Атрофга назар

«СУДЛАР ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУННИНГ ЯНГИ ТАҲРИРИ: ВАКОЛАТЛАРДАН МАЖБУРИЯТЛАРГАЧА


10.08.2021   276

Мамлакатда демократиянинг устуворлиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатли ҳимояланганлиги суд ҳокимиятининг очиқлиги ва шаффофлиги қай даражада эканлигига боғлиқ.

Судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим асос бўлиб хизмат қиладиган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунида қандай янги жиҳатлар белгиланди? Шу ҳақда сўз юритсак.

Айтиш керак, давлатимиз раҳбарининг судларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифаларни юклашга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги хоҳиш-иродаси янги қонунда мустаҳкамлаб қўйилди.

Қонунда суд мажлисида оммавий ахборот воситалари вакиллари тўсқинликсиз иштирок этиб, белгиланган тартибда фотосуратга олиш, видео ва аудио ёзувларни амалга ошириши мумкинлиги белгиланди. Ҳолбуки, олдин оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи бошқа қонунлар ва Олий суд Пленуми билан тартибга солинар эди.

Ўз навбатида қонунда оммавий ахборот воситалари ҳам ўз хабарларида муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан ўзича ҳал қилиб қўйишга ёки судга қандай шаклда бўлмасин, таъсир кўрсатишга ҳақли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Янги қонунда Олий суд раисининг ваколатлари аниқлаштирилиб, тўлдирилди. Жумладан, Олий суд Пленуми мажлисига кўриладиган масалалар Олий суд раиси томонидан киритилиши, Олий суд раиси судьялар олий малака ҳайъатининг қарорлари, хулосалари устидан Судьялар олий кенгашига тақдимнома киритишга ваколатли эканлиги назарда тутилмоқда.

Қонун билан судьяларга қўшимча мажбуриятлар белгилаб қўйилди. Жумладан, судья коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига ва одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятига ғайриқонуний аралашишга уринишларга қаршилик кўрсатиши ҳамда бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда бу ҳақда Судьялар олий кенгашига хабар қилиши ва суд процесси иштирокчиларини ҳурмат қилиши шарт.

Шунингдек, судья шахсан ёки ишончли шахслар орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектни бошқаришда, унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, иштирок этишга, судья, судьянинг эри (хотинига) ва вояга етмаган фарзандлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган чет эл банкларида ҳисобварақлар (омонатлар) очишга ва уларга эга бўлишга, нақд пул маблағларини ҳамда қимматликларни сақлашга, судда кўриб чиқилаётган масала юзасидан суд ҳужжати қонуний кучга киргунга қадар ошкора мулоҳазалар билдиришга ҳақли эмаслиги қатъий белгиланди.

Бундан ташқари, қонун билан судьяларни сайлаш ва тайинлаш тартибига ҳам бирмунча ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс, илгари судланган ёки ўзига нисбатан жиноят иши реабилитация қилмайдиган асослар бўйича тугатилган шахс, чет давлат фуқаролигига эга бўлган ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи яшаш гувоҳномасига ёхуд бошқа ҳужжатга эга бўлган шахс, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахс, психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахс, судьянинг ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган бошқа касалликка чалинган шахс судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги норма билан тўлдирилди. Олдинги қонунда судьялик лавозимига номзодларга қўйиладиган талабларни белгиловчи ушбу нормалар назарда тутилмаган эди.

Эндиликда Олий суд судьяси лавозимига сайланадиган шахслар юридик ихтисослик бўйича камида ўн беш йил, қоида тариқасида, судья сифатида камида етти йиллик иш стажига эга бўлиши лозим.

Юридик ихтисослик бўйича камида ўн йил, судья сифатида камида икки йиллик иш стажига эга бўлган шахслар Ҳарбий суд, вилоят суди ва унга тенглаштирилган судлар судьяси лавозимига тайинланиши мумкин.

Юридик ихтисослик бўйича камида етти йиллик иш стажига эга бўлган шахслар эса туманлараро, туман, шаҳар судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкинлиги белгиланди.

Шунингдек, муқаддам қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган судьяга интизомий иш қўзғатиш ва судьяга нисбатан қўлланиладиган интизомий жазо чоралари қонунан мустаҳкамлаб қўйилди.

Яъни судьяга нисбатан интизомий иш тегишли судьялар малака ҳайъати томонидан судья ушбу қонунда тақиқланган ҳаракатларни содир этилгани тўғрисидаги ариза ёки хабар бўйича ўтказилган хизмат текшируви натижаларига кўра қўзғатилиши мумкин.

Судьяларнинг малака ҳайъати интизомий жавобгарликка тортилган судьяга огоҳлантириш, ҳайфсан, ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима, малака даражасини бир поғонага пасайтириш ва ваколатларини муддатидан илгари тугатиш интизомий жазо чораларидан бирини қўллаши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонунда белгиланган тартиб-қоидалар суд ҳокимиятининг мустақиллигини, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда, фуқароларнинг судлар фаолиятига ишончини мустаҳкамлаш, одил судловга эришиш даражасини амалга ошириш ва соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.

Саидумаржон ШОКИРОВ,

Андижон вилояти суди иқтисодий судлов ҳайъати судьяси