Атрофга назар

Долзарб: “Битта овоз – бир литр ёғ, 30 та тухум, 50 минг сўм пул...” ёхуд замонавий тиланчиликМИ?


27.03.2024   719

“Битта овоз – бир литр ёғ, 30 та тухум, 50 минг сўм пул...” ёхуд замонавий тиланчиликМИ?

Аввало, сарлавҳадаги бироз қўполлик учун узр. Аммо гувоҳи бўлаётганларимиз онгу шуурда айни фикрни уйғотиб бўляпти-да, на илож. Кўча-кўйнинг гавжум масканлари дейсизми, пиёдалар йўлагими – хуллас, йўловчи ўтадиган жой борки, “опен бюджетчилар” макон қилиб улгурган. “Битта овозга 50 минг сўм”, “битта овоз – бир литр ўсимлик ёғи”, “битта овоз - бир клетка тухум”, “битта овоз – совун, сода” каби айирбошлаш аллақачон авж олган. Ҳатто асабгаям тегишни бошлади.

Тўғри, бу ҳолат “Ташаббусли бюджет” амалга татбиқ қилинганидан бери ҳар йили такрорланади, ҳамма ижобий ёки салбий фикр айтиб чарчамайди, аммо ҳар нарсанинг меъёри бор.

Бугун кўраётганларимизнинг ҳаммаси ҳақиқат. Гувоҳига айланаётганларимизнинг ҳаммаси, аччиқ бўлса ҳам айтамиз, ҳалол ўғирлик ёхуд замонавий тиланчилик... Фақат асл тиланчиликдан фарқли ўлароқ “опен бюджетчилар”нинг қўлида айирбошлашга арзирли маҳсулоти бор. Ҳар битта овозни шунчадан сотиб олишаётганларга қараб ҳатто раҳмингиз ҳам келади гоҳи.

Айтайлик, шу пулни ҳаммасини йиғса, ўша муаммони ҳал қилиб бўлмайдими?! Ҳеч бўлмаса, қайсидир жойига ямоқ бўлишга яраб қолар...

Жорий йилдаги “Ташаббусли бюджет”да овоз бериш жараёни 13 март куни бошланган ва 1 апрелда тугайди. Аҳоли унга қадар ўз лойиҳалари учун кўпроқ овоз тўплаш мақсадида юқоридаги сингари турли усуллардан фойдаланишни бошлаб юборишган.

Таъкидлаш керак, мазкур жараёнда фуқаролар инфратузилмани яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўлларни қуриш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этишлари мумкин.

Албатта, бугунги кўчалардаги ҳолатни тўғри қабул қиламиз. Ҳамма ҳам ўз ҳудудидаги муаммо ечимига камарбаста бўлишни истайди. Овоз беришда кўпроқ овоз тўплаш учун аҳолига турли илтимослар билан қилинаётган бундай мурожаатлар ҳатто телеграмм ижтимоий тармоғида ҳам махсус канал ва ботлар очилишига сабаб бўляпти, фуқаролар овоз бериш эвазига ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига пул беряпти.

Ижтимоий тармоқларда “Open budjet”га овоз йиғиш ҳолатлари танқидий муҳокамаларга сабаб бўлаётгани бор гап. Ўзимиз ҳам мақолани шу муносабатга яқинроқ мулоҳаза билан бошладик. Бироқ масалага ҳар томондан қараш кераклигини унутмадик.

Жамоатчилик фаоллари, айниқса, иқтисодий мавзуларга бефарқ бўлмаганларнинг аксарияти ижобий фикрда эканлигини қайд этишимиз жоиз. Масалан, иқтисодчи Ботир Қобилов лойиҳани Ўзбекистонда охирги йилларда содир бўлган энг зўр жараёнлардан бири, деб атайди. Жумладан у ўз муносабатида “... мени қувонтираётган кузатувлардан бири инсонларда “бу бизнинг пулимиз, давлатники эмас, давлат бизнинг туманга, қишлоққа қачон пул ажратар, қачон асфальт қилар экан деб кутиб ўтиргунча, ўзимиз шуни фаолроқ бўлиб қилсак бўлар экан” деган тушунчалар кўпаймоқда.

Оддийгина рақамларга кўра, ўтган мавсумдаги лойиҳада қарийб 13,4 миллион ўзбекистонликлар овоз берибдилар. Жуда катта рақамку бу”, - дейди.

“Gazeta.uz” эса лойиҳа одамларни умумий ташаббуслар атрофида бирлаштириш ва фуқаролик фаоллигини ривожлантираётгани ҳақида ёзганди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги собиқ доимий вакили Матильда Димовска “Gazeta.uz”даги мақоласида ташаббусли бюджетлаштириш аҳолига муаммоларини ҳал қилиш ва ҳаёт сифатини яхшилашда алоқадорлик ҳиссини кучайтиришини таъкидлайди.

davletov.uz телеграмм канали ҳам шу фикрлар тарафдори эканлигини кўрамиз: “... шу масала фақат негатив томондан мавзу қилиб олиб чиқилаётгани ачинарли. Чунки бу биз учун жуда керак тизим. Уни ёмонотлиқ қилишга, уни салбий бўёқлар билан кун тартибига олиб чиқишлар бизга фақат зиён келтиради”.

Эслатиб ўтамиз, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси давлат бюджетининг шаклланиши ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнига аҳолини фаол жалб этиш ҳамда жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш мақсадида йўлга қўйилган. Ўтган қисқа даврда ушбу лойиҳа доирасида жойларда кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Зилола РАҲМОНОВА.