Атрофга назар

ГАЗЕТАМИ ЁКИ ИНТЕРНЕТ?


28.11.2023   716

Тан олиш керак, интернетнинг одамлар ҳаётига шиддат билан кириб бориши босма оммавий ахборот воситалари – газета ва журналларга бўлган талабни кескин сусайтирди. Авваллари оила аъзолари орасида талашиб мутолаа қилинган газета ва журналларни энди кўпчилик сотиб олмай ҳам қўйди.

Нима учун?

Бугун ахборот майдонида бугун рақобат кучли. Кекса авлод вакилларини айтмаганда, деярли кўпчилик интернет тармоқларини танлаяпти. Биринчидан ахборот тезлиги, деган тушунча учун, кейин эса турли шов-шувли воқеалар... Айримларида ҳатто таҳлил йўқ, кўрингани каби берилаверади, асл моҳиятнинг очиб берилмаётгани ҳам одамларни қизиқтирмай қўйгани сир эмас. Бундан ташқари, имло деган мезондан бир сакраб ўтиб кетишаверади.

Босма оммавий ахборот воситаларига келсак, илк галда чоп этилган мақолаларнинг муаллифида ҳам улкан масъулият бор. Ҳар бир мақола ёки хабар муҳаррир чиғириғидан ўтади, таҳлил қилинади.

Иккинчидан, босма нашрлар – жонли тарих. Уларда ўз даврининг нафаси сезилиб туради. Ота-онам журналист бўлгани боис, уйимизда ҳатто 70-80-йилларга оид газеталар тахлами бор, ҳозир ҳам республика ва вилоят нашрларига обуна бўлишган. Ўзим ҳам ўша давр газеталарини ўқиб, мулоҳаза қиламан. Аслида ҳам эшитиш бошқа, кўз билан кўриб, ўқиш бошқа-да. Газета ёки журнал ўқиган одамнинг тил бойлиги, тафаккур кенглиги ҳам юксалиб боради.

Хўш, газета-журналлар мутолааси бизга нима беради?

Аввало, уларнинг бизга тегадиган энг катта фойдаси бу саводхонлик масаласидир. Чунки мазкур оммавий ахборот воситаларида азалдан шаклланган ва қатъий қоидага айланган имло талабларига риоя қилиш тартиби бор. Яна тўғри гап тузиш –стилистикани ўрганамиз. Бундан бошқа жуда муҳим ва фойдали сабоқ борки, бу ҳам бўлса, таҳрирдир. Бинобарин, таҳрир журналистнинг қаламини чархлайди.

Бу билан интернет нашрларини ёхуд сайтлар, тармоқлар фаолиятини қоралашдан фикридан мутлоқо йироқман. Ҳар гулнинг ўз ифори, ўз харидори бор. Танлов ҳар кимнинг ихтиёри.

Аммо истаймизми-йўқми, босма нашрлар ҳамиша барча медиа йўналишларининг асл маҳорат мактаби бўлиб қолаверади.

Зилола РАҲМОНОВА