Андижонда

ВАКЦИНА — ЯГОНА ЧОРА!


09.08.2021   486

Дунёни таҳлика ва саросимага солиб қўйган коронавирус пандемиясига қарши мамлакатимизда тезкор ва қатъий кураш олиб борилмоқда. Аммо шунга қарамай, коронавирусга чалиниш ҳолатлари кескин ошаётгани сир эмас. Инфекциядан сақланиш ва саломатлигимизни асрашнинг муҳим омиллари нимадан иборат?

Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази директори, профессор Ҳабибулла ОҚИЛОВ шу хусусда сўз юритади:

Куни кеча 2021 йил I ярим йиллигида иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда ҳар бир тармоқ ва ҳудудда учинчи чорак ва йил якунига қадар амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари пандемияни енгиб ўтиш доирасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталди.

Вакцинация, шахсий гигиена ва ижтимоий масофани сақлаш, касаллик енгил кечаётган ва уй шароитида даволанаётган беморларнинг ўзбошимчалик билан, дори-дармонни пала-партиш истеъмол қилишининг олдини олиш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Икки йилдирки дунё аҳли коронавирус билан аёвсиз курашяпти. Афсуски, ундан тўлиқ тузатадиган дори ҳали ишлаб чиқилгани йўқ. Ҳозирча ягона имконият вакцина бўлиб турибди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда халқаро экспертлар томонидан коронавирусга қарши курашиш ва янги тўлқинларнинг олдини олиш оммавий вакцинация орқали муваффақиятли ташкил этилиши мумкинлиги юзасидан тавсиялар берилган.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигига қаратилаётган юксак эътибор маҳсули ўлароқ, коронавирусга қарши эмлаш ишлари юқори савияда ташкил этилмоқда. Юртимизда 2021 йил апрель ойидан шу пайтгача қўлланаётган Astra Zeneca, ZF UZ VAC 2001, Спутник V вакциналари қаторига яқинда яна бир вакцина — Moderna ҳам қўшилди. Таъкидлаш керакки, тўрттала вакцинанинг таъсири бир хил, самарадорлиги 90 фоиздан зиёд. Шу пайтгача қўлланган эмлашларда вакциналарнинг ножўя таъсири — оғир аҳволга тушиш, ўлим ҳолати кузатилмади.

Тўғри, айрим юртдошларимизда турли белгилар намоён бўлаётир. Чунки бу оддий сув эмас, вакцина. У организмга кириши билан иммун тизими ва ҳужайраларга таъсир кўрсатади. Шу боис, баъзан вақтинчалик ҳолатлар — тана ҳароратининг 38 даражагача ошиши, бўғим ёки мушаклар оғриғи, кўнгил айниши, бош оғриғи каби белгилар кузатилиши мумкин. Улар инсон организмининг индивидуал ҳолатига қараб кузатилади ва 3-4 кунда ўтиб кетади.

Дунё тажрибасида эмлашни вақтида ва керакли ҳажмда қилган давлатларда коронавирус муаммоси деярли бартараф этилмоқда. Масалан, Исроилда аҳолининг 90 фоизи эмланди. Бу пандемияни жиловлашга ёрдам берди. Япония, Жанубий Корея, Хитойнинг айрим вилоятларида ҳам эмлаш ишлари яхши олиб борилгани туфайли коронавирус чекинаётгани вакциналарнинг самарадорлигига яна бир далилдир.

Айни пайтда юртимизнинг барча туман ва шаҳарларидаги поликлиникаларда, жойларда ташкил этилган эмлаш пунктларида 18 ёшдан юқори бўлган аҳолининг барча қатлам эмланиши учун зарур шароитлар яратилган. 4 август ҳолатига кўра, мамлакатимизда тўлиқ эмланган фуқаролар 1 миллион 279 минг 69 нафарни ташкил қилмоқда. Таъкидлаш жоизки, барчаси бепул амалга оширилмоқда. Айрим мамлакатларда вакцина у ёқда турсин, дори-дармон танқислиги кузатилаётган бир пайтда давлатимиз бунга маблағ ажратиб, вакцинани халқимизга етказиб бермоқда. Яқин кунлардан бошлаб Спутник V вакцинаси мамлакатимизда ишлаб чиқарилади.

