Андижон 24

ХАРИДОР ОМБОРДАН КЎМИР БИЛАН ҚАЙТАДИ


11.10.2021   426

Халқимизнинг "Қиш ғамини ёзда қил" мақоли бежиз айтилмаган. Қуёшли кунларда кўмир, ўтин ғамлаганлар аёзли фаслда зориқишмайди.

Вилоятимиз аҳолиси, ижтимоий соҳа объектларига кўмир етказиш "Кўмиртаъминот" масъулияти чекланган жамиятининг Андижон вилоят филиали зиммасида. Эҳтиёжмандларни кўмир билан таъмилаш қай аҳволда?

Мухбиримиз филиал раҳбари Баҳодир Султонов билан шу мавзуда суҳбатлашди.

Ҳар бир ишга аниқ режа асосида киришилганида якуни кутилганидек бўлади. Шу нуқтаи назардан вилоятимизга кўмир келтириш режасининг бажарилиши бўйича маълумот берсангиз?

Аниқ ҳисоб-китоб билан иш ташкил этганмиз. Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига 2021-2022 йиллар куз-қиш фаслида фойдаланиши учун жами 309 минг 476 тонна кўмир олиб келиниши керак. Шундан аҳолига 210 минг тонна, ижтимоий соҳа объектларига эса 99 минг 476 тонна ёқилғи етказиб берилиши белгиланган. Масъулиятли вазифани вақтида бажариш, юртдошларимизни рози қилиш чораларини кўряпмиз. Аввалги йиллардагига қараганда барвақт август ойида кўмир келтиришга киришдик. Шу кунгача ижтимоий соҳа объектларига жами 99 минг 556 тонна кўмир етказилди. Бу белгиланганидан 80 тонна кўпдир.

– Айтганларингизга кўра таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари эҳтиёжи ортиғи билан таъминланибди. Аҳолига кўмир етказиш ҳам шундай тарзда давом этяптими?

Ижтимоий соҳа объектлари қаторида аҳолига кўнгилдагидек хизмат кўрсатиш кун тартибида турибди. Айни кунгача аҳолига 46 минг 213 тонна Ангрен кўмири тарқатилди. Мисол тариқасида айтсам, 3 октябрь куни учта вагонда 208 тонна кўмир омборларга туширилди. Асака, Шаҳрихон, Избоскан, Пахтаобод, Қўрғонтепа, Жалақудуқ туманларидаги омборларда 5 минг 384 тонна кўмир захираси мавжуд.

Тартибли тарзда иш юритиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан тақдим қилинган эҳтиёжмандлар рўйхатига мувофиқ ёқилғини маҳаллаларга ҳам етказиб беришни йўлга қўйдик.

– Аҳоли айни кунларда омборларга бориб қийналмасдан кўмир харид қилаоладими?

Албатта. Улар фуқаролик паспорти билан ўзлари яшаётган маҳалла фуқаролар йиғинидан маълумотнома тақдим қилишлари керак. Ҳар бир хонадонга 2 тоннадан, катта оилага 4 тоннагача ёқилғи ажратилади. Ангрен кўмирининг 1 тоннасини улгуржи нархи 300 минг 300 сўм. Импорт кўмирнинг баҳоси келтирилганидан кейин маълум қилинади.

Аҳолининг эҳтиёжини жадал, тўлақонли қондириш учун "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамияти билан аввалги йиллардагидан 30 минг тонна кўп кўмирга шартнома қилганмиз. Ангрен шаҳридан ёқилғи пешма-пеш жўнатиляпти. Омборимизга келган харидор уйига кўмир олиб қайтади.

Суҳбатдош: Аҳмадилло СОЛИЕВ.