Андижонда

ИСЛОҲОТЛАРНИ МУВАФФАҚИЯТЛИ АМАЛГА ОШИРИШБОРАСИДА КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ВА АМАЛИЙ ИШЛАРНИ КЎРСАТИШИМИЗ ЗАРУР


01.09.2023   104

- Ҳурматли Шуҳратбек Қўшақбоевич, Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа - мамлакатимиз Мустақиллигининг ўттиз икки йиллик тўйини кўтаринки кайфият билан қарши олаяпмиз. Кейинги 7-8 йил ичида дунё билан бўйлашиш, ҳеч кимдан кам бўлмаслигимизни намоён этиш, ислоҳотлар инсон қадри учун эканлиги ҳар бир соҳада намоён бўлмоқда. Бу саодатни ҳар бир андижонлик юракдан ҳис қилаяпти.

Сиз вилоятдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг ташаббускори ва уларнинг марказида турган ислоҳотчи раҳбар сифатида бу янгиланишларнинг мазмун-моҳиятини биринчи навбатда нималарда кўрасиз?

- Мана шу саволни ҳар куни ўзимга бераман. Ва жавобини Улуғнордан то Хонободгача бўлган ҳудудларнинг марказидан тортиб, олис қишлоқларидан топишга ҳаракат қиламан.

Атрофга назар солсангиз, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, унинг халқаро майдондаги обрў- эътибори ва нуфузини юксалтириш, инсон қадрини улуғлаш каби эзгу мақсадлар йўлида йирик кўламдаги ижобий бурилишларга гувоҳ бўласиз. Қувонарлиси, мана шу саъй-ҳаракатларда кўпмиллатли, олижаноб халқимиз биргаликда, аҳил-иноқликда астойдил изланяпти.

Буни замонавий ишлаб чи ариш қувватларини яратиш, илғор инновацион технологияларни жорий этиш, ҳудудлар инфратузилмасини жадал ривожлантиришдан тортиб, жамиятда маънавий барқарорликни сақлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларидаги самарадор натижаларда яққол кўраман.

Она Ватанимизнинг шонли байрами олдидан шаҳар ва туманларда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари шиддат билан олиб борилмоқда.

«Ҳар бир кун - бу имконият, ҳар бир кун - бу келажак учун пойдевор» деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятини теран англаб бораяпмиз.

Хусусан, вилоятимизда жорий йилнинг январь-июнь ойлари якунини таҳлил қилсак, асосий макроиқтисодий кўрсаткичларда ўсишнинг барқарор юқори суръатларига эришилди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 26,6 трлн. сўмни, ўсиш суръати 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 103 фоизга тенг бўлиши таъминланди.

Саноат корхоналари томонидан 28,8 трлн. сўмга тенг маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, амалдаги режа 103,5 фоизга бажарилди. Истеъмол товарлари ҳажми 20,6 трлн. сўмга тенг бўлиб, натижа 101,3 фоизни ташкил қилди (Республикадаги улуши 24,3 фоиз). Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликлари фаолиятларида ҳам ижобий силжишларни кўрамиз.

- Экспорт ҳажмини ошириш мақсадида янги турдаги жаҳон андозалари талаб-ларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи замонавий саноат корхоналари, агрокластерларбарпо этилмоқда. Мавжуд ишлаб чиқариш корхоналарига хорижий ҳамкорларни жалб этиш орқали самарадорликка эришяпмиз. Шундай эмасми?

- Албатта. Дастлабки 7 ойлик якуни билан ташқи савдо айланмаси ҳажми 2330,3 млн. долларни ташкил қилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 111 фоизга тенг бўлди. Андижонлик ишбилармон тадбиркорларнинг астойдил меҳнати билан жами 595,9 млн. долларлик экспорт амаллари бажарилди. Самара эса 105 фоизга етказилди.Импорт ҳажми 1734,4 млн. долларни, ўсиш суръати 113,2 фоизни ташкил этди.

Экспорт ҳажми ортиши билан бир қаторда товарларни экспортга чиқаришни диверсификациялаш соҳасида ҳам ижобий натижаларга эришилмоқда. Яъни, экспортга чиқарилаётган маҳсулотларни таркибига назар соладиган бўлсак, вилоят бўйича авваллари четга чиқарилмаган янги турдаги маҳсулотлар сотуви йўлга қўйилмоқда.

Бугунги кунда Андижонда ишлаб чиқарилаётган товар ва хизматлар дунёнинг 30 дан зиёд давлатига жумладан, Россия Федерацияси, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Тожикистон ва бошқа турли хориж мамлакатларига чиқариляпти

Бундан икки йил олдин - 2021 йилда Бирлашган Араб Амирликларига борганимда, мезбонлар билан катта лойиҳа келишувини имзоладик. Андижонга қайтиб, лойиҳа доирасида ишларни бошлаб юбордик. Натижада Пахтаобод туманининг "Маданият" ва "Гулистон" массивларида 470 гектар майдонда агросаноат кластери ташкил этилмоқда. Бу ерда жаҳон бозорининг энг қиммат резавор меваси - голубика етиштиришни йўлга қўйдик.