Бошқа вакциналар ҳам етарли даражада келтирилган ва яна олиб келинади. Вакциналарни олиб келиш ўз-ўзидан бўлмайди. Ҳар битта вакцинани етказиб бериш шарти бор. Масалан, “совуқлик занжири” деган тушунча мавжуд. Қайсидир вакцина 70 даража совуқда келтирилиши керак, бошқаси камида 20 даража совуқда сақланиши лозим. Бутун дунё да вакцина етишмовчилиги кузатилаётган бир пайтда аҳолини юқумли касалликка қарши эмлаш ишлари юқори савияда олиб борилаётгани мамлакатимизда инсон саломатлигига қаратилаётган катта эътибордан далолатдир.

Куни кеча Зангиота туманидаги шифохонада бўлиб, беморлар ҳолидан хабар олдим. Улар орасида эмланганлар 1 фоизни ҳам ташкил этмаяпти. Тўғри, айрим эмланганлар ҳам касалликни қайта юқтиряпти. Эмлашнинг биринчи босқичи билан иккинчисининг орасига тушиб қолган ёки иккинчи вакцинадан кейин ҳали иммунитет ҳосил бўлишга улгурмаган даврда инфекция юқтирганларда дард енгил ўтяпти. Масалан, эмланган беморлар ичида реанимацияда ётгани ёки сунъий нафас олиш аппаратига улангани, оғир ёки ўта оғир ҳолатга тушгани учрамайди. Оғир, интенсив бўлимга тушган эмланмаган беморлар вакцина олиш афзаллигини тушуняпти.

Бу эса вакцинациядан бошқа чора йўқлигига яна бир далилдир. Коронавирусни енгишнинг ягона йўли — эмлаш. Қолаверса, ижтимоий масофа, ниқоб тақиш, антисептиклардан фойдаланиш ҳозир ҳам амалда. Аммо юртдошларимиз орасида бунга беписанд қараётганлар ҳам бор. Икки йил мобайнида йиғилган тажриба шуни кўрсатмоқдаки, коронавирусдан сақланишнинг яна бир чораси — ниқоб тақиш ва ижтимоий масофа сақлаш. Вакцина олиш мумкин бўлмаган пайтда бу қоидаларга қатъий риоя қилиниши шарт.

Аҳоли ўртасида касалликни камайтириш учун манбани эрта аниқлаш, яъни юқори нафас йўлларининг яллиғланиш аломатлари (иситма, йўтал, грипп) бўлганларни эрта шифохонага ётқизиш, эҳтиёт чораларини кўриш (тиббий ниқоб тақиш, нафас олиш ва қўл гигиенаси, шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш), ижтимоий масофа сақлаш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиш бўйича тадбирларни талаб даражасида бажариш лозим. Зеро, дунёда коронавирус хавфи бутунлай бартараф этилмас экан, хотиржамликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ.

Яна бир гапни таъкидлашни истардим. Касаллик аниқланганда уни ўзбошимчалик билан даволаш ҳолатлари ёки мутахассис бўлмаган айрим шифокорлар томонидан ёзилган даво чоралари касалликнинг турли асоратлар билан кечиши хавфини юзага келтирмоқда. Билиб-билмасдан кўп миқдорда ва керак бўлмаган ҳолатда дори-дармонни ўзбошимчалик билан қабул қилиш айрим ҳолларда ўлимгача олиб келяпти.

Бугун аҳоли орасида коронавирусдан даволаниш ёки профилактика мақсадида антибиотик қабул қилиш ҳоллари учраб турибди. Антибиотик вирусга таъсир қилмайди. Ахир ҳар бир дорининг ўз хусусияти, таъсири бор. Айниқса, бу касалликда айрим дориларни қабул қилиш умуман мумкин эмас. Хусусан, антибиотик ва томчи дорилар бемор аҳволининг оғирлашувига олиб келяпти. Барча дорилар касаллик даражаси, таҳлил натижаларига қараб белгиланиши шарт.

Манба: yuz.uz .

https://yuz.uz/news/vaktsina--yagona-chora