Андижонда

ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВЛАР - ЭНДИ УРОЛОГИК КАСАЛЛИКЛАР ДАВОСИДА ИМКОНИЯТ


25.03.2023   193

Андижон давлат тиббиёт институтида “Урологик касалликларни даволашда инновацион ёндашув” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Дастлаб олий таълим муассасаси ректори ҳамда хорижлик мутахассислар иштирокида учрашув ташкил этилди. Соҳа доирасидаги амалий ҳамкорликларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилгач, меҳмонларга эсдалик совғалари тақдим этилди.

Сўнгра Доғистон, Россия, Туркия, Германия, Жанубий Корея каби қатор давлатлардан 15 нафар мутахассислар онлайн тарзда, 65 нафардан зиёд республикамизнинг етакчи мутахассислари, уролог, эндоуролог, онкоуролог, андрологлари, таянч докторантлар, ёш олимлар магистр, ординаторлар, мустақил изланувчилар ва бакалавр талабалари вакиллари иштирок этган анжуманнинг асосий қисми бошланди. Унда қатнашчилар АДТИ клиникасидаги эндоурология маркази ва унинг имкониятларидан фойдаланиш истиқболлари ҳақида маълумотларга эга бўлдилар.

Таъкидланганидек, айни вақтда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ГИЗнинг “Ўзбекистонда илғор тиббий технологияларни бошқариш” лойиҳаси асосида институт клиникасида эндоурология маркази фаолият олиб бормоқда. ГИЗ томонидан ажратилган 130 минг евро маблағ эвазига йўналишдаги замонавий тиббий жиҳозлар келтирилган. Эндиликда беморларда тиғ тегдирмай, кесмай, тўлқин орқали сийдик йўлидаги тошларни майдалаш аппарати ёрдамида юқори жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Марказда асосан водий бўйича эндоурология мутахассислари тайёрланади. Симуляция маркази, ўқув хоналари, конференция заллари барчаси юқори технологиялар асосида жиҳозланган, бу эса курсантлар учун соҳани янада мукаммал ўрганишлари, изланишлари учун замин бўлаётир.

Шунингдек, ўқув марказда Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларида фаолият юритаётган урологик жарроҳлар илғор жаҳон тажрибалари, замонавий таълим методлари асосида ҳамкасблари билан малака оширмоқдалар. Водий аҳли учун дунё андозаларига мос ва хос равишда тиббий хизматлар кўрсатилмоқда, ўз навбатида юқори мураккаб операциялар ўтказилмоқда.


Урология соҳасида мана шундай лойиҳаларни амалга ошириш, соҳа тараққиёти учун янги инновацион технологияларни қўллаш, биргина мамлакатимиз мутахассислари билан эмас, халқаро миқёсда тажриба алмашинувини йўлга қўйиш мақсадади ўтказилган анжуманни кириш сўзи билан очган олийгоҳ ректори М.Мадазимов бугунги кунда институтда амалга оширилаётган тадбирлар, ҳамкорлик алоқалари, ўтказилаётган жарроҳлик амалиётлари хусусида алоҳида қайд этди. Вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмоновнинг конференция қатнашчиларига табриги ўқиб эшиттирилгач, Германия Федерацияси Росток университети ректори Волфанг Шарек ҳамда ГИЗ ташкилотининг Соғлиқни сақлаш дастури директори Корнелиа Беккер ҳам самимий фикрларини билдирдилар.

Анжуман доирасида мутахассислар урологик хасталиклар, уларни эрта аниқлаш, даволашда янги технологияларни қўллаш, олиб борилаётган ислоҳотлар самараси тўғрисидаги маърузалари билан иштирок этдилар.

-Илғор ташхис воситалари шифокорларга касалликларни эрта босқичлардаёқ аниқлаш имконини беради, - дейди Германиянинг Росток университети мутахассиси Оливер Хакенберг. – Албатта, даволаш технологиялари ҳам катта аҳамиятга эга. Ахир урология, айниқса болалар урологияси – шифокорлардан юқори аниқликни талаб қилувчи жуда нозик соҳа. Ўзбекистонлик ҳамкасблар билан ташкил этилаётган бундай анжуманлар ташхис қўйиш ва касалликларни даволашдаги янги усуллар борасида тажриба алмашишга хизмат қилмоқда. Шу ўринда ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг юқори профессионал даражасини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Репродуктив саломатлик борасида, худди бошқа соҳалар каби, болаликдан қайғуриш керак. Касалликни илк ривожланиш босқичида аниқлаш ёки уни даволаш учун болаларнинг, айниқса ўғил болаларнинг ота-оналари жуда эътиборлари бўлишлари лозим. Инсон неча ёшда бўлишидан қатъи назар, ҳар йили бир марта УТТдан ўтиш керак. Бу эса хасталикларни эрта аниқлашга, даволашда кечикмасликка сабаб бўлади.

Онлайн ва офлайн тарзда бўлиб ўтган илмий-амалий анжуман соҳа тараққиётида чинакам тажриба алмашинувига, истиқболли таклифлар ва тавсиялар муҳокамасига айланди.

Зилола РАҲМОНОВА.