Андижонда

МАҲАЛЛА ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИ ЯНГИ БИНОДА ИШ БОШЛАДИ


03.09.2021   605

Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги Жалақудуқ маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Туман ҳокими Ҳикматулло Латипов, сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида маҳаллаларнинг янги идораси очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда маҳалла тизимига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, маҳалла фуқаролар йиғинлари учун мослаштирилган янги бинолар барпо этилиб, самарали фаолият олиб бориш учун зарур шарт-шароитлар яратилаётганлиги таъкидланди.

Маҳалла фуқаролар йиғини идораси давлат шерикчилиги асосида тадбиркор Ихтиёржон Ортиқов томонидан барпо этилди. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини ёнида тикувчилик цехи барпо этилди, келгусида яна нон ишлаб чиқариш цехи қурилиб ишга туширилиши, 15 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

– Ҳозирда 3 минг 200 нафарга яқин аҳоли яшайдиган маҳалламизнинг идораси 1928 йилда қурилган бинода иш олиб борар эди, – дейди Жалақудуқ МФЙ раиси Саодатхон Тошланова. – Очиғи, биномиз яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Ҳукуматимизнинг эътибори, туман ҳокимлиги ва тадбиркорнинг кўмаги билан ушбу бино бузилиб, ўрнига маҳалла идораси учун замонавий ва кўркам янги бино қуриб берилганлигидан жуда хурсандмиз. Раис, ўринбосарлари, профилактика инспектори учун алоҳида-алоҳида хоналар мавжуд бўлган бинода самарали фаолият юритиш учун зарур барча шароитлар яратилган.

Туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан маҳалланинг янги биносига мебеллар ҳамда бошқа зарур жиҳозлар топширилди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (сурат).