Атрофга назар

Ўзбекистон – умумий уйимиз: УЙҒУР КУТУБХОНАСИГА БОРГАНМИСИЗ?


18.08.2021   23

Пахтаобод туманига йўлингиз тушса, Уйғур қишлоғидаги маданият маркази кутубхонасига бирров бош суқишни унутманг. У ердан кун бўйи одамлар аримайди. Бу ҳам бўлса масканда яратилган ўзига хос муҳит, кутубхоначи опанинг ширин муомаласи натижасидир.

Уйғур миллати халқимизнинг энг яқин қондоши, қариндоши. Урф-одатларимиз, тил ва маданиятимиз ҳамоҳанг. Яшаш тарзимиз ҳам ўхшаш. Бугун қай гўшага борманг, ҳамжиҳатликдаги бунёдкорлик ишларига кўзингиз тушади. Миллий ва умумбашарий анъаналарни равнақ топтиришдаана шундай маданий марказларнинг миллий маданий марказ ўз ўрни, ўз ҳиссаси бор. Суҳбатдошимиз Ойгул Умарова аҳолининг маънавий дунёқарашини бойитишда ўз ҳиссасини қўшаётганлигидан мамнун.

– Кутубхонамизда мингга яқин китоблар мавжуд, - дейди у. - Ўқувчиларимиз турли миллат вакиллари эканлигидан қувонаман. Суҳбатлар давомида одатларимизга қизиқувчиларга кутубхонамизга келишини,уйғур адабиётлари мутолаасини тавсия этаман. Ёш китобхонларга “Ўқинглар, изланинглар, биздан ҳам Президент совғаси –“Spark” автомобилига даъвогарлар чиқсин,” дейман. Ахир китоб ва китобхонлик маданиятини ошириш масаласи давлат сиёсатига кўтарилган бир паллада биз ҳам “лаббай” деб жавоб беришимиз керак. Зеро, мамлакатимиз раҳбари “Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга еришиб бўлмайди”, деб кўп бор таъкидлайдилар. Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса, аввало, инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда.

Ҳувайдо ХЎЖАМҚУЛОВА.