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етиши учун пухта замин яратилаётганидан далолатдир. Рақамларга назар ташласак, вилоятда 2017-2020 йилларда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми (ЯҲМ) ўртача 24,0 фоизга ёки 18,8 трлн. сўмга ўсди. Бунда, саноат ишлаб чиқариш 2,0 баробарга (+23,1 трлн. сўм), қишлоқ хўжалиги 13,3 фоизга (+11,2 трлн. сўм), асосий капиталга инвестициялар 85,4 фоизга (+6,6 трлн. сўм), қурилиш ишлари 36,5 фоизга (+2,9 трлн. сўм) ва жами хизмат кўрсатиш ҳажми 32,2 фоизга (+4,8 трлн. сўм) ўсиши таъминланди. Аҳоли жон бошига кўрилганда ялпи ҳудудий маҳсулот 2017 йилдаги 6,6 млн. сўмдан 2020 йилга келиб 12,2 млн. сўмга етказилди.

2021 йил якуни билан 8,9 трлн. сўмлик 730 та лойиҳа ишга туширилиб, 50 572 та янги иш ўрни ташкил этилади. Бу 2017 йилга нисбатан 17,2 маротабага кўп дегани. Шу билан бирга, хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши ўтган йилда 252,9 млн. доллар (141 та корхона)ниташкил этди.

Вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш натижасида Ҳиндистоннинг "Sharda", Полшанинг "Collegium Humanum Manegement" университетлари фаолият юритмоқда. Андижон туманида "Андижон Фарм" эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиб, етакчи хорижий фармацевтик корхоналар вилоятда ўз фаолиятини бошламоқда. Ҳозирда "Андижон-фарм" ЭИЗда 5 млн. қадоқда дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Бундан ташқари 5 та хорижий давлатларнинг 8 та вилоятлари билан маданий, иқтисодий ва ижтимоий ҳамкорлик қилиш бўйича келишувлар имзолаб, икки томонлама манфаатли алоқалар ўрнатилган.

- Экспорт ҳажмини ошириш мақсадида янги турдаги, жаҳон андозалари талабларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи замонавий саноат корхоналари барпо этилмоқда. Мавжуд ишлаб чиқариш корхоналарига хорижий ҳамкорларни жалб этиш орқали ҳам самарадорликка эришяпмиз. Шундай эмасми?

- Албатта. Шу йилнинг 6 ойида 283,8 млн. долларлик экспорт амаллари бажирилди, йил якунигача 588 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилинади.

Экспорт ҳажми ортиши билан бир қаторда товарларни экспортга чиқаришни диверсификациялаш соҳасида ҳам ижобий натижаларга эришилмоқда. Яъни, экспортга чиқарилаётган маҳсулотларни таркибига назар соладиган бўлсак, сўнгги 4 йил мобайнида вилоят бўйича аввалари экспортга чиқарилмаган 12 та янги турдаги маҳсулотлар сотуви йўлга қўйилиб, товарлар тури 106 тадан ортди. Бугунги кунда Андижонда ишлаб чиқарилаётган товар ва хизматлардунёнинг 26 та давлатига жумладан, Россия Федерацияси, Туркия, Қозоғистон, Қирғизис-тон, Хитой, Тожикистон вабошқа турли хориж давлатларига чиқариляпти.

2020 йил якуни билан "Тадбиркорлар ва инвесторлар учун ишбилармонлик муҳитининг ҳолати"ни ўрганиш мақсадида тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровномалар натижасида Андижон вилояти Республикада энг яхши кўрсаткичга эга бўлди.

- Президентимиз тадбиркорлар билан бўлган учрашувда "Андижон тадбиркорлар юрти", дея эътироф этганларида бутун андижонликлар руҳланиб кетди.Иқтисодий имкониятлар натижасида чекка-чекка қишлоқларга саноат кириб бораётгани, имкониятлар ишбилармонлик муҳитига кенг йўл очаётгани алоҳида таъкидланди.

-Вилоятимиз турли соҳа ва йўналишларда дадил қадамлар ташлаётган тадбиркорлари билан бошқа ҳудудларга намуна мактабини яратяпти, де-йишга ҳақлиман.

