Андижонда

Хорижий тилларни ўрганиш учун, аввало она тилини мукаммал билиш зарур


30.01.2023   253

Мамлакатимиз Президенти ҳар гал Парламентга Мурожаатномасида Янги Ўзбекистон аввало, мактаблар остонасидан бошланишини алоҳида таъкидлаб ўтадилар. Бу йил ҳам тизимдаги муаммоларни рўйи рост таҳлил қилиб, бу борада катта-катта вазифалар белгилаб бердилар. Аввало, “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”, дея умумтаълим мактаблари фаолиятига эътибор қаратиш зарурлигини айтиб ўтдилар.

Болалар – келажагимиз. Баркамол авлод билан учинчи ренессансни қурамиз. Бу эса бевосита уларнинг тарбияси учун масъул бўлган биз ўқитувчиларга кўп жиҳатдан юксак масъулият юклайди. Биз эса ана шу улкан бойликни кечаю-кундуз кўз қорачиғидек асрагувчи фидойи касб эгаларимиз.

Президентимиз биринчи навбатда, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилишини айтиб, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилишини алоҳида уқтириб ўтдилар.

Бу улуғвор вазифаларни ҳаётийлигини таъминлаш биз ўқитувчилардан оқилона сиёсатнинг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англаш ва хулосалар чиқариб ҳаракат қилишдек масъулиятни ўз зиммаларига олишни тақозо қилади.

Дарс машғулотларини ўтар эканман ўқувчиларнинг нутқига, муомала маданиятига, уларнинг она тилига бўлган ҳурматига жиддий эътибор қаратаман.

“Сиз соф ўзбек тилида қанча гаплаша оласиз? Савол бир кўринишда оддий туюлса-да, жавоб беришга шошилманг. Кун давомида ким биландир мулоқотингизга эътибор қаратинг. Она тилимизни бузмасдан, соф ҳолда гаплаша олармикансиз?”Бу саволим кўпчилик ўқувчиларни мулоҳаза юритишга чорлайди. “Сиз инглиз тили ўқитувчиси бўлсангиз, нега ўзбек тили ҳақида сўрайсиз?” деган эътирозлар ҳам бўлади. Шунда хорижий тилларни ўрганиш учун, аввало она тилини мукаммал билиш зарурлигини утқитаман.

Юқори синф ўқувчиларидан бири бирор воқеадан хайратланса: “О my god” дейдиган одат чиқарди. Танбеҳ бердим. Ҳартугул, у иборани ишлатмай қўйди.

Бaъзи бир ўқувчилар aйтaётгaн сўзининг мaънoсини ҳaм билмaйди. Гўёки ажнабий сўзлaрни ишлaтсa зaмoнaвий шaхсгa aйлaнaрмиш. Aммo бу зaмoнaвийлик эмaс илмсизлик, oдoбсизликдир. Тaшқaридaн қaрaгaндa жудa ҳaм хунук ҳoлaт.

Айниқса, инглиз тили ўқитувчилари дарс машғулотларини инновацион усулларда, ананъанавий тарзда олиб борсалар ўқувчининг ўзлаштириши, қизиқиши ортади. Мен дарсларни юқорида айтганимдек, ўзбек тили билан қиёслаган ҳолда орлиб бораман.

Шу билан бирга интерфаол усуллар дарс давомида ҳар бир ўқувчининг иштирокини таъминлайди. Масалан, мавзуни доскага ёзаманда ўқувчилардан “Мана шу мавзу ҳақида нималарни билишни хоҳлайсиз? Стикерга ёзиб мана шу дарахтга ёпиштиринг”, дея доскага дарахтнинг расмини чизаман. Ўқувчилар бир муддат ўйланишади-да, билмоқчи бўлганларини ёзиб ёпиштиришади.

Мавзуни ўтиб бўлгач, “Сизни қизиқтирган саволларнинг қайси бири жавобсиз қолди,” дейман. Шу тариқа уларни фаолликка чорлайман.

Ёки оила мавзусида ҳар бир ўқувчи оиласи ҳақида қисқача баён ёзишади. Кейин оғзаки гапириб беришади.

Жамоа бўлиб ишлаш ҳам яхши самара беради. Масалан, дарс бошланиши билан ўқувчиларни икки гуруҳга бўлиб, уларни ижодий ишлашга жалб қиламан. Кейин топшириқни намойиш қилиб беришади.

Тил - дунёнинг калити дейишади. Агар хориж тилларини билсангиз, қоқилмайсиз. Бунинг учун эса аввало, она тили грамматикаси, стилистикаси, орфографияси қоидаларини мукаммал билиш талаб этилади.

Президентимизнинг Парламентга Мурожаатномасида айтилганидек, биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз. Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли янги авлодни тарбиялашимиз зарур. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.

Эъзоза ЖАББОРОВА,

Қўрғонтепа тумани Қорасув шаҳридаги

53-умумтаълим мактаби инглиз тили ўқитувчиси.