Андижонда

Андижонда пахтанинг рангли нави яратилди


31.10.2023   103

Асака туманидаги пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот станциясида пахтанинг уч хил рангли навини яратиш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Бундан етти йил муқаддам бошланган илмий жараён сўнгги босқичларни ўз ичига олган.

-XX асрнинг 50-, 60-йилларида табиий рангли толали ғўза навларини маданийлаштириш устида тадқиқот ишлари олиб борилишига қарамай, бу турдаги пахта навига бўлган талаб йўқолиб кетган эди,-дейди илмий ходим Абдурашид Қосимов. – Бироқ, тўқимачилик саноатида пахта толаларига кимёвий ишлов бериш катта миқдорда сув, энергия, кимёвий ва бошқа тегишли ресурслардан фойдаланишни талаб қилади. Қолаверса, кейинги йилларда истеъмолчилар томониданэкологик тоза маҳсулотларга бўлган талабнинг орта бориши табиий рангли пахтага бўлган эҳтиёжни оширмоқда.

Айтиш жоиз, янги пахта навини яратиш камида етти йил вақтни ўз ичига олади. Бу давр мобанийда уни маҳаллий иқлимга мослаш, касаллик ва турли ташқи таъсирлардан ҳимоя қилувчи иммунитети ҳамда ҳосилдорлигини ошириш ишлари бажарилади. Икки йилдан сўнг уни республикамиз бўйлаб оммалаштириш режалаштирилган.

Саминжон ҲУСАНОВ.