Андижонда

ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ БОБУР ИЖОДИЙ МЕРОСИГА БАҒИШЛАНДИ


14.02.2023   296

Ҳар бир халқнинг тарихий ва маданий-миллий қиёфасини белгилайдиган буюк шахслари, олимлари, йирик адиб ва шоирлари бўлади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, тарихчи, истеъдодли саркарда, Ҳиндистонда 332 йил ҳукм сурган Бобурийлар сулоласининг асосчиси сифатида бутун дунёга маълум ва машҳур дилбар шахсдир. Қолаверса, Бобур фақиҳ, тилшунос, санъатшунос, этнограф, ҳайвонот ва набобат оламининг билимдони сифатида ҳам ўз давридаёқ ном қозонган. Биз унинг биргина "Бобурнома” асарини ўқиганимизда унинг 20 дан ортиқ соҳага қизиққанлигига гувоҳ бўламиз.

Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида ном қолдирган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома” асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой ола билди.

Буюк сиймонинг айни мероси масалаларига бағишланган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция Янги Андижон массивида бўлиб ўтмоқда. Анжуман дастурига, шунингдек, 1992 йилда ташкил этилган Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва илмий экспедициясининг 2022 йилда бажарган ишлари ва келгусидаги устувор вазифалари баёни, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари қутловлари, бобуршуносликка оид янги илмий маърузалар, хорижлик тадқиқотчиларнинг чиқишлари каби масалалар киритилган.

Бетакрор шоир, заковатли олим ва таржимон, донишманд тарихчи, йирик давлат ва маданият арбоби, моҳир саркарда. Ўзининг 47 йиллик ҳаёти давомида асрлар оша дунёни ҳайратга солиб келаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ана шундай юксак эътирофга сазовор бўлди.

«Andijonnoma.uz» online гуруҳи.