АНДИЖОН ТИББИЁТ ИНСТИТУТИ ЖАМОАСИ АҚШНИНГ КЛИВЛЕНД КЛИНИКАСИ ВА ФРАНКЛИН УНИВЕРСИТЕТИ ТАЖРИБАСИНИ ЎРГАНДИ
24.08.2024 781
Соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хорижнинг нуфузли клиникалари мутахассислари билан ўзаро тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга.
Шу боисдан Андижон давлат тиббиёт институти тиббиёти ривожланган кўплаб мамлакатлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Жумладан, институт ректори M. Mадазимов бошчилигидаги делегация Америка Қўшма Штатларида хизмат сафарида бўлиб қайтди.
Дастлаб дунёнинг энг кучли тиббиёт муассасалари рейтингида сўнгги 10 йилликда мунтазам Топ-3 таликдан жой олиб келаётган Кливленд (Cleveland) клиникаси расмийлари билан учрашувлар ўтказилди.
Хусусан, муассаса вице президенти Томмасо Фальконе ва бошқа масъуллар иштирокида бўлиб ўтган мулоқотларда ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олинди. Шунингдек, клиниканинг илмий ишланмалар ва инновациялар бўйича раҳбари Mэтью Крох инновацион лойиҳалар ва илмий соҳадаги устувор йўналишлар бўйича тақдимот қилди.
Шундан сўнг институт ректори бошчилигидаги делегация аъзолари Кливленд клиникаси Неврология маркази бошлиғи, профессор Муҳаммад Шазам Ҳуссаин билан учрашди.
Мулоқот давомида неврология ва нейрожарроҳлик соҳасида Кливленд клиникасининг инновацион технологияларни амалиётга жорий этиш борасидаги тақдимоти намойиш этилди. Унда эпилепсияни жарроҳлик йўллари билан даволаш, инсульт ҳамда мия қон-томир касалликларининг олдини олиш бўйича янги ва замонавий усуллар ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Куннинг иккинчи ярмида институт делегацияси – профессор-ўқитувчилар, кардиохирург мутахассислар кардиожарроҳлик бўйича малака ва тажриба ошириш имконига эга бўлди. Улар Кливленд клиникаси Кейс Вестерн университети шифохонасида ўтказилган аортанинг асос қисмини протезлаш жарроҳлик операциясида иштирок этди.
Сафар давомида муассасанинг дунёга машҳур биолабораторияси фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди. Жумладан, клиниканинг бош тадқиқотчи муҳандиси Рьян Клатте лаборатория ходимларининг одам танаси аъзоларини 3D моделлаштириш, компьютер томографиясидан сўнг бемор аъзоларини виртуал шакллантириш ва 3D принтерда сунъий тана аъзолари протезларини яратиш ҳамда анатомик жиҳатдан идеал имплант моделини ишлаб чиқиш бўйича эришган ютуқлари ҳақида меҳмонларга батафсил маълумот берди.
Учрашувда бу каби илғор тажрибани Андижон давлат тиббиёт институти қошида барпо этилган янги лаборатория амалиётига татбиқ этиш бўйича АҚШлик мутахассислар билан ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди.
Шунингдек, ташриф доирасида институт ректори бошчилигидаги делегация аъзолари Франклин университети ректори, вице-президенти, Глобал ҳамкорлик бўлими бошлиғи, Соғлиқ фанлари факультети декани, магистратура ва докторантура бўлимлари бошлиқлари билан ҳам учрашувлар ўтказди.
Икки томонлама мулоқотларда Франклин университети ва Андижон давлат тиббиёт институти ўртасида тиббий информатика, олий ҳамширалик, жамоат саломатлиги каби йўналишлар бўйича қўшма таълим дастурларини очиш имкониятлари муҳокама қилинди. Учрашув якунида ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.
Шу билан бирга, Франклин университетининг ўқув жараёнларида фойдаланилаётган педагогик технологиялар, масофавий таълим бериш ва имтиҳон олишда қўлланилаётган инновацион ишланмалар билан яқиндан танишилиб, мултимедиа хоналарнинг иш жараёни ўрганилди.
Институт вакиллари сафар давомида Кейс Вестерн университети касалхонасида ўтказилган қатор операцияларда ҳам иштирок этиб, мазкур жараёнларни тўғридан-тўғри кузатиш имкониятига эга бўлди. Унда робот аппарат — Da Vinci системаси асосида 2 нафар беморда “Аорта коронар шунтлаш” ташрихи ўтказилди.
Андижон давлат тиббиёт институти ректори М.Мадазимовнинг навбатдаги учрашуви Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Сиддиқов билан бўлди.
Суҳбатда элчи юртимизда юқори салоҳиятли кадрлар кўплиги, айниқса, тиббиёт соҳасини ривожлантиришга давлатимиз раҳбари томонидан катта эътибор қаратаётганлигини таъкидлаб, мутахассисларнинг халқаро миқёсда тажриба алмашишлари соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшишини айтиб ўтди.
Шунингдек, мулоқотда Андижон давлат тиббиёт институти ва АҚШнинг нуфузли олий таълим муассасалари ҳамда клиникалари билан малака ошириш, академик алмашинув ва қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш борасида фикр алмашилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.