Андижон 24

ХАЙРИЯТ СУВ КЕЛДИ...


06.10.2021   478

дея қувонган асакаликларнинг хафсаласи пир бўлди

"Обод қишлоқ" дастури доирасида Асака туманидаги Қайрағоч маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам тоза ичимлик суви келтирилди. Бундан аҳоли хурсанд бўлиб, ваниҳоят қўшни қишлоққа боришдек оворагарчиликдан қутуламиз эканда, дейишди.Аммо беш-олти ойдан буён яна эски ҳаммом, эски тос. Айрим кўчаларга ўрнатилган қувурлар қақраб қолди.Автоулови борлар машинасига, яна кимдир велосипедига ёки аравага идишларни ортиб қаердаги жўмракдантоза сув оқяпти экан, дея жовдирайди. Баъзи хонадонлар матор орқали ердан сув тортиб истеъмол қиляпти. Аммо махсус текширувдан ўтмаган ҳаёт манбаи кун келиб соғлиққа зиён етказмаслигини ҳеч ким кафолатламайди-ку.

Дадам, аям оғриқчан, дейдиХўжа кўчасида яшовчи Нигорахон Паттидинова. Зах сувни ичса олаётган дори-дармонлари беҳуда кетиши турган гап. Иложсиз бир километр узоқликдаги Бўзариқ қишлоғидан ташиймиз. Аввалига тўхтаб-тўхтаб оқиб турганди.

Ёш оналар эса истеъмолга яроқсиз сувни ичиб, чақалоғининг ичак фаолияти бузилаётганлигини айтишди. Шифокорлар аввало, сувингизни ўзгартиринг, деб маслаҳат беришаётган экан.

Аҳоли бу борада маҳалла раиси Эркинжон Абдуллаевга мурожаат қилган. У эса ҳокимиятга чиқишни маслаҳат беришдан нарига ўтмаяпти. Фуқароларнинг манфаати йўлида ўзи бош-қош бўлиш ўрнига бу қандай жавоб бўлди?

Афсуски, бажардингми бўлди, қабилидаги бу каби муаммолар турмушимизнинг ҳар жабҳасида учраяпти. Ваҳоланки, юртимизда олиб борилаётган одилона сиёсат негизида аҳолининг яхши яшаш масаласи турибди. Сув эса биринчи ўриндаги тириклик эҳтиёжидан бири.

Ҳувайдо ХЎЖАМҚУЛОВА.