Биргина ўтган тўққиз ойлик натижаларни таҳлил қилсак,Избоскан туманининг Қўғай маҳалласида"Соҳиб омад баракаси" кластери томонидан "And gold" тикув-трикотаж корхонаси ишга туширилди. Бу 830 нафар хотин-қизни энди ишсизлик муаммоси қийнамайди, дегани. Корхона йилига 3 миллион 500 минг дона тайёр трикотаж ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотлар 100 фоиз экспортга йўналтирилади. Фабрика тўла қувватга чиққанда, чекка ҳудуддаги 1 минг 200 нафар киши доимий иш билан таъминланади.

Туманнинг яна бир маҳалласи - Урганжида 3 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бу йил 915 ўринли умумтаълим мактаби таъмирдан чиқарилди. Барча кўчалар обод бўляпти. Ўнлаб кичик бизнес субъектлари орқали аҳолибандлиги таъминланяпти. Маҳалла гузарида оталар чойхонаси, озиқ-овқат дўкони, сартарошхона, "Street Workout" спорт майдончаси, "Рақамли маҳалла" IT-маркази бунёд этилди. IT-марказида болалар компьютер саводхонлиги, киберспорт, дастурлаш каби амалларни бажаришни ўрган-япти.

Одамларнинг ўзи ҳам ҳунарманд, миришкор. Деҳқончилик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга 10 сотихдан ер ажратилган. Маҳалладаги 150 та хонадонга 50 тадан парранда берилиб, ўзини ўзи банд қилиши таъминланган.

Ёки бўлмаса, Пахтаобод туманидаги инновацион иссиқхонани олайлик. Тош-шағалкарьери ўрнида "Мега агро" масъулияти чекланган жамияти бу ерда Испания технологияси асосида иссиқхона барпо этди.

Тадбиркор очиқ ва ёпиқ иссиқхонада "Айсберг" карами, помидор, бодринг, уларнинг кўчатлари ва ҳар хил кўкатлар етиштираяпти. Маҳсулотларни юртимиз бозорларига етказиб бериш, шунингдек, йилига 1 миллион 500 минг долларлик экспорт қилиш режалаштирилган. 100 дан зиёд ходим ҳалол меҳнат биланрўзғорини тебратяпти.

Вилоятда тўқимачилик саноати "драйвер" соҳалардан биридир.Бугун бу ерда 700 га яқин шундай корхоналар фаолият юритмоқда. Андижон шаҳридаги "Dinar group" масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган тикувчилик корхонасишулар жумласидан. Корхонага Италия, Австрия ва Туркия каби давлатлардан мато бўяш ва тикув ускуналари келтириб ўрнатилди. 1000 та иш ўрни яратилди. Йилига 3,5 миллион дона тайёр трикотаж ва 5 минг тонна ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эга.Маҳсулотлар 100 фоиз экспортга йўналтирилмоқда. Бугунги кунда хорижий давлатлар буюртмалари асосида50 дан ортиқ турдаги ярим тайёр ва 100 хилдан ортиқ тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Йиллик экспортни 40 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.

Бу йилнинг ўзида Асака туманидаги "Асака текстиль" ҳамда Жалақудуқ туманидаги "Зумрад текстиль" корхоналарида янги қувватлар, Хўжа-обод туманида цемент заводи ва қурилиш материалларикластери, "Андижон-фарм" эркин иқтисодий зонасида шприц корхонаси ишга туширилади.

Бундай мисолларни вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳар мисолида кўплаб келтириш мумкин.

Жорий йилда "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларини 9 та йўналиш бўйича ажратилаётган жами 1 трлн. 326 млрд. сўм маблағ ҳисобидан вилоятнинг 882 та маҳаллаларида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Очиғини айтиш керак, олдин бу қадар кўп маблағ ажратилмаган эди.

Жумладан, 882 та маҳаллада жами 1427 км ички йўллар таъмирланмоқда. Ичимлик ва оқова сув тармоқларини яхшилаш бўйича 196 та қишлоқ ва маҳаллада жами 692 км сув тармоғи қурилиб, реконструкция қилинмоқда. Натижада, 156,6 минг нафар аҳолининг (31 минг та оила) ичимлик суви таъминоти борасидаги муаммолари ҳал бўляпти. Бундай хайрли ҳаракатлар электр, газ таъминоти масалаларида ҳам туб бурилишлар ясамоқда.

Туман марказлари ва шаҳарларнинг архитектура қиёфаси кундан кунга ўзгариб бораётир. Йўллар, пиёдалар ва велосипед йўлакчалари, ирригация тармоқлари дейсизми, барча-барчаси одамларнинг яхши яшаши учун кўркам ва қулай ҳолга келтирилмоқда.

Айниқса, ижтимоий соҳа инфратузилмасини яхшилаш асосий масалалардан бири.38 та боғча, 56 та мактаб, 25 та тиббиёт ҳамда 25 та бошқа ижтимоий соҳа муассасаларида қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўзида жами 183 та кўп қаватли (5 минг хонадонли) уйлар барпо этилмоқда.

- Давлатимиз раҳбарининг Андижонга ҳар бир ташрифи ҳудуднинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Уларнинг топшириқ ва кўрсатмалари ҳар бир соҳада олиб борилаётган ишлар юзасидан дастуриламал вазифасини ўташи шубҳасиз.

- Худди шундай. Президентимизнинг 2021 йил 17-18 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи якуни билан тасдиқланган йиғилиш баёнига асосан, 2 трлн. 970 млрд. сўм маблағ ажратилди.

Давлат раҳбари ташриф давомида Янги Андижон тумани қурилишига тамал тошини қўйдилар. Бу қурилиш халқимиз бунёдкорлигини намоён этадиган тарихий воқеа эканлигига тўхталиб: "Андижондаги уй-жой муаммосини ҳал қилиш учун икки-уч йилдан бери ўзимни қийнайман. Чунки ер кам, уйларга талаб йиллар давомида тўпланиб қолган эди. Бир хонадонда бир нечта келин қайнонаси билан яшаётган оилалар кўп. Шунинг учун узоқни ўйлаб, янги шаҳар қуришга киришдик. Бу ерда 130 мингдан ортиқ хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилади, 450 мингдан зиёд аҳоли яшайди", дедилар.

Умумий майдони 4 минг гектар бўлган янги шаҳарнинг 2 минг гектар қисмида уй-жойлар, ижтимоий объектлар, саноат зоналари, хизмат ва сервис объектлари қурилади. Яна қарийб шунча майдонда яшил ҳудуд барпо этилади. Янги шаҳар лойиҳасининг коммуникация тармоқларини бошлаш учун жорий йилда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ажратилади. Бунда 33 километр ичимлик суви тармоғи, 52 километр автомобиль йўли, 18 километр электр ва 27 километр газ тармоқлари қурилади.

Давлатимиз раҳбарининг Андижон Заҳириддин Муҳаммад Бобур вояга етган замин экани, андижонликлар билими ва матонати билан катта ишларга қодирлигини алоҳида эътироф этгани бизга янада шижоат, куч-ғайрат бағишлайди. Бу гапларни нега айт-япман? Битта оиладаки, фарзандни бошпанали қилиб қўйиш ташвиши қанча катта юк бўлса, кундан-кунга аҳоли сони ортиб бораётган Андижонда уй-жой муаммосини кўтариб юриш, унга йўқ жойдан имкон қидириб ечим топишнинг ўзини энди чамалаб кўраверинг. Янги Андижон тумани қанчадан-қанча оилалар учун Ватан бўлади!

Шу ўринда эътиборингизни бир нуқтага қаратмоқчиман. Ўтган йиллар сарҳисобига назар ташлайдиган бўлсак, вилоят бўйича 2016 йилгача 4 минг 846 та оила учун якка тартибдаги бир-икки қаватли уйлар қурилган. Охирги 5 йилда эса 11 минг квартирали кўп қаватли ҳамда 4 минг 400 та якка тартибдаги уйлар қурилди. Жорий йилда 6 минг 346 хонадонли 271 та кўп қаватли, шунингдек, ипотека асосида 2 минг 500 та якка тартибдаги уйлар барпо этилмоқда.

- Мустақиллигимизнинг қутлуғ шодиёналари нишонланаётган паллаларда улкан ишларга бел боғланганини йирик кўламдаги қурилиш, бунёдкорлик ҳаракатларидан кўриб турибмиз.

