Андижон 24

МАЪНАВИЯТГА ЭМАС «ПИАР»ГА ХИЗМАТ ҚИЛАЁТГАН ДАСТУРЛАР


05.10.2021   451

Ёхуд кўрсатувлар кўришга арзийдими?

Шиддатли ахборот асри ҳар бир соҳага ўз таъсирини ўтказди. Кечаги кунни бугунга солиштиришнинг умуман иложи йўқ. Соатлар, дақиқалар эмас, сониялар ичида дунёда катта ўзгаришлар юз беряпти. Ҳаёт тарзи, яшаш шароити, миллий менталитет ҳам замон талабига мослашмоқда. Соҳалар ўртасидаги баҳс-мунозара, ким ўзарга яшаб қолиш ва шу соҳада юксак марраларни эгаллаш бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бирига айланиб қолди.

Ҳар бир соҳанинг этикет қоидалари бўлгани каби журналистика касбининг ҳам тартиб-таомиллари, саҳна ва нутқ маданияти, миллийликка эътибори юксак даражада бўлмоғи даркор. Соҳа таназзулга юз тутмаслиги ёки "олтин ўрталиқ"нисақлаб қолиш учун кураш авжида. "Одамлар телевизор кўрмай қўйди", "ҳеч кимгазета ўқимаяпти..." ҳаммада шу гап. Лекин телевизорни ёқсангиз, кўрсатувлар савияси пастлигидан, улар нега эфирга узатилаётганидан ҳайрон қоласиз.

Ўзбек оилалари асосан нонушта ва кечки овқатда бир дастурхон атрофида жамланадилар. Табиийки, оила даврасида биргалашиб ойнаи жаҳон томоша қиладилар. Шундай пайтларда қайнона-келин, бобо-набира бирга кўрса бўладиган дастурларимиз борми?

"МY5" телеканалининг энг машҳур кўрсатувларидан бири анчагина таниқли, ўзининг мухлисларига эга Амирхон Умаров муаллифлигидаги "Очиқчасига гаплашамиз" шоу-дастурини олайлик. Номи ўзидан келиб чиқиб, шоу тарзида давом этадиган, Россия телеканалларидаги "Пусть говорят" кўрсатувининг деярли ўзбекча талқинишов-шувларга сабаб бўлмоқда. Муаммога ечим қидириш мақсадидамавзу ўртага ташланади. Ҳамма келган жойидан бақир-чақир қилиб гапиришни бошлайди, қизишиб кетганда сўкиниш ҳоллари ҳам учраб туради. Бошловчи гапириб турган одамни шартта тўхтатиб, бошқа иштирокчига сўз беради,дастурда қатнашаётган имом домлалар беҳаёликдан кўзларини чирт юмиб ўтирадилар. Мавзулар ҳам теша тегмаган - "Интернетда шовқин кўтарганлар - "1-,2-,3,-4,-5...", "Санъатдаги низолар", "Дадам бизга керакмас", "Келиним ўғри" ва ҳоказо. Тиктокерлар ҳақидаги кўрсатувдан сўнг унча-мунча тик-токка қизиқмайдиганлар ҳам интернетдан бери келмай қолди. Муаммо эса ечилмай қолаверади. Оломоннинг ғала-ғовури билан кўрсатув тамом бўлади.

"Sevimli" телеканали ор-қали эфирга узатилаётган "Маҳаллада дув-дув гап" кўрсатуви ҳақида ёзишдан олдин кўрсатув билан қизиқдим. Бу дастур бадиий кенгашдан қандай ўтди экан?! Олиб чиқилган маиший-оилавий муаммоларни кўриб-эшитиб, воқеа-ҳодисалар бизнинг юртимизда бўлаётганлигига ишонгим келмади. Асосан оилавий ажримлар, маиший муаммолар бўлишига қарамай, очиқ-ойдин тажовуз, хиёнат, ётоқхона мавзулари ўта бўрттирилган тарзда намоён бўлмоқда. Худдики, чет элнинг тўқима фильмларига ўхшайди. Ҳозирги жамиятимизда қабоҳат ичида яшаётган инсонлар борлигини шу кўрсатув орқали билдим.

Бундан ташқари, янги ташкил қилинган, "Ёр-ёр" кўрсатуви замонавий совчилик ролини қойилмақом амалга оширмоқда. "Zo‘r TV" телеканалидан эфирга берилаётган бу дастур бир қарашда савобли ишларни амалга ошираётганга ўхшаса-да, бошловчилар содда қишлоқ йигит-қизларини устидан кулаётгандай.

Бир сонида "хотинидан калтак еган" йигит, бошқасида эса, "уй бекаси" вазифасини адо этаётган эркак талабгор ўз бахтини қидирди. Балки иштирокчиларҳаяжондан ўзларини йўқотиб, фикрини аниқ ифодалолмас. Ахир камера қаршисида терга ботиб, сўзини йўқотиб қўядиганлар қанча? Кўрсатув жонли эфирга узатилмайди, шундан келиб чиқилса, кадр ортида иштирокчиларга нутқ тайёрлаб бериш зарурдир балки? Ёки атайин кўрсатув рейтингини ошириш учун шундай масхарабозликлар ўйлаб топилармикин? Нима бўлса ҳам таниқли журналист Муҳаббат Ҳамроевага бундай бачканадастурларга муаллифлик қилиши ярашмайди. Санаб ўтилган кўрсатувлар энг машҳурлари эди, холос.

Шунингдек, "Алдама мени", "Хафа бўлиш йўқ", "Comedy Қ" каби ғийбат ўчоғига айланган дастурларни "кўнгилочар" деб эфирга узатилиши ҳам ҳайратланарли.

Муаммоларни ҳал қилишга қаратилган, миллийлигимизни тарғиб қилган, ёшларга ўрнак кўрсатиши керак бўлган, тарбиявий-ахлоқий аҳамиятга эга кўрсатувларни кўпайтириш ўрнига шунчаки шов-шув қилиб, маънавиятга эмас, "просмотр" га хизмат қилаётган, рейтингчи дастурлар авж олаётгани ачинарли ҳол. Булар орасида томошабинни янада "ҳаяжонга" солувчи сериал ва рекламалар ҳам борки, бу - энди алоҳида мавзу.

Хулоса шуки, танлов сизники телевизор пульти қўлингизда хоҳланг бошқа каналга олинг, хоҳланг қизил тугмани босинг.

Моҳигул СИДДИҚОВА.