Андижон 24

БАҒРИ БУТУН АЁЛЛАР


16.11.2021   348

Тақдирнинг синовлари кўп. Нодирахон Аманова ана шундай синовларда синмаган, аксинча табассуми, очиқ чеҳраси билан ҳаёт зарбаларига қарама-қарши чиқа олган аёллардан.

- Уч нафар фарзандим бор, - дейди у. – Тўнғичим Бибисора 9 ёшга тўлди. 1-гуруҳ ногирони. Доимий қаровга ва тез-тез даволаниб туришга муҳтож. Ҳар гал маҳалла-кўйдан, ҳокимиятдан кўмак сўраб, шифохонада ётганимизда, қачон бировнинг қўлига қарамасдан, дилбандимнинг дардига оро кирарканман, дея ўйлардим.

Изланган имкон топар экан. Вилоят ҳокимининг эътибори туфайли ўз бизнесимга эга бўлдим. Акционерлик тижорат Халқ банки вилоят филиали бошлиғининг аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосари Одинахон Маҳмудова, банкнинг Андижон шаҳар филиалидаги мана шу йўналиш масъули Дилдорахон Зулунованинг кўмаги билан 32 миллион 362 минг сўм кредит олдим. Улар “Аёллар дафтари” да турувчи хотин-қизларнинг оёққа туриб олишлари учун астойдил жон койитишади. Шунданми, вилоятдаги кўплаб аёл-қизлар бу жонкуяр опаларни жон қадар яхши кўришади.

Нодирахон турмуш ўртоғи ҳисобчи бўлганлиги боис, у билан режани пухта тузиб, цех очди, ширинликлар пиширишни йўлга қўйди. Тез орада ўзлари истиқомат қилаётган Андижон шаҳрининг Ёйилма маҳалласидаги уйда бекалари, ишсиз қизлар цехга иш сўраб кела бошладилар.

- Икки сменада меҳнат қиламиз, - дейди Нодирахон. - 16 нафар аёл кунига 50-60 минг сўм даромад топяпти. Маҳсулотларимиз ички бозорда харидоргир. Бундан ташқари маҳалла-кўйдаги тўй-тўркинлар учун буюртмалар ҳам тушиб туради.

Нодирахоннинг шукронаси чексиз. Ишлаб чиқаришни кенгайтиш мақсадида вилоятдаги йирик тадбиркорлик субъектларига бориб тажриба орттиряпти, изланяпти.

- Тақдиримдан розиман, - дейди мамнуният билан. Кеча кимдан ёрдам сўрашни билмай юрган эдим. Бугун кимларгадир тиргак бўлишга, саховат кўрсатишга қурбим етади. Юртимиздаги кучли ижтимоий қўллаб-қувватлаш сиёсати қадамларимизни ўктам, кунларимизни ёруғ қилаётир.

Бундай мисолларни вилоятнинг ҳар бир гўшасидан, энг чекка қишлоғи мисолида ҳам бемалол келтириш мумкин. Молиявий қўллаб-қувватлаш асносида Жалақудуқ тумани Жалақудуқ МФЙда истиқомат қилувчи Зулфизархон Холмирзаева асаларичилик, Балиқчи тумани Дарёбўйи МФЙда истиқомат қилувчи Манзура Қосимова тикувчилик, Бўстон тумани Нурафшон МФЙда яшовчи Ёрқиной Эргашева иссиқхона, қўрғонтепалик Саломатхон Мусурмонқулова ҳунармандчилик фаолиятини йўлга қўйиб олдилар.

Фаровонлик, одамларнинг бағри бутунлиги бу – жуда катта бойлик. Мана шу бағри бутунлик уларни хайрли ишлар сари ундамоқда.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.