Андижон 24

МУКОФОТ МУБОРАК!


14.10.2021   531

МЕН БАХТЛИ ПЕДАГОГМАН

Қашқадарё олий ҳарбий авиация билим юртида таҳсил олаётган ўқувчим Асадилло Маҳмуджонов қўнғироқ қилиб “Устоз табриклайман, мукофот муборак” деди. Ҳайронман, “қанақа мукофот” дейман холос.

– Юртбошимизнинг фармони билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланибсиз. Рўйҳатда сизнинг исмингизни кўриб, ҳудди ўзим олгандек бўлдим.

Ҳозиргача табриклар тўхтамаяпти. Педагогликни тақдиримга айлантирганимдан янада фахрланиб кетяпман. 1976 йилдан буён мактаб ҳаёти, ўқувчилар билан биргаман. Интернатимизнинг ташкил этилганига 30 йил бўлди. Илк тамал тошини қўйганларданман десам адашмайман. Шунданми ҳамкасбларим “мактабимиз онаси” дея алқашади.

Шогирдларимнинг ютуғини кўриб қувонаман. Мана икки йилдирки, муассасамизни тамомлаган ўғил-қизларимизнинг барчаси олий таълимда ўқишни давом эттиряптилар. Бу жараёнда менинг ҳам меҳнатларим сингаётганлигидан хурсандман. Яқинда Авазбек Собиров исмли ўқувчим бир хушхабар айтиб қолди. Унинг салоҳияти Президент мактабида таълим бериш учун ўтказилган танловдан муваффақиятли баҳоланибди.

Албатта, булардан руҳланиб, янги ўқув йилини янги режалар, улкан мақсадлар билан бошладик. Муассасамиз аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган. Президентимиз айни шу йўналиш таълим сифатига алоҳида урғу бериб, халқаро стандартлар даражасига кўтариш ва олий таълимга кириш жараёнига тадбиқ этиш кераклиги борасида аниқ режаларни олдимизга қўйди. Бу ўқувчилар билан бир қаторда биз ўқитувчиларни ҳам рағбатлантирди. Ўз навбатида янада масъулият юклайди.

Зайнабхон СУЛЕЙМОНОВА,

Марҳамат туманидаги 3-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг физика фани ўқитувчиси