Андижон 24

МУРОСАЙИ МАДОРА – ЭНГ МАҚБУЛ ЙЎЛ


19.08.2021   514

Айни кунларда вилоят шаҳар ва туманларида бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Фарзандингни ота-она меҳридан маҳрум этма!” шиори остида сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Айни жараёнда вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати, жумладан, қуйи судлар судьялари ҳам фаол иштирок этишаётир.

Кеча Асака туманида бўлиб ўтган сайёр қабулга ажрим ёқасига келиб қолган еттита оила таклиф этилди. Мутасаддилар томонларнинг фикр-мулоҳазаларини, хоҳиш-истакларини обдон тингладилар.

Фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро суди раиси Эркинжон Собиров оилаларнинг ҳар бири билан яккама-якка, атрофлича суҳбатлашиб, уларни муросага чорлаш асноси оилаларнинг пароканда бўлиши келажакда фарзандлар тақдири ва тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши, шу билан бирга, бунинг ортидан бошқа турдаги низолар ҳам келиб чиқишини қатор ҳаётий мисоллар асосида тушунтирди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, диний идора ҳамда бошқа масъул ташкилотлар вакиллари ҳам оиланинг муқаддас эканлиги, ажримларнинг оқибатлари, эр-хотинлик вазифалари, мустаҳкам оила қуриш талаблари юзасидан мулоқот қилиб, муросайи мадора йўли – энг мақбул йўл эканлигини қайд этдилар. Натижада таклиф этилган оилаларнинг уч нафари яраштирилиб, хурсандлик ила уйларига йўл олдилар. Шунингдек, икки оилага бир-бирларини тушуниб, тағин бир бор жиддий ўйлаб кўришлари учун муддат берилди. Яна иккита оиланинг келишмовчилиги эса фуқаролик судига ҳавола қилинди.

Эътиборлиси, сайёр қабулдан сўнг суд мажлисида олиб борилган тушунтиришлар натижасида яна бир оилага қувонч қайтди.