Андижон 24

САЙЛОВ – 2021 ТАЙЁРГАРЛИК ЖИДДИЙ, МАҚСАДЛАР УЛКАН


02.09.2021   415

Сиёсий тантаналар, муҳим жараёнлар йилидамиз. Давлатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги тўйини юксак марраларни кўзлаган ҳолда, ёруғ юз билан кутиб олмоқдамиз. Яна 53 кундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. 2-Андижон округ сайлов комиссияси раиси Комилжон Комилов билан суҳбатимиз тайёргарлик жараёнлари хусусида бўлди.

- Бир кунда ўтадиган сиёсий тадбир жиддий тайёргарликни талаб этади. Чунки сайловлар истиқболдаги стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бу борада округда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

- Мамлакатимиз келажаги, унинг янада тараққий топиши барчанинг фаоллиги, сиёсий етуклиги ва сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқ, - дейди комиссия раиси К.Комилов. -Маълумки, 2021 йил 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига старт берилди. Марказий сайлов комиссияси томонидан вилоятимизда 2-Андижон сайлов округи ташкил этилди. Округ сайлов комиссияси аъзолигига малакали, муайян тажрибага эга (аввалги сайлов жараёнларида қатнашган) мутахассислардан иборат 21 нафар фаол жалб этилди. Уларнинг рус, инглиз тилларида эркин мулоқот қила олишларига эътибор қаратилган.

- Юксак ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник даражада тайёргарлик кўриш, уни демократик принципларга мувофиқ очиқ-ошкора, адолатли ўтказиш катта аҳамият касб этади. Кампания партиялараро рақобат, аҳолининг сиёсий ва фуқаролик фаоллиги кучайиб бораётган бир шароитда ўтмоқда. Шундай эмасми?

- Албатта. Бу янгиланишлар, одамлар дунёқарашидаги ўзгаришлар бизга катта масъулият юклайди. Комиссия аъзоларини шаҳар, туманларга бириктириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олганмиз. Жараённи камчиликларсиз ўтказиш учун тайёргарлик, сайловчиларга ахборот манбааларини тезкор ва ҳаққоний тақдим этиб бориш масалалари доимий диққат-марказимизда.

Шу йилнинг 24 август куни округ ҳудудида 931 та сайлов участкаси ташкил этилди. Уларнинг тартиб рақамлари, чегараларибелгилаб олинди.Участкалар аҳоли учун қулай бўлган шинам биноларда жойлашган. Зарур техник жиҳозлар, алоқа воситалари билан таъминланмоқда. Вилоятдаги ижтимий-сиёсий босма оммавий ахборот воситаларида сайлов участкаларини ташкил этиш бўйича округ сайловкомиссиясининг қарори эълон қилинди.

- Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз?

-Ўтган давр мобайнида сайлов қонунчилиги мукаммаллашиб, халқаро стандартларга тўла жавоб бера оладиган даражада шаклланиб бораётир. Конс-титуциямизга ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро манфаатлар мувозанати тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор тузатишлар киритилди.

2021 йил 8 февраль куни "Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланиб, матбуотда эълон қилинди. Шу муносабат билан тўртта қонун ҳужжатида жами 36 та ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, сайлов тамойиллари ичида ҳалол сайловларга алоҳида урғу берилади. Унда сайлов жараёнининг барча иштирокчиларига тенг рақобатлашиш имкониятини берадиган бир хил шарт-шароит таъминланиши керак. Сайлов кампаниясини молиялаштириш қоидалари бирон бир муайян партия ёки номзодга афзаллик бермаслиги, уларга нисбатан чекловчи хусусиятга ҳам эга бўлмаслиги керак. Янги қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси "Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида"ги Қонунининг 8, 16, 17 ва 18-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

8-модда "Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш" деб номланди. Ушбу моддага мувофиқ: Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш белгиланган тартибда фақат ана шу мақсадлар учун ажратиладиган давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Киритилган бошқа ўзгартишлар ҳақида ҳам кейинги чиқишларда батафсил маълумотлар бериб ўтамиз.

- Очиқлик, ошкоралик сайловнинг асосий тамойилларидан бири. Бу кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситаларининг белгиланган тартибда холис ва тезкор ҳаракатига боғлиқ.

- Сайловни қонунда белгиланган тамойиллар асосида ўтказиш бош мақсадимиз. Халқаро Матбуот марказининг ҳудудий бўлими округ сайлов комиссияси жойлашган бино - Ёшлар марказида фаолият кўрсатмоқда. Тажрибали, сиёсий ва ҳуқуқий билимдон журналистлардан иборат Матбуот маркази таркибишакллантирилган. Ҳозирги кунда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган журналистларни аккредитациядан ўтказиш ишлари кетмоқда.

Округ фаолияти, жараён билан боғлиқ хабарлар, учрашувлар, матбуот анжуманлари, брифинглар, давра суҳбатлари, округ сайлов комиссиясинингauz.uz/categoriy/saylov-2021 ҳамда аndijonnoma сайтларида, t.me/saylov andijon_2021 расмий телеграм каналида, «Андижоннома» газетаси ва шаҳар, туманлардаги бошқа ОАВларда мунтазам равишда бериб борилади.

Муҳим сиёсий тадбир Ватанимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, уни ривожланган, демократик давлатлар қаторига кўтаришда дадил қадам бўлиши шубҳасиз.

- Раҳмат.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА,

округ сайлов комиссияси матбуот маркази аъзоси.