Атрофга назар

Қабул – 2021 йил: МАРРАГА ЯҚИН ҚОЛДИ


17.08.2021   29

Вилоятимизда 2021-2022 ўқув йили учун олий ўқув юртларига кириш учун ўтказилган тест синовлари якунланди. Жараён белгиланган тартиблар асосида юқори савияда ўтказилди.

Жорий йилда Андижондаги олий ўқув юртлари бакалавриат таълим йўналишига кириш учун 55 минг 555 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлса, уларнинг 51 минг 618 нафари тест синовида қатнашди, 3 минг 937 нафари номаълум сабабларга кўра иштирок этмади.

– Тест синовлари Андижон шаҳридаги спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, “Баркамол авлод” стадиони, Теннис корти майдонларида бўлиб ўтди, – дейди Давлат тест маркази Андижон вилоят бўлими раҳбари Н. Тоштемиров.

Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудлар тўла дезинфекция қилинди. Синовга киришдан олдин абитуриентларнинг тана ҳарорати ўлчаниб, антисептик воситалардан фойдаланилди. Уларга тиббий ниқоб, иссиқдан сақланиш учун бош кийими берилди.

Икки сменада ташкил этилган синовларда бир кунда 6 минг 660 нафар талабгор қатнашди. 67 нафар абитуриент белгиланган тартиб-қоидаларни бузганлиги (шпаргалка, мобил алоқа воситаси, калькулятор, китоб варақлари олиб киришга уринган ва фойдаланишга ҳаракат қилгани) учун четлаштирилди, 3 нафар абитурентнинг тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлганлиги учун белгиланган тартибда далолатнома тузилди ва синовларга қўйилмади. 19 нафар ёшнинг яқинларидан каронавирус касаллигига чалинганлиги бўйича аризалар қабул қилинди. Кунлик келиб тушган аризалар ўз вақтидаinfo@dtm.uz электрон манзилига юборилди.

Тест жараёнида холислик ва шаффофликни таъминлаш учун доимий видеокузатув ўрнатилди. Онлайн режимда test2021.uz сайти орқали жараён 24 соат мобайнида тўғридан-тўғри эфирга узатилди.

Тадбирлар давомида амалга оширилган профилактик ишлар натижасида фуқаролар билан боғлиқ жиноят ва хуқуқбузарликлар содир этилмади. Шунингдек, абитуриентларни яшаш манзилларидан тест ўтказиладиган объектга ўз вақтида етиб келишини ҳамда хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳар куни барча шаҳар, туманлардан йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари кузатуви остида махсус автобуслар ташкил этилди.

Бундан ташқари, ҳар сменада 4 та тез тиббий ёрдам машинаси, 12 нафар тиббиёт ҳамда санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари фаолият юритди.

Муваффақият билимига, заковатига таянган ёшлар қўлида. Маррага яқин қолди. Яқуний жавоблар барчасини адолатли ҳал қилади.

Яҳёбек ҚОСИМОВ,

Давлат тест маркази вилояти бўлими етакчи мутахассиси.