Андижон 24

АНДИЖОН ТУМАНИ СОБИҚ ҲОКИМИ ВАФОТ ЭТДИ


12.08.2021   949

Андижон туманига 1993-2006 йиллар мобайнида раҳбарлик қилган Ҳасанбой Ҳакимов 78 ёшида вафот этди.

У Андижон туманидаги Храбек қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Ўрта мактабни тамомлаб ҳарбий хизматда бўлди, сўнгра собиқ Андижонпахтачилик институтида муҳандис-техник йўналиши бўйича таҳсил олди.

Ҳасанбой Ҳакимов меҳнат фаолияти даврида Тошкент қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводида слесар, “Асака мотор таъмир” корхонасида директор ўринбосари, бош муҳандис, директор лавозимларида ишлаган.

Шунингдек, 1987-1993 йиллар мобайнида вилоят агросаноат бирлашмаси раиси ўринбосари, “Ўзсельхозтехника” вилоят бирлашмаси раиси каби масъул вазифаларда самарали фаолият кўрсатган. Зикр этилаётган кезларда чорвачиликни механизациялаштириш ҳамда қишлоқларда мева-сабзавотни қайта ишлаш тармоғини ташкил этиш каби масалаларга жиддий эътибор қаратилган.

Ҳасанбой Ҳакимов ҳокимлик қилган йиллари Андижон туманида деҳқончилик маданиятини юксалтириш, қайта ишлаш тармоғини ривожлантириш алоҳида ўрин тутган. У ёш кадрлар салоҳиятини янада кўтариш ва раҳбарлик лавозимларига йўналтириш борасида ўзига хос тажриба мактабини яратган.

Ўз даврида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва маҳаллий кенгашларнинг депутати сифатида ҳам ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсатган.

«Андижоннома» ва «Андижанская правда» газеталари таҳририяти жамоаси марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.