Андижонда

“ИККИНЧИ НОН” уни етиштиришда қўрғонтепалик деҳқонларнинг сир-синоати бор


16.06.2023   698

Вилоятимиз майдон жиҳатидан кичик бўлсада уч иқлим минтақасида жойлашган. Бу эса барча қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштириш имконини беради. Ноз-неъматларнинг кетма-кетликда пишиб, бозорлардаги нарх-навонинг мўтадиллигини таъминлашда ҳам қўл келади. Масалан, вилоятимизнинг жанубий ҳудудларида картошка май ойининг бошларидаёқ йиғиштириб олинган бўлса, шимолий қисми – Қўрғонтепа туманида эса энди пишиб етиляпти.

Картошкани нафақат биз, балки дунё аҳолиси ҳам иккинчи нон дея таърифлайди. Сўнгги маълумотларга кўра, мазкур махсулотни етиштирувчи давлатлар сони 156 тага етган. Умумий ҳисобда ҳар йили 377 миллион тоннага яқин картошка етиштирилмоқда. Бу борада Ўзбекистондаги қарийиб 3 миллион тонна ҳосил олиб, дунё давлатлари ичида 23 ўринни қайд этган. Қўрғонтепанинг иқлими айнан картошка етиштириш учун қулай. Бу йил тумандаги сабзавотчиликка ихтисослашган 250 фермернинг200 нафари 1800 гектар ерга эртаки картошка уруғини қадаган. Ҳозирга келиб гулини тўкиб, ҳосилга кирган. Тумандаги “Савай ариғи сувлари” фермер хўжалиги деҳқонлари “иккинчи нон”ни парваришлашда суяги қотган. Ҳар йили янги навни синовдан ўтказишни канда қилишмайди. Мақсад энг юқори ҳосилли навни танлаб олиб, даромадни ошириш. Бу йил 15 гектар майдонда икки турдаги картошка етиштирилмоқда.

-Қўрғонтепа тоғ олди туман бўлгани учун, бизда картошка яшил бўлади. Бу йил баҳорда экишда бироз қийинчилик бўлди. Лекин мана ҳаммаси ортда қолди. Чунки, барча нарса деҳқонни меҳнатига боғлиқ, - дейди фермер Зоиржон Ғаффоров - Иккинчи нон деб таърифланган картошкани етиштирувчи деҳқонлар кузги ҳосилни экмаса, уйқусини йўқотади. Уни алмашиб экишга қатъий риоя қилиниши шарт. Шу боис эртаки картошка етиштирилган ерга кейингиси экилмайди. Кузги деҳқончилик ғалладан бўшаган майдонларга кўчади. Уни экишнинг ҳам ўзига яраша сир-синоати бор.

Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА