Андижонда

Андижон шаҳрида кенг жамоатчилик иштирокида сайёр суд мажлиси ўтказилди


01.11.2023   130

Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтида жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан сайёр мажлис ташкил этилди. Жазо ўтаётган маҳкумлар, уларнинг оила аъзолари, аҳоли вакиллари, талаба ёшлардан иборат қарийб беш юзга яқин кенг жамоатчилик иштирок этган тадбирда пробация бўлимининг 80 га яқин тақдимномалари кўриб чиқилди.

Тадбир аввалида суд раиси Улуғбек Каримов ва бошқалар шу йил 27 сентябрь куни қабул қилинган "Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳияти, хусусан, судларда 2024 йил 1 январдан амалиётга жорий этилиши кутилаётган тартиб-таомиллар ҳақида атрофлича тушунчалар бердилар.

Шу билан бирга, кейинги пайтларда ортиб кетган жиноят турлари, уларнинг келиб чиқиш сабаб ва омиллари, ҳуқуқий оқибатлари хусусида ҳам ҳаётий мисоллар асосида сўз юритилди.

Албатта, қонунбузарларга суд томонидан берилган ҳар бир жазо унинг “бурнини ерга ишқаш” эмас, балки тарбиялашга хизмат қилишни назарда тутади. Қолаверса, ножўя қадам ташлаб, хатога йўл қўйган кишининг жиноий қилмиши ёки ҳуқуқбузарлигини жамоатчилик иштирокида муҳокама этишдан мақсад, уни кўпчилик ичида изза қилиш эмас, балки содир этилган нотўғри хатти-ҳаракат ва унинг оқибатидан бошқалар, айниқса, ёшлар сабоқ олиб, ўзлари учун хулоса чиқаришларига ундашдир. Мазкур сайёр судда ҳам айни жиҳатлар ўз ифодасини топди.

Суд жараёнида келтирилган тақдимномалар иш ҳужжатлари билан бирга атрофлича муҳокама қилинди. Пировардида хатоларидан чин маънода хулоса чиқарган, тузалиш йўлига қатъий ўтган ҳамда ҳалол ва фойдали меҳнат билан шуғулланиб, ҳаётини изга солишга уринаётган бир гуруҳ маҳкумлар жазонинг ўталмай қолган қисмидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиндилар.

Бундан ташқари, суд томонидан белгиланган жазони ўташ чоғида белгиланган мажбуриятларга риоя этмаган, тартиб-таомилларга амал қилмаган маҳкумларнинг жазолари эса оғирроқ турига алмаштирилди.