Ўзбекистонда энг йирик мембранали сув резервуари қурилиб томчилатиб суғориш асосида замонавий боғ яратиляпти. Лойиҳа тўлиқ ишга тушса, 2000 га яқин аҳолининг бандлиги таъминланади. Қолаверса, инсон саломатлиги учун кони фойда голубика етиштириш ҳажмини ошириш Ўзбекистон иқтисодиётига фақат фойда олиб келади.

Маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда уларни ривожлантириш бўйича ҳоким ёрдамчилари томонидан 1 трлн. сўмлик янги 2 минг 581 та микролойиҳалар ишлаб чиқилди. Уларни амалга ошириш ҳисобига 18,3 мингта иш ўринлари яратилиши белгилаб олинган.

Бугунги кун ҳолатига 138,5 млрд. сўмлик 579 та микролойиҳалар амалга оширилди. Бунинг учун 40,3 млрд. сўмлик банк кредитлари ҳамда 200 млн. сўмлик хорижий маблағлар ўзлаштирилиб, 2 минг 919 та янги иш ўрни яратилди.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганида, Булоқбоши туманида 13 таМФЙ «аъло» баҳоланиб, яхши иш ташкил этилган. Шунингдек, Қўрғонтепа туманида 68 та, Андижон туманида 62 та, Марҳаматда 35 та,Бўстонда 18 та, Балиқчида 46 та, Шаҳрихонда 54 таМФЙлар «яхши» баҳоланган.

Микромарказларни ташкил этишда маҳаллаларнинг жойлашуви ҳамда ихтисослашувига алоҳида аҳамият бериш зарур. Чунки имконият ва хоҳишлар уйғунлиги бўлмаса, натижа кўринмайди. Ҳозирда 8 та туманда 2,7 гектар ер майдонида микромарказлар ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, Булоқбоши туманининг Қумгузар маҳалласида ҳунармандчилик йўналишида микромарказ ишга туширилиб, фойдаланишга топширилди ва 85 нафар иш ўрни яратилди.

Мавжуд имконият, хом ашё ва бошқа ресурсларни инобатга олган ҳолда, маҳаллий саноат тармоқларини ривожлантириш доимий вазифаларимиздан бири. Бу йилда саноат маҳсулотларини 65,4 трлн. сўмга, шундан ҳудудий саноатни 14,3 трлн. сўмга етказиш белгилаб олинган.

Ўтган 7 ой давомида вилоятда жами қарийб 10 мингта саноат корхонаси, шундан мониторинг учун танлаб олинган 55 та йирик саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг 6 ой якуни билан вилоятда 28,8 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўтган йилга нисбатан кўрсаткич 103,5 фоизга тенг бўлди. Бундан ташқари, ҳудудий саноат ҳажми 7,5 трлн. сўмни ташкил этиб, белгиланган натижа 128 фоизни ташкил этди.

Йил якунига қадар вилоятда 65,4 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 115,5 фоизга тенг бўлиши кўзда тутилган.

Марҳамат туманидаги пахта-тўқимачилик кластери -"МАРҲАМАТ ТЕКСТ" ҚК томонидан умумий қиймати 23 млрд. сўмлик трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилиши натижасида 720 нафар янги иш ўрни яратилди.

2023 йил якунига қадар пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан умумий қиймати 3 трлн. 46 млрд. сўмлик жами 18 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 15 минг нафар фуқаро бандлиги таъминланади.

Жумладан, Балиқчида "ТЕТРА ТЕХ", Шаҳрихонда"SAXOVAT TEKS", Булоқбошида "ХЎЖАОБОД ФАЙЗ-М" каби масъулияти чекланган жамиятлар фаолият бошлайди.

- Биз Ҳаракатлар стратегиясида ўз олдимизга Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифаларни стратегик мақсад қилиб қўйган эдик. Бу эзгу мақсадлар ифодаси Андижонда ҳам бўй кўрсатди.

- Худди шундай. Яқинда «Ўзбекистон - 2030» стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони ва қарори лойиҳалари вилоятимиздаги давлат идора вакиллари ҳамда фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокида қизғин муҳокама қилиниб, таклифлар олинди.

Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, кучли иқтисодиётнишакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш бош мақсадимиз. Бу мақсадларни амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба тўғри йўлда эканлигимизни кўрсатди.

