Андижонда

ҚИЙМАТИ 650 МИЛЛИОН СЎМ БЎЛГАН ЯРОҚСИЗ ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ЙЎҚ ҚИЛИНДИ


14.08.2021   286

Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси ва унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан суд ҳужжатларига асосан, сифатсиз, муддати ўтиб кетган, истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб қолган озиқ-овқат, дори маҳсулотларини йўқ қилиш бўйича муайян олиб борилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳар бўлими иш юритувида бўлган, судлар томонидан тақдим қилинган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг тегишли бандларига асосан, сифати кафолатланмаган ва истеъмолга яроқсиз бўлган дори-дармонлар ҳамда тиббиёт воситаларини йўқ қилиш бўйича тадбир ўтказилди.

Тадбирда Андижон вилоят божхона бошқармаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Андижон вилояти бошқармаси ҳамда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакиллари иштирок этди.

Андижон “Дори-дармон” акциядорлик жамияти омборхонасида сақланаётган, жиноят иш материаллари бўйича ашёвий далил сифатида қайд этилган 10 000 дона “Lеykoplastir” тиббий воситаси, 427 қути “Kеto powеr”, 1 минг 805 қути “Еrovir”, 428 қути “Skinni six”, 248 қути “Otorin”, 1 минг 327 қути “Д-висион” деб номланувчи ва бошқа дори воситалари сифати кафолатланмаганлиги учун “Экотиббиёт” хусусий корхонасига қарашли қурилиш чиқиндилари полигонида ташкил этилган куйдириш печида йўқ қилинди.

Ҳеч бир тадбиркор, айниқса, пандемия шароитида яроқсиз ҳолга келиб қолган ёки сифатсиз дори воситалари сотилишига йўл қўймаслиги лозим.

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА