Андижонда

МАГИСТРЛИККА ДАЪВОГАР 8 НАФАР ТАЛАБА ИМТИҲОНДАН ЧЕТЛАШТИРИЛДИ


15.08.2021   340

Андижон давлат университетида магистратура мутахассисликлари бўйича кириш имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда.

2021/2022 ўқув йили учун Андижон давлат университети ва университетнинг Педагогика институтидаги мавжуд 23 та магистратура мутахассисликлари бўйича ўқишга кириш учун 2 минг 32 нафар талабгорнинг ҳужжатлари қабул қилинди. Магистратура таълим йўналиши бўйича мутахассислик (ихтисослик) фанларидан кириш имтиҳонлари график асосида 13-17 август кунлари 2 сменада, эрталаб соат 8.00 ҳамда кечки соат 16.00да ўтказилиши белгиланган.

Андижон давлат университетининг Педагогика институти биносида 6 та магистратура мутахассисликлари бўйича кириш имтиҳонларининг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида имтиҳон жараёнлари ўтказиладиган ҳудудларга видеокузатуви камералари ўрнатилди.

- Имтиҳон жараёнлари узликсиз “imtixon.edu.uz” платформаси орқали онлайн намойиш этиб борилди, - дейди Андижон давлат университети проректори Рустамжон Муллажонов. – Бундан ташқари, имтиҳон топширувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари жалб этилди. Имтиҳон жараёнларида карантин тартиб-қоидаларига тўла амал қилинади.

Биринчи куни имтиҳон топшириши режалаштирилган 420 нафар талабгордан 373 нафари имтиҳонда қатнашди, 97 нафари номаълум сабабларга кўра иштирок этмади. Шунингдек, 8 нафар абитуриент имтиҳон жараёнлари вақтида таъқиқланган воситалар (телефон, шпаргалка, турли алоқа воситалари)дан фойдалангани учун тегишли далолатнома тузилиб, имтиҳондан четлаштирилди, 15 нафар абитуриент эса кеч қолиб келганлиги учун имтиҳонларга қўйилмади.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (сурат).