Андижон 24

ДИҚҚАТ! «ВАТАНПАРВАР» ТАШКИЛОТИ ЖУРНАЛИСТЛАР ЎРТАСИДА ТАНЛОВ ЭЪЛОН ҚИЛАДИ!


17.07.2021   408

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти ташкил этилганига 30 йил тўлаётгани муносабати билан журналистлар ва блогерлар ўртасида "Ватанпарвар" ташкилоти - журналист нигоҳида" мавзуидаги республика танловини эълон қилинади.

Танловда мамлакатимиз ҳамда бошқа давлатларда яшовчи барча журналист ва блогерлар иштирок этишлари мумкин.

Танлов номинациялари:

- "Энг яхши теле-журналист";

- "Энг яхши радио-журналист";

- "Энг яхши босма ОАВ журналисти";

- "Энг яхши интернет-нашр журналисти".

Танлов иштирокчиларидан қуйидагилар сўралади:

- "Ватанпарвар" ташкилоти фаолияти, унинг ривожланиш йўналишлари, юртимиз ижтимоий ҳаётида тутган ўрни ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ахборот бериш;

- "Ватанпарвар" ташкилоти томонидан аҳоли, айниқса, ёшларни Ватанга садоқат, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар орасида спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштириш бўйича йўлга қўйилаётган янгича самарали тизимларни очиб бериш;

- республикамиз аҳолиси, шу жумладан, ёшлар учун "Ватанпарвар" ташкилоти тизимидаги спорт секциялари ва тўгараклари ҳамда оммавий техник касбларга ўқитиш курсларида яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар ҳақида оммани хабардор қилиш;

- болалар, ўсмирлар ва ёшларда "Ватанпарвар" ташкилоти сафига кириш хайрихоҳлигини ва иштиёқини уйғотиш.

Танловни ўтказиш тартиби ва муддатлари:

- танлов бир босқичда ўтказилади;

- танлов комиссияси 2021 йилнинг 23 ноябрига қадар энг яхши ишларни танлаб, ғолиб ва совриндорларни аниқлайди;

- иштирокчилар ўз материалларини (яъни мақола, блог, кўрсатув, видеоролик, эшиттиришларни) жорий йилнинг 1 ноябрига қадар танлов комиссияси кўриб чиқиши учун қуйидаги манзилга юборишлари лозим:

100017, Тошкент шаҳри, Осиё кўчаси, 86-А уй, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий кенгаши.

Электрон манзил: matbuot@vatanparvar.uz

Телефон: (71) 235-52-63.

Танловга келган материалларни ўрганиш тартиби:

- танловга оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидение, радио, босма нашрлар, веб-сайтлар ёки мессенжер ва ижтимоий тармоқлардаги расмий канал ва саҳифаларда эълон қилинган материалларгина қабул қилинади.

- танлов комиссияси ҳар бир журналистик материални холислик ва шаффофлик принципларига асосланган ҳолда ўрганади.

Журналистлардан қабул қилинадиган материаллар:

- босма нашрлардаги материаллар даврий нашрларда, Интернетдаги мақолалар эса А-4 форматдаги қоғозда эълон қилинган сайт манбаси кўрсатилган ҳолда тақдим этилиши лозим. Ишнинг ҳажми - 1,5 интервалда, Times New Roman, 14 шрифтда бўлиши керак.

- телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар дискка кўчирилган ҳолатда тақдим этилиши лозим (техник носоз деб топилган ишлар кўриб чиқилмайди).

- материал ёзилган электрон манба (CD, DVD, flash) танлов ишига илова қилинади.

Титул варағида қуйидагиларни кўрсатиш лозим:

- муассаса номи, почта индекси ва манзили;

- иш мавзуси;

- муаллиф ҳақида маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи, почта индекси, уй манзили, телефон рақами);

Юқоридаги талабларга жавоб бермайдиган ишлар танлов комиссияси томонидан кўриб чиқилмайди.

Қабул қилинган ишлар қайтарилмайди.

Ғолибларни тақдирлаш:

- танлов ғолиблари "Ватанпарвар" ташкилоти ҳисобидан харид қилинган ва тайёрланган қимматбаҳо совғалар ва дипломлар билан тақдирланади;

- ғолиблар жорий йилнинг 23 ноябрида - "Ватанпарвар" ташкилоти ташкил топган кунга бағишланган тантанали маросимда тақдирланади.

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи

"Ватанпарвар" ташкилоти Матбуот хизмати.