Андижонда

Галстуксиз учрашув. Ёки жамиятнинг оғриқли масаласига малҳам топиш мақсадида ташкил этилган мунозара хусусида


15.09.2023   694

Куни кеча Олий суд раиси ўринбосари Ҳалилилло Тўрахўжаев Андижонда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари раислари, ФҲДЁ бўлимлари мудиралари, оила марказлари ҳамда маҳаллалардаги оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялари вакиллари билан учрашди.

Тадбир мавзуси хусусида сўз очишдан аввал мулоқотнинг расмиятчиликдан, маърузабозликдан ҳоли бир шаклда, ғоят самимий руҳда кечганини таъкидламоқ жоиз. Олий суд раиси ўринбосари минбарга ҳам чиқмай – шундоққина залда ўтирганлар қаршисига келиб, муддаога кўчдики, тадбирнинг “галстуксиз учрашув” форматидаги айни шакли иштирокчиларнинг ҳам ўз фикру мулоҳазаларини эмин-эркин баён этишларига туртки берди.

Яширишнинг ҳожати йўқ – никоҳдан ажрашишлар сонининг кескин ортаётгани бугун жамиятнинг энг оғриқли масалаларидан бири. Зотан, бир оиланинг пароканда бўлиши келгусида уй-жой, мол-мулк, алимент каби низолар кўпайиши эҳтимолини юзага келтириши баробарида фарзандлар камоли ва руҳиятига-да салбий таъсир кўрсатиши бор гап. Бирники – мингга, мингники – туманга, деган ҳаётий нақлдан келиб чиқилса, бу ҳол бора-бора оилавий қадрият тушунчасининг йўқолиб боришига, маънавий ҳаёт издан чиқишига олиб келади.

Тадбирдан асосий мақсад шу: йиғилганлардан оилаларни мустаҳкамлаш ҳамда никоҳни бекор қилишга оид низоларни камайтириш юзасидан қонунчиликка таклифлар сўраш эди. Чунки даврада жам бўлган турли соҳалар вакиллари кун тартибидаги мавзуга доир ўткир ҳаётий масалаларни, керак бўлса, қонунчиликдаги бўшлиқлар туфайли келиб чиқаётган муаммоларни яхши билишади-да.

Мулоқотда сўз олган ФҲДЁ бўлими вакилларидан бирига кўра, оилавий келишмовчиликлар сабабларини аниқлаш ва ечим топиш самарадорлиги бевосита эр-хотиннинг руҳий ҳолатига боғлиқ бўлсада, оилаларни яраштиришда айни жиҳатга етарлича эътибор берилмаяпти. Шундай экан, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялари таркибига тажрибали психологларни киритиш даркор.

Бошқа бир ФҲДЁ бўлими мудираси ҳам юқоридаги фикрни қувватлаган ҳолда, хорижий мамлакатларда оиладаги турли низоларини ҳал этишда оилавий психологларнинг ҳам роли муҳимлиги, бизда эса бундай мутахассислар фаолияти йўлга қўйилмаганлигини билдирди. Пировардида у ҳам МФЙларда оилавий психологлар фаолиятини ҳамда судлар билан ҳамкорлигини, шунингдек, судлар томонидан никоҳдан ажратиш масаласини кўриб чиқишда оилавий психолог хулосасини олиш амалиётини кенг йўлга қўйиш зарур, деган таклифни илгари сурди.

Судьялардан бирининг қайд этишича, қонунчиликда никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларнинг судлар томонидан кўрилишида эр-хотиннинг суд мажлисида иштироки мажбурий қилиб белгиланмаганлиги, айрим ҳолларда эр-хотин ўрнига вакиллар иштирок этаётганлиги, шу тоифадаги ишларни сиртдан иш юритиш тартибида кўрилаётганлиги баъзан никоҳдан ажратиш сабабларини аниқлаш ва низонинг тўғри ҳал этилишида муаммо ва қийинчиликлар туғдирмоқда. Шундан келиб чиқиб, оила ва фуқаролик процессуал қонунчилигига никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар судларда кўрилишида эр ва хотиннинг иштирок этиши мажбурий эканлиги ҳақида қоида киритиш керак. Вакил орқали иштирок этиш, сиртдан иш юритиш ҳақидаги қоидаларни ушбу тоифадаги ишларга нисбатан бекор қилиш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилса, бу айни йўналишдаги низоларни тўғри ҳал этишга ёрдам беради.

Ўртага ташланган яна бир таклиф бундай бўлди: ФҲДЁ органи фаолиятидаги амалиётга кўра, никоҳга кириш истагида бўлган шахсларнинг аризаси дарҳол кўриб чиқилиши ва никоҳнинг қайд этилиши оилавий ажримлар сонининг ортишига олиб келади, чунки амалдаги қонунчиликда белгиланган бир ойлик муддат давомида ҳам аксарият фуқароларнинг никоҳдан ўтиш хоҳиши ўзгариб, ФҲДЁ органига никоҳдан ўтиш учун келмаган ҳолатлар учрайди. Шундан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги ташаббуси билан таклиф этилаётган никоҳни бир кунда қайд этишга доир таклифни муҳокамадан олиб ташлаш керак. Шунда никоҳни қайд этиш бўйича нотўғри амалиёт ва ажрашишлар сони кўпайишининг олди олинади.

Хуллас, қарийб бир ярим соат давом этган тадбирда йиғилганлар жуда фаол бўлишди. Фикрдан фикр унар, дегандек айтилган мулоҳазалар мунозараларга айланди, пировардида бир-бирини такрорламайдиган ўттизга яқин таклифлар қоғозга тушди. Уларнинг қанчаси тегишли чиғириқлардан ўтиб, келгусида ҳаётга татбиқ этилади – бу энди вақт ҳукмидаги масала. Муҳими шуки, кун тартибидаги мавзуга қалб амри ила ёндашган масъулларнинг куйинчаклик билан берган таклифлари у ёки бу арзимас сабаб билан дарз кетиш арафасида турган биргина оилани сақлаб қолишга хизмат қилса ҳам, бу жамиятнинг катта ютуғи дегани.

Нурилло Нўъмонов,

Андижон вилояти суди матбуот котиби