Андижон 24

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ - БИЗНИНГ УСТОЗИМИЗ


01.10.2021   404

Ҳаётимиз давомида каттаю кичикнинг хатти-ҳаракатидан, муомаласию одобидан уқиб, сабоқ олиб борамиз. Бу жиҳатларни ўзимиз таълим бераётган ўқувчилар маънавий оламига сингдириб боришга уринамиз.

Вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мактабимизга ҳар гал ташриф буюрганларида ҳамкасбларимиз билан "устозимиз келди," деяқилган ишларимиз сарҳисобини оламиз. Улар фарзандларимизнинг камоли учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида кўп хайрли ишларни амалга оширяпти. Таълим масканида фаоллар ва спорт заллари тўлиқ таъмирланиб, замонавий кўриниш олди. Маънавият хонасига кирсангиз, шинамлиги ва тартибли жиҳозланганидан дилингиз яйрайди. Касбга йўналтириш хонасини кичик цех дейсиз. Юқори синф ўқувчилари чеварлик ҳунарини яхшигина эгаллаб, замонавий тикув машиналарида буюртмалар асосида ишлашга мослашяптилар.Қишга ҳозирлик борасидаги ташвишларимиз ҳам ечимини топди. Иссиқлик тизими тўлиқ янгиланди. Буларнинг барчаси вилоят ҳокимининг эътибори, саъй -ҳаракатлари туфайли эканини мактабимиз жамоаси яхши ҳис қилади.

У киши ўқувчилар билан суҳбатлашганда меҳрибон ота бўлиб, уларнинг орзуларига қизиқадилар. Қўйилган мақсад сари дадил қалам ташлашга, иккиланмасликка чорлайди. Бу сабоқлар самарасини битирувчиларимиз Умниса Исмоилова, Хидоятхон Аҳмаджонова, Шаҳноза Қўзибоева, Суннатилло Аҳмадбеков, Сарвиноз Шуҳратбекованинг фаолиятида яққол кўраман. Улар ўқувчилик давридаёқ имтиёзли кредитлар асосида тадбиркорликни бошлаб юборишган. 4-синф ўқувчиси Маликахон Абдумаликова оқилалиги, намунали ҳулқи учун вилоят раҳбарининг қўлидан планшет олди. 45 нафар ўқувчимиз олий таълим муассасалари талабалари бўлишди. Ютуқлар вилоятимизда таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг изчил амалга оширилаётганидан деб биламан.

Вилоятимиз раҳбарининг ўқувчилар одоби, ўзини тутиш этикаси, атроф-муҳитни ободонлаштириш масалалари юзасидан берган вазифалари фаолиятимизга танқидий-таҳлилий ёндашувга ўргатмоқда. Маънавий-маърифий ишларга масъул бўлганим учун ташкил этаётган ҳар бир тадбиримда мана шу нуқталарга эътибор қаратаман. Уларнинг шижоати, қатъияти, ташаббускорлиги шу билан бирга ҳаммани тинглай билиши жамоамиздаги ҳар бир ўқитувчи учун маҳорат мактаби бўляпти, деб дадил айта оламан.

Дурдона АБДУЛЛАЕВА,

Андижон шаҳридаги

31-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.