Андижонда

БЎСТОННИ ДОСТОН ҚИЛГАНЛАР


23.08.2023   122

Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа – Истиқлолнинг ўттиз икки йиллик тўйини кўтаринки кайфият билан қарши олаяпмиз. Вилоятимиз бўйлаб старт олган Маънавият фестивали доирасидаги “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирлар қизғин давом этмоқда.

Бўстон туманидаги Маънавият ва маърифат масканига жам бўлган туман аҳли вакиллари пойтахтдан келган таниқли инсонлар билан дилдан суҳбатлашдилар.

Ўзбекистон давлат хореография академияси доценти Ҳулкар Ҳамроева, юридик фанлар доктори, профессор Феруза Муҳиддинова “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор” деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятини ҳаётий мисоллар орқали очиб бердилар.Ўзбекистон халқ артисти Одина Нарзуллаевашу жойнинг ўзида ролга киришиб, қайнона келин, қудалар ўртасидаги келишмовчиликлар, оилавий ажримларнинг сабаблари акс этгансаҳна кўринишлари ижро этиб берди.

Тадбир давомида Бўстон туманида туғилиб ўсган таниқли инсонлар тилга олинди.

-Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими вилоятимизда энг намунали деб топилди, - дейди марказ раҳбари Сафияхон Қўзиева. – Бу баҳо бизни янада масъулият билан ишлашга, изланишга ундайди. Шоирлар, ёзувчилар, актёрлар, санъаткорлар етишиб чиққан юртда 3-ренессанс ёшлари билими, ташаббуслари билан кўзга кўриниб боряпти.

Шуниси билан фахрланамизки, бўстонлик ёшлар жуда китобсевар. Ёнимиздаги ахборот кутубхона маркази доим китобхонлар гавжумлиги билан эътиборни тортади.

Бу нурхонанинг раҳбари Маҳобатхон Маматалиеванинг айтишича, 17 минг 842 та босма, 310 мингдан зиёд электрон китоб фондига эга кутубхонанинг аъзолари сони 14 мингга яқинлашди.Уларнинг эҳтиёжига қараб кутубхона фонди бойитиб бориляпти. Энг қувонарлиси, китоб ҳадя қиладиганлар сони ҳам кўпаймоқда.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.