Андижон 24

Бугуннинг мулоҳазаси


18.11.2021   966

МАЪНАВИЯТ ЭЛАГИ

ахборот уммонида сизни турли хуружлардан асрайди

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг учтаси маънавиятни юксалтиришга қаратилган. Кўп муаммолар китобдан бегоналашиб қолаётганимиз туфайли юз бераяпти. Диққатни жамлаб ўқисангиз, яхши китоб ўзига оҳанграбодай тортади. Оқ-қорани танитади, муомала маданиятини сайқаллайди.

Бироқ, бугун нафақат болалар, катталар ҳам интернетдан бош кўтаролмай қолаётгани ташвишли ҳол. Унда ҳамма нарса бор, китоб, газета, журналнинг ҳам электрон муқобили мавжуд-ку, дейишади. Тўппа-тўғри, аммо ўша ҳамма нарсанинг борлиги даҳшатли. Ўқувчиларни ўргимчак тўридай ўраб олган ижтимоий тармоқлардан тортиб ололмай қоляпмиз.

Соғлом турмуш тарзи деганда кўпчилик алькогол ичимликлар ичишдан, чекишдан, енгил табиатлиликдан холи ҳаётни тушунади. Унинг шартларига биринчи галда интернетга муккасидан кетмаслик,ижтимоий тармоқлар қулига айланмасликни ва фарзандлар тарбиясига бепарво бўлмасликни ҳам қўшиш керак, назаримда.

Бефарқлик, бепарволик, лоқайдлик оқибатида атрофда қотилликлар кўпайяпти.Биласизми, тарихимизга назар ташласак, падаркуш деганда фақат Мирзо Улуғбек фожеасини, Абдуллатифни кўз олдимизга ички ғазаб, нафрат билан келтирардик. Ҳозирчи, отасига, онасига, ака ё укасининг хунига қолганларни кунора телевидение орқали кўряпмиз, теварак-атрофдан эшитяпмиз. “Астағфуриллоҳ, тавба”, дейишдан нарига ўтмаяпмиз.

Компьютер ўйинларининг аксарияти жангари воқеалар билан йўғрилган. Ўйновчи - бош қаҳрамон рақибини сўйиб, бўғиб, отиб, уриб-янчиб ўлдирса - ғолиб! Шунга интилаверади. Шафқатсизлик болаларимизнинг гўдаклигиданоқ дийдасини қотириб, қондан сесканмайдиган, одамнинг жонига қасд қилишдан қўрқмайдиган қилиб қўйяпти.

Кўп китоб ўқиган, фанларни пухта ўзлаштирган ўқувчи тенгдошларидан бир қадам олдинда юради. Айнан шу жиҳатларга эътибор қаратган ҳолда китоб ўқиш, ижтимоий тармоқлардаги ахборот хуружларига ўз баҳосини бериш борасида қатор тадбирлар ташкил этяпмиз. Жумладан, “Энг яхши китобхон”, “Менинг севимли асарим”, “Интернетнинг имконият ва зиёнлари” мавзуларидаги тадбирлар мулоҳаза, мунозараларга бой бўляпти.

Яқинда фанлар олимпиадасининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Айнан китобга ошно ўқувчиларимиз анча фаол қатнашди. Жумладан, инглиз тили фанидан Диёрахон Жўраева (11-синф ўқувчиси) 1-ўринни қўлга киритди. Физика фанидан Сарбон Жумабоев (11-синф), рус тилидан Муслима Ҳабибуллаева, Иноятхон Рустамжонова (11-синф), инглиз тилидан Комила Аҳмаджонова, Ҳадятулло Раҳимжонов (9-синф) каби ўқувчиларимизнинг билими ва заковати юқори баҳоланди. Бунда албатта, Наргиз Шукурова, Саодат Жалилова сингари жонкуяр устозларнинг меҳнатлари катта.

Энди ана шу ютуқларга эришган ўқувчиларимиз устозлари бошчилигида тенгдошдан-тенгдошга усулида маънавият, интернет билан ишлаш маданияти хусусида суҳбатлар, тарғибот тадбирлари ўтказишни йўлга қўйдилар. Ижтимоий тармоқлардаги маънавиятга қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин. Қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланишини каттаю кичик теран ҳис қилиши зарур. Зеро, маънавият элаги ахборот уммонида сизни турли хуружлардан асрайди.

Раънохон НОСИРОВА,

Андижон шаҳридаги 31-умумтаълим мактаби

директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари.