Андижон 24

ЁШЛАР БОҒИ АНДИЖОН ШАҲРИНИНГ «ЎПКА»СИГА АЙЛАНАДИ


21.09.2021   411

Кўзингиз тушган бўлса керак, айни кунларда Андижон шаҳридаги Ёшлар боғи катта ўзгаришларга юз тутган. Аввало, чор-атрофдаги панжаралар олиб ташланганлигини олқишламоқ жоиз. Боғ ҳудудида вилоят аҳли, меҳмонлар, жумладан, ёшлар учун очиқ яшил майдон ташкил этиш ҳаракатлари авжида. Шунинг баробарида айни масканда замонавий кўча ўйинлари - "Street work out" майдончаси қурилиши режалаштирилмоқда.



Хабарингиз бор, давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 24 август куни экологик ҳолатни яхшилаш, дарахтлар муҳофазасини самарали ташкил этиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Бу йил куз ойларида автомобиль йўллари, дала четлари, барча аҳоли масканларида 55 миллион дона, келгуси йил баҳор мавсумида 70 миллион дона тут, павловния, чинор, эман, ёнғоқ, жийда, терак каби мевали ва манзарали дарахтлар экиш вазифаси қўйилди. Дарахтларни парваришлаш учун ҳар бир маҳаллага биттадан, туман ва шаҳар ободонлаштириш бўлимларига камида 5 нафардан ишчи бириктириш зарурлиги таъкидланди. Дарахтлар муҳофазаси кучайтирилиши, хусусан, экология полицияси ташкил этиш режалаштирилаётганлиги масаланинг нечоғли муҳим эканидан далолат.

Йиғилишда яна бир муҳим жиҳат қайд этилдики, бу бевосита шаҳарларда яшил ҳудуд ва жамоат парклари ташкил қилиш масаласи билан боғлиқ.

Чиндан-да, кейинги пайтларда саноат корхоналари, автомобилларнинг кўпайиши сингари омиллар чанг-газ миқдорининг меъёрдан бир неча баравар ошишига сабаб бўлаётгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Экологиядаги бундай кескин, салбий вазиятни эса фақатгина дарахтлар, яшил майдонларни кўпайтириш орқали юмшатиш мумкин.

Биламизки, инсон ўпкасида юзага келган ҳар қандай муаммо, аввало, нафас олиш жараёнини қийинлаштиради. Ўпкаси тоза, ҳамиша мусаффо иқлимдан баҳраманд одам эса доимо соғ-саломат юради. Таъбир жоиз бўлса, яшил майдонларни шаҳарнинг ўпкасига қиёслаш мумкин. Улар қанча кўп бўлса, аввало, инсоният саломатлигига хизмат қилади. Демакки, Ёшлар боғи ҳам яшилликка талпиниб турадиган юртдошларимиз учун ана шундай севимли масканлардан бирига айланиши шубҳасиз.

Нурилло НЎЪМОНОВ.