- Андижон катта бунёдкорлик майдонига айланган, десак янглишмаймиз.Вилоят марказида умумий қиймати 140 млрд. сўм бўлган темир йўл устидан ўтувчи кўприк қурилиш бошланди.

Андижон шаҳри ва Янги Андижон туманини боғловчи метро қурилиши ҳамда "Андижон халқаро аэропорти"ни реконструкция қилиш бўйича тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда. Металлни қайта ишлаш корхонасини (заводини) ишга тушириш ҳамда электромобиль ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш ҳам доимий эътиборимизда.

Президент ташрифи баёнига асосан умумий қиймати 20,6 триллион сўм бўлган 606 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, қарийб 65 мингта янги иш ўрни яратилмоқда.

- "Маҳаллабай" ва "хонадонбай" ишлаш орқали оилавий тадбиркорлик ривожлантирилмоқда. Қолаверса, бу ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришда ўзига хос мактаб бўлмоқда.

- Давлат раҳбарининг ташаббуси билан "Лидер тадбиркор"га аҳоли хонадонлари билан кооперацияни йўлга қўйиш юзасидан 40 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиб берилди. Маҳаллалардаги ишсиз ва даромадсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка йўналтириш асосий вазифаларимиздан. "Темир дафтар", "Ёшлар дафтари", "Аёллар дафтари"га киритилган жами 146 минг нафардан зиёд фуқароларга хар томонлама амалий ёрдам кўрсатилди ва моддий қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилди.

Жорий йил бошида 150 мингнафар ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича "Йўл харитаси" ишлаб чиқилган. Унга биноан жорий йилнинг 7 ойи мобайнида 113 минг нафарфуқаро доимий иш ўринларига эга бўлди. Қишлоқ хўжалиги соҳаси билан шуғулланиш истагини билдирган 58 минг нафар ишсиз фуқарога 10 сотихдан ер майдони ажратиб берилди.

Аҳолининг кам таъминланган қатлами, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан хайрли ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Мустақилликнинг олий неъматларидан бири - инсон омилига, унинг ҳаёти ва тақдирига ҳамиша бағрикенглик билан ёндашиш муҳити яратилганлиги, деб ўйлайман.

Яна бир жиҳатга тўхталмоқчиман. Болалар шаҳарчасидаги 68 нафар тарбияланувчини 68 нафар сектор раҳбарлари фарзандликка олди. Мақсад, жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси ўзини тенг ва тўлақонли бахтли ҳис қилиши зарур. Чунки боланинг бегонаси бўлмайди. Тарбияланувчиларнинг оила муҳитида, ота-она қарамоғида меҳр ва тарбияни тўкис олиши таъминланади.

Тақдирнинг аччиқ қисмати туфайли бундай даргоҳларга, меҳрибонлик уйларига келиб қолган болаларнинг масканга келган дастлабки кунлариданоқ ибратли оилаларга берилиши, раҳбарларга фарзандликка бириктирилиши масалаларини ҳам жиддий ўйлаб кўриш фурсати етди. Ўйлайманки, меҳр-оқибат, дарёдиллик, тадбиркорлик билан ўрнак бўлаётган Андижон бу борада ҳамтажрибасини намуна қилади.

Бундан ташқари, Болалар шаҳарчаси тарбияланувчиларининг уй-жойга муҳтож 36 нафаринижорий йил 1 октябрга қадар уй-жой билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Замонавий ҳаётни бугун илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди, инсоният фан ўқи атрофида айланаётгандек гўё. Жаҳоннинг етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Негаки, мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқдир.

Президентимиз ҳар бир нутқларида янги Ўзбекистон келажагини таълим сифати орқали кўрмоқдалар. Халқ таълими тизимидаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, умумтаълим мактабларида ўқитувчилар ва ўқувчилар учун барча шарт-шароитлар яратил-япти. Хусусан, вилоятимизда сўнгги 5 йилда мактабларнинг моддий-техника базаси яхшиланиб, 26 та янги таълим маскани фойдаланишга топширилди. Ўқитувчи ва мактаб раҳбарларининг иш ҳақи 2016 йилга нисбатан ўртача 2,5 бараварга, тарбиячилар ойлиги ўртача 2,3 бараварга оширилди. 2019-2020 ўқув йилида 6757 нафар (16,9%) йигит-қиз олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.

