Андижон 24

Сайёр суд – ҳуқуқий дарс демак


23.09.2021   731

Кейинги пайтларда судлар томонидан сайёр суд мажлислари ташкил этиш, фуқароларнинг соҳага доир мурожаатларини ҳудудларга чиқиб ўрганиш каби масалаларга жиддий аҳамият қаратилмоқда. Бу бежиз эмас. Аввало, ишларнинг жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши бошқалар учун маълум маънода ҳуқуқий дарс, демакдир. Қолаверса, айни тарздаги мажлислар томонлар оворагарчилигининг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Хўжаобод туманида судьялар ва сектор раҳбарлари ҳамкорлигида семинар тарзида ташкил этилган мажлисда юқоридаги фикр яна бир карра исботини топди.

Учрашувда, аввало, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимояси хусусида сўз юритилди. Шунингдек, оилавий ажримларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинди. Қайд этилдики, аксар ҳолларда оилаларнинг пароканда бўлиб кетишига арзимас маиший масалалар ҳам сабаб бўлмоқда, бу фарзандлар тақдирига салбий таъсир кўрсатаётгани турган гап. Шу боис ҳам ажримларнинг олдини олиш, оилаларни яраштиришда маҳаллалардаги обрў-эътибори баланд инсонларнинг аралашуви ғоят муҳим. Айни мавзуда сўз борганда, қариндош-уруғлар ўртасида никоҳ тузилишининг олдини олиш ҳамда тўйлар, оилавий базмлар ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш ҳамиша долзарб.

Мулоқотларда фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро суди раиси Тожиддин Мадраҳимов ҳамда Хўжаобод туманлараро иқтисодий суди раиси Жасурбек Абидовлар кун тартибидаги мавзу юзасидан сўз олиб, низоларнинг судгача ҳал этилиши, хусусан, ҳар қандай ҳолатда ярашув ва келишувга эришилиши пировардида яхшиликка хизмат қилишини бир қатор ҳаётий мисоллар асосида қайд этдилар.

Сайёр судда ажрашишга аҳд қилган тўртта оила яраштирилди.

Тадбирда, шунингдек, сайлов қонунчилиги билан боғлиқ жиҳатлар хусусида ҳам сўз юритилди.