Андижон 24

МАКТАБ ҚУРИЛИШИДА ДЕПУТАТ ФАОЛЛИК КЎРСАТДИ


11.10.2021   360

Депутат - халқ вакили. У сайловчилар ишончини оқлаш учун жонсараклик билан ҳаракат қилиши керак.

Кўпчиликка юзма-юз бўлиш, кишилар сўзига қулоқ тутиш, тўғри хулоса чиқариши ишини илгарилатади. Эл ишончига сазовор бўлади. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутати, тажрибали қурувчи Рустамжон Хожибоевнинг фаолияти бунинг мисоли.

Рустамжон иши тиғиз бўлишига қарамай сайловчилар билан тез-тез учрашишга ҳаракат қилади. Сидқидилдан суҳбатлашиб, қонунчиликдаги янгиликлар, ўзгаришларни тушунтиради.

Чекка Шайдо қишлоғи аҳолиси вакиллари учрашув чоғида кўнглини очишди.

- Кўпдан буён бир масалада маслаҳатлашиш ниятида эдик, - деди даврадаги оқсоқоллардан бири. - Фарзандларимиз, набираларимиз қўшни қишлоқдаги мактабга анча йўл босиб боришади. Шаҳрихонимиздаги кенг кўламдаги бунёдкорликка ҳавасимиз келади. Маҳалламизда ҳам мактаб қурилишини орзу қиламиз.

Тажрибали қурувчи депутат сифатида сайловчиларнинг таклифини қўллаб-қувватлади. Қурилиш учун лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашда жонкуярлик қилди.

Кўпчиликнинг ҳаракати билан Шайдо қишлоғида 330 ўринли мактаб қурилишига киришилди. ХурсандбекРайимбердиев раҳбарлигидаги "Фирдавс замин барака" масъулияти чекланган жамияти бинокорлари шу кунларда объектда пардозлаш ишларини бажаряптилар.

Янги мактабни кўркам, замонавий талаблар асосида тикланаётганидан каттаю кичик хурсанд. Депутат Рустамжон Хожибоевнинг кўпчилик олдида юзи ёруғ.

Хурсандбек АРАББОЕВ.

Суратда: қурувчилар амалга ошираётган ишлар юзасидан маслаҳатлашаётган пайт.