Президентимиз "Ёшлар - миллатимизнинг фахри, эртанги кунимизнинг энг катта кучи," дея таъкидлайдилар. Юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатдош кадрлар тайёрлаш мақсадида сўнгги йилларда вилоятимизда олийгоҳлар сони 7 тага етказилди, 2 та хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари очилди. Жорий йилда яна 2 та олийгоҳларни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда (Ҳиндистоннинг Глокал унивeрситeтини филиали, Хўжаободда Текстил институти). Ҳолбуки, 2016 йилда вилоятимизда олийгоҳларнинг сони 4 та эди. Қисқа муддатда бу борада қарийб икки баробар ўсишга эришилди.

Кадрлар тайёрлаш ва мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастурлари қабул қилинганлиги таълим-тарбия соҳасида эски қолип ва асоратлардан ҳоли,барчанинг ҳавасини келтирадиган янги тизим ҳаётга татбиқ этилгани тарихий жараён бўлди. Мустақил ва эркин фикрлайдиган, замон талабига жавоб берадиган авлод шаклланмоқда. Улар Ватанимизнинг эртанги кунини, тақдирини ўз қўлига олишга қодир фарзандлардир. Энди фақат таълим жараёнини жаҳон андозаларига мос равишда йўлга қўйиш билан бир қаторда, болаларнижисмонан соғлом ва бақувват,дунё спорт майдонларига бемалол чиқа оладиган этиб тарбиялаш малакаси янги босқичга кўтариляпти. Бу борада болалар спортини ривожлантириш йўлида катта қадамлар қўйилганлиги бежиз эмас.

Айни пайтда мамлакатмиқёсида спортнинг оммавийлигини янада ошириш, жаҳон ареналарини забт этиш, ҳар томонлама юксак профессионал спортчилар етиштириш йўлида комплекс чора-тадбирлар кўрилаётир. Бунда ҳар бир ҳудуд, ҳар бир туманнинг ўзига хос жиҳатлари ҳисобга олинмоқда.

Жумладан, Андижонимизда дунёни лол қолдираётган "чарм қўлқоп" усталари авлоди шаклланмоқда. Шунингдек, муз спортининг истиқболларини кўзлаб, халқаро андозаларга жавоб берадиган муз саройининг бунёд этилиб, фойдаланишга топширилиши хайрли ҳаракатларимиз учун дадил қадамдир.

Бугун транспорт оқими тез суръатлардакўпаяётганлигини ҳисобга олсак, кўча ва йўллар қурилиши диққат-эътиборимиздаги асосий масалалардан бири эканлиги ҳам аён бўлмоқда. Шунингдек, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида биргина 2021 йилнинг ўзида дастлабки босқичда 10 та, кейин 20 та замонавий автобуслар келтирилди. Истиқлол тантаналари арафасида тўйга тўёна сифатида яна шундай транспорт воситасининг 20 таси хизмат қила бошлайди.Халқимиз манзилларига янги автобусларда, хавфсиз, арзон ва қулай ҳолда етиб олаётганидан мамнун.

Шаҳар ва туманлар марказларининг меъморий қиёфасини яхшилаш, уларнинг жозибадорлигини ошириш, асосий туристик йўналишларда замонавий объектлар қурилаётгани ҳам вилоятимиз кўркига кўрк қўшаётир. Андижон шаҳрининг марказий қисмида "Наврўз малл" замонавий савдо мажмуаси ташкил этилди. Хўжаобод туманининг қозоқ маҳалласида замонавий кўп қаватли турар жойлар, мактаб, боғча ва савдо-маиший хизмат мажмуаси қурилди. Андижон шаҳри марказида "Ўзбегим" замонавий савдо, умумий овқатланиш ва кўнгилочар мажмуалари ташкил этилди. Бу, албатта, вилоятимиз ижтимоий ҳаётида йирик воқеалар сирасидан.

Сўнгги беш йил ичида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида аҳолининг барча қатламига, айниқса, узоқ қишлоқ аҳолисига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича олиб борилаётган кенг ислоҳотлар бугун давлат сиёсатининг бош мақсадига айланганлигининг ўзи бир бир воқелик.

Хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликда 120 дан зиёд мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. 112 нафардан зиёд мутахассислар дунёнинг етакчи клиникаларида малака ошириб келдилар.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида туғма юрак нуқсонли бемор болаларда биринчи марта сунъий қон айлантириш аппаратлари орқали очиқ юрак операциялари йўлга қўйилди ва 20 дан зиёд бемор болаларда мураккаб юрак жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди.

Жорий йилда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази биноси реконструкция қилинди, хирургик блок биноси янги қурилди, 28 та ихтисослик бўйича юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши йўлга қўйилди. Гемодиализ маркази ташкил қилиш бў-йича ишлар жадаллик билан олиб бориляпти.

Вилоятда янги тузилма қишлоқ жойларда ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатувчи 67 та қишлоқ оилавий поликлиникалар ташкил этилди. Ҳар бир ҚОП умумий амалиёт шифокорлари билан биргаликдасоҳа мутахассислари - гинеколог, педиатр, терапевт, хирург, стоматолог ва ультратовуш диагностикаси врач мутахассислари билан таъминланди. Масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш, тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина хизматини йўлга қўйиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусий клиникалар сони сўнгги йилларда 300 тагаортди. Дори-дармон таъминоти яхшиланди. Мамлакатимиз тиббиёти тарихида биринчи марта хусусий клиникаларга деярли барча йўналишларда, хусусан, абдоминал жарроҳлик, торакал жарроҳлик, нейрохирургия, онкология, травматология ва болалар жарроҳлиги бўйича лицензия беришга рухсат этилди.

Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, одамлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тар-ғиб этиш нафақат тиббиёт соҳаси, балки бутун жамиятимиз олдидаги долзарб вазифадир. Ҳар бир инсон ўзсоғлиги ҳақида аввало ўзи ўйлаши, ғамхўрлик қилиши керак. Айниқса, коронавирус пандемияси бутун ер юзида, жумладан, юртимизда ҳам давом этаётган ҳозирги пайт-да бунинг аҳамияти беқиёсдир.

- Бугунги ва эртанги тараққиётимизга бевосита боғлиқ бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасида қандай таркибий ўзгаришлар амалга оширилмоқда? Шу хусусда ҳам айтиб ўтсангиз.

- Қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштиришда анъанавий ёндашувлардан воз кечиб, деҳқонлар даромадини кўпайтирадиган, экспортга йўналтирилган маҳсулотларни етиштириш устида тинмай изланишлар олиб борилмоқда. Қарийб 79 минг гектар ерга экилган пахта майдонларида "оқ олтин"имиз меҳр билан парваришламоқда. Мақсад камида 40 центнердан ҳосил йиғиб олишдан иборат.

Энди деҳқон ва фермерлар, кластер хўжаликлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг ҳақиқий эгасига айланди.Шу мақсадда жорий йилда амалга ошириладиган пахтачилик, паррандачилик, пиллачилик ва чорвачилик йўналишида кластер тизимини кенг жорий этиш билан соҳанибарқарорлаштиришга ҳамда вилоят иқтисодиётини миришкор деҳқонларимизнинг сайъ-ҳаракатлари биланюксалтиришга эришамиз.

Ўтган 2020 йилда вилоятда 79,4 минг гектарда етиштирилган пахта майдонларининг ҳар гектаридан олинган ҳосилдорлик вилоят бўйича ўртача 33,8 центнерни ташкил қилиб, ялпи ҳосил 268,2 минг тоннадан ошиб кетди. Шартномавий режа 107 фоизга бажарилди. Йиллар бўйича таҳлил қилинганида, вилоятда пахта етиштиришда ҳосилдорлик даражаси ортиб бораётганини кўрамиз.

Қисқа фурсат ичида кластер корхоналари томонидан пахтани ва чигитни қайта ишлаб, ёғ-мой ҳамда тўқимачилик ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ишга туширилиши ҳисобига минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда.

Хўжаобод туманидаги "Хўжаобод Файз М" МЧЖ пахта тўқимачилик кластер корхонаси Булоқбоши ҳамда Хўжаобод туманларида пахта хом-ашёсини етиштириш учун бириктирилган. Ушбу корхона томонидан пахта толасидан тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришгача бўлган цикл тўлиқ яратилган. Корхонада 3000 нафарга яқин ишчи йилига 8 млн. АҚШ долларига яқин тайёр маҳсулотлар экспортини йўлга қўйган.

