Андижонда

УЙҒОҚ ЖАМИЯТДА ОДАМ САВДОСИГА ЙЎЛ ЙЎҚ


22.07.2021   777

Юртимизда бутун дунё аҳлининг энг оғриқли муаммоларидан бири – одам савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши жиддий ва муросасиз кураш давом этаётганига қарамай, бу иллат ҳанузгача тўла-тўкис барҳам топгани йўқ. Зотан, жамият учун мазкур турдаги жиноятнинг биттаси ҳам кўп.

Шу боис ҳам мазкур муаммонинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, таҳлил этиш, хусусан, чақалоқ савдосининг олдини олиш юзасидан масъул идоралар мутасаддилари ҳамкорликда мунтазам тарзда керакли чораларни кўриб борадилар. Шунинг баробарида Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси “Йўл харитаси”га мувофиқ, вақти-вақти билан одам савдосига қарши курашиш ойлиги эълон қилиб туриладики, бундан кўзланган асл мақсад шунчаки ҳисобот тўлдириш ёки кампаниябозлик эмас, аксинча жамиятда огоҳлик ва ҳушёрликни янада ошириш орқали ушбу иллатнинг олдини олиш, каттаю кичик онгига ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррар эканини сингдиришдан иборат.

Шу йил 30 июндан бошланган одам савдосига қарши курашиш ойлигида масъул ташкилотлар қатори Андижон вилояти судлари томонидан ҳам айни мақсадга қаратилган тарғибот тадбирлари кучайтирилмоқда.

Жумладан, жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьялари Улуғбек Шералиев ҳамда Беҳзодбек Турдиевлар ҳудуддаги оилавий поликлиникада ташкил этилган давра суҳбатида чақалоқ савдосига оид жиноятларнинг оқибатлари хусусида сўз юритдилар. Айни турдаги жиноятга қарши курашишда саломатлик посбонларининг ўрни муҳим эканлиги қайд этилди.

Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод тумани суди раиси Шуҳратбек Мирзакаримовнинг ҳудуддаги бир қатор шифохоналар ҳамда туман мактабгача таълим бўлими ходимлари билан учрашувида ҳам чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш суҳбатнинг бош мавзуси бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Улуғнор тумани суди раиси Шерзодбек Назиров ҳам ҳудуддаги бир гуруҳ аҳоли вакиллари билан мулоқотида ҳеч бир инсон гўдаклар тақдирига бефарқ бўлмаслиги, тилга олинаётган жиноят турига нисбатан барча бир тану бир жон бўлиб муросасиз кураш олиб бориши зарурлиги, айни масала бутун жамиятнинг оғриқли дарди эканлигини қайд этди. Уйғоқ жамиятда эса жирканч хатти-ҳаракатларга йўл йўқлиги тадбир иштирокчилари томонидан ҳам таъкидланди.