Андижон 24

Халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессияси: КУН ТАРТИБИДА МУҲИМ МАСАЛАЛАР


10.07.2021   404

Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг йигирма бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда кун тартибига қўйилган еттита масала юзасидан суд-ҳуқуқ идоралари раҳбарлари ахборот бердилар.

Жумладан, вилоят суди раиси Талъат Мелибоев суд идоралари томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Зикр этилаётган муддатда қонунийлик ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш ҳолати бўйича вилоят прокуратураси, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида ички ишлар бошқармаси мутасаддиларининг ахборотлари тингланди.

Адлия бошқармаси бошлиғининг ахборотида эса норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати бўйича рўёбга чиқарилган ишлар хусусида маълумот берилди.

Мажбурий ижро бюросининг ҳисоботида ўтган давр оралиғида суд ҳужжатлари ижроси юзасидан амалга оширилган юмушлар таҳлил этилган бўлса, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири тадбиркорларнинг мурожаатлари, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалаларига эътибор қаратди.

Сессия ишида, шунингдек, вилоят божхона бошқармаси томонидан ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш, товарлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импортни оптималлаштириш юзасидан биринчи ярим йилликда ҳаётга татбиқ қилинган вазифалар ҳақидаги ҳисобот тақдим этилди.

Якунда Халқ депутатлари вилоят кенгаши томонидан ҳудуд ижтимоий-иқтисодий тараққиёти билан боғлиқ истиқболли режаларни рўёбга чиқариш мақсадида бир қатор қарорлар қабул қилинди.