Корхонада ҳозир ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш фаолияти ҳам йўлга қўйилди. 11,5 млрд.сўм инвестициялар ўзлаштирилиб, йилига 3000 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Ҳукуматимиз томонидан ғаллачилик тармоғида ҳам янги тизим асосида кластер корхоналарини ташкил этиш сиёсати соҳада ютуқларга эришиш омили бўлмоқда. Йиллар бўйича таҳлил қилинганида вилоятда ғалла етиштиришда ҳосилдорлик даражаси 2020 йилда 2016 йилга нисбатан 1,2 центнерга, 2017 йилга нисбатан 5,2 центнерга, 2018 йилга нисбатан 2,7 центнерга ва 2019 йилга нисбатан 4,3 центнерга ошган.

Қўрғонтепа туманидаги "Хантекс Гроуп" МЧЖкластер корхонасида пахтачилик, ғаллачилик, мойли ва дуккакли экинларни етиштиришда илғор технологияларни қўллаш мақсадида инновацион илмий-амалий ишлаб чиқариш маркази ташкил этилган. Америка, Германия, Исроил, Франция, Россиянинг нуфузли илмий компаниялари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

- Ўттиз йил. Тарих учун бир сониялик муддат бўлиши мумкин, лекин она Ватанимиз тараққиёти саҳифаларида ёрқин из қолдиради. Истиқлол байрамини кўтаринки руҳ, улкан натижалар билан кутиб олишимиз керак. Бу жараёнда туман ва шаҳар ҳокимлари фаолияти қандай бўлиши керак?

- Халқимизни рози қилиш учун янги қирраларни, янги фаолияти имкониятларни топишимиз зарур. Мамлакат тараққиёти йўлида ўзини аямасдан хизмат қилаётган ҳар бир инсон - қайси соҳада, қайси вазифани бажармасин, бу ютуқларда менинг қандай ҳиссам бор, дея ўзига ҳисобдорлик, танқидий-таҳлилий назар ташлаши лозим.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча матбуотда эълон қилинган "Янги Ўзбекистон" газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига берган жавобларини қайта-қайта ўқиб чиқдим. Янги Ўзбекистоннингдемократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланаётганини чуқур таҳлил қилиб берибдилар. Айниқса, "Янги Ўзбекистонни барпо этиш - бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир", деган таъкидлари биз, вилоят, шаҳар ва туман раҳбарлари, қўйингки, ҳар бир ташкилот, корхона мутасаддилари учун дас-туриламал бўлади.

Бугун одамлар уйғонмоқда, жамият уйғонмоқда. Маънавий уйғоқ жамият - бу, ҳеч шубҳасиз, қудратли кучдир, дедилар. Ва ҳокимларнинг иш фаолиятига "...жойларда ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши биринчи навбатда ҳокимларга, уларнинг билим ва тажрибаси, ишбилармонлик хусусиятларига боғлиқ. Энг муҳими, улар одамларнинг ишончини қозонган бўлиши шарт. Аҳоли жойлардаги раҳбарларга, уларнинг иши, хизмат ва муомала маданияти, сиёсий, ҳуқуқий ва ахлоқий савиясига қараб, давлат ҳокимиятига баҳо беради. Лекин очиқ айтадиган бўлсак, ҳокимлар, умуман, қуйи бўғиндаги раҳбарларнинг барчаси ҳам эл-юрт ўртасида етарли обрў-эътиборга эга эмас", деятанқидий-таҳлилий баҳо бердилар.

Дарҳақиқат, халқнинг ўй-ташвишлари, қувончу муаммоларини ўйлаб яшаш ҳар қандай раҳбарнинг биринчигалдаги вазифасидир. Элнинг фаровонлиги, бозорларнинг баракаси, дастурхонларнинг тўкинлиги, қўйингки, одамларнинг кайфияти шу юртни бошқариб турган раҳбарга кўп жиҳатдан боғлиқ.

"Андижоннома" газетасининг auz.uz ижтимоий-сиёсий сайти "Сиз ҳокимингизни танийсизми?"лойиҳасини амалга оширяпти. Биласизми, жамоатчилик назорати, сўрови тарзидаги лойиҳа кўплаб маҳаллий ҳокимларимизни ҳушёр торттириб қўйди. Оддий одамларнинг мулоҳазалари, қарашлари раҳбарлар фаолиятига жамоатчилик баҳосини берди-да!

- Бу йил мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеа - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Умуман олганда, сайловлардан сайловларга у маҳаллий Кенгашларга ёки Парламентга бўлишидан қатъи назар, одамларнинг қарашлари бутунлай ўзгариб бораяпти. Бугунги депутатлар фаолиятини қандай баҳолайсиз?

- Тизимдаги қонунчилик мустаҳкамланиб, жаҳон андозалари даражасига кўтариляпти. Турли даражадаги сессияларда халқ ишонган вакиллар - депутатларнинг янгича фикрлайдиган корпуси майдонга чиқаётганлигини ҳис қилаяпмиз. Бугунги депутат кечаги депутатдан салоҳияти, мақомига кўратамомила фарқ қилади. Энди кўприк, йўл, транспорт, турли қурилиш муаммолари кўндаланг қўйилмайдиган бўлди. Халқнинг дилидаги гаплар, ҳаётга бошқача қараш, инсоний қадриятлар, "Бугун нима қилсак, эртага яхши бўлади", деган саволга жавоб топиш иштиёқи устун турибди.

Бу жараёнда маҳаллий Кенгаш депутатларидан фидокорлик, уйғоқлик, дахлдорлик талаб қилинаётир. Ваколати доирасидаги масалаларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ўрганиш лозим. Уларни ҳудудлар ҳамда умумдавлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал этишда амалдаги қонунчилик асосида малакали фаолият олиб бориш зарур. Қайноқ ҳаёт ўртага қўяётган масалаларни сессияларнинг кун тартибига олиб чиқиш керак. Қонунчиликка оид ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ҳар бир депутат ўз таклиф ва мулоҳазаларига эга бўлмоғи даркор.

Жойларда халқ билан мулоқотлар чоғида одамларнинг ҳуқуқий билими, сиёсий фаоллиги ошгани ҳам яққол намоён бўляпти. Улар ўз шахсий муаммоларини эмас, кўпроқ ҳудудларга, жамиятга дахлдор масалаларни ўртага қўйишади. Соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотларни таҳлил қилиш асосида саволлар беришади. Бу йилги сайловга халқимиз катта ишонч билан ҳозирлик кўряпти. Улар чуқур мулоҳаза қилган ҳолда, кимга овоз беришни, мамлакат тақдирини кимга ишониб топширишни холис ҳал қилади, албатта.

Ўтганйил сарҳисоби ҳақида ўйлаганда, бугунги фаровон ҳаётга эришишимизга муносиб ҳисса қўшган кекса авлод вакилларининг иззат-ҳурматини жойига қўйиш, муҳтарам фахрийларимизнинг руҳини, кўнглини кўтариш, улар учун эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш борасида қилинган ишлар кўз ўнгимизда намоён бўлади. Вилоятимизда хонадонларимиз кўрки бўлган кексаларимизни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида муайян тизим асосида иш юритилмоқда. Биринчинавбатда ёлғиз қариялар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш жараёнининг мустаҳкамланиши, бу йўналишда қабул қилинган давлат дастурида 5-6 йилга мўлжаллаб режалаштирилган ишлар эътиборга сазовор, десак арзийди.

Вилоятимизда фахрийларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, даволаш ва ижтимоий хизмат муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бў-йича режали ишлар амалга оширилди.

Атрофга синчковлик билан назар ташлайлик. Ҳаёт шиддат билан ўтиб бормоқда. Ҳар бир кун онгу тафаккуримизда янгича ўзгаришлар ясамоқда. Бу - мустақилликнинг шарофати.

Ватанимиз мустақиллигининг шонли 30 йиллигини эзгу ва олийжаноб ниятлар билан кутиб олаяпмиз. Истиқлолнинг истиқболли иморатига ҳар биримиз салоҳиятимизни, куч-ғайратимизни, борлиғимизни бахшида этиб, биттадан пишиқ ғишт қўя олсак, эзгу мақсадларимизга эришган бўламиз.

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.