"Ўзбекистон - 2030" стратегияси 5 та муҳим йўналишни қамраб олгани билан аҳамиятли. Мазкур стратегиянинг мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари осон қабул қилиш ва тушуниш учун қулай шаклда ифодаланган бўлиб, унда 100 та мақсад назарда тутилган. Буларнинг барчаси инсон қадрига эътибор юксалиб бораётганидан дарак беради.

Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистонни барпо этиш - бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.

Бу демократик ўзгариш- ларни кимларгадир ёқиш, мақтаниш, турли рейтингларга кириш учун эмас, аксинча, ўзимизга сув билан ҳаводек зарур бўлгани учун, халқимиз, авваламбор, ёш авлодимизнинг бугунгиҳаёти ва эртанги истиқболини ўйлаб, миллий манфаатларимиз йўлида амалга оширмоқдамиз.

Айниқса, «инсон ҳуқуқ ва эркинликлари», «қонун устуворлиги», «очиқлик ва ошкоралик», «сўз эркинлиги», «дин ва эътиқод эркинлиги», «жамоатчилик назорати», «гендер тенглик», «хусусий мулк дахлсизлиги», «иқтисодий фаолият эркинлиги» сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бораётгани эътиборлидир.

Бир ҳақиқатни очиқ тан олишимиз лозим: вақт ўтиши билан ислоҳот жараёнлари тобора кенгайиб бормоқда, шиддатли замон олдимизга янада улкан вазифаларни қўймоқда. Ҳаётнинг ўзи бизни кўп нарсага ўргатмоқда. Шу сабабли биз доимий изланишдамиз. Изланиш бор жойда ютуқлар билан бирга камчилик ва нуқсонлар ҳам бўлиши табиийдир.

Халқимизда «Ҳаракатда - баракат» деган нақл бор. Биз энг қийин босқичдан ўтдик, яъни йўлимизни аниқ белгилаб, катта ишларни бошладик. Энди ҳамма гап ислоҳотлар йўлини қатъият билан давом эттириш ва мантиқий якунига етказишда. Бу, албатта, осон эмас. Муҳими, кейинги йилларда бундай улкан ва мураккаб вазифани амалга ошириш учун етарли сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-институционал замин яратилди.

Биз халқимизнинг оғирини енгил қилиш, унинг муаммоларини вақтида ва самарали ечиш, ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилашни барча ислоҳотларимизнинг бош мақсади этиб белгилаб олганмиз. Вилоят раҳбаридан тортиб, шаҳар ва туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари мана шу тамойилни иш тартибига айлантирган. Ҳокимларнинг сайёр қабуллари замирида ҳам айнан шундай интилиш ва ҳаракатларимиз мужассам эканини англаш қийин эмас. Бугунги кунда биз эришган энг муҳим натижа ҳам аслида шу - демократик ислоҳотларимиз ортга қайтмайдиган тус олди.

Бугун одамлар уйғонмоқда, жамият уйғонмоқда. Маънавий уйғоқ жамият - бу, ҳеч шубҳасиз, қудратли кучдир. Президентимиз эътирофлари билан айтганда, йўлимиз шу пайтгача осон бўлгани йўқ, бундан кейин ҳам осон бўлмайди. Лекин биз дадил олдинга боришдан, керак бўлса, кутилмаган, аммо пировард натижаси самарали ва халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ноанъанавий қарорлар қабул қилишдан чўчимаслигимиз зарур.

- Мустақиллик айёми арафасида Президентимиз томонидан бир гуруҳ тадбиркорлар муносиб тақдирланди. Улар орасида андижонликларнинг борлиги бизга фахр-ифтихор туйғусини беради.

- Андижонлик- ларнинг қонида ишбилармонлик, изланувчанлик жўш уради. Қолаверса, вилоятимиз аҳли меҳнатдан қочмайдиган, йиқилса, ортга чекинмасдан кўзланган маррага интилаверадиганлар сирасидан. Байрам арафасида нафақат тадбиркорлар,ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, қурувчилар, солиқ тизими нозирлари, ҳарбийларимиз ва жуда кўп соҳа вакиллари турли даражадаги тақдирловларга муносиб топилдилар. Олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли ҳар бир соҳага тизимли ёндашилаяпти. Касбини, ҳунарини севган одам астойдил ишлаяпти. Самарадор натижалар эса муносиб баҳосини олмоқда.

Янги Ўзбекистон - бу, аввало, янгича иқтисодий муносабатлар, янгича иқтисодий дунёқараш демакдир. Ислоҳотлар аҳолининг барча қатламлари манфаатларига ижобий таъсир кўрсатмоқда: тадбиркорлар ўз бизнесини ривожлантириш учун эркинлик ва янги-янги имкониятларга эга бўлмоқда, деҳқон ва фермерлар, кластер хўжаликлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг ҳақиқий эгасига айланмоқда.

Юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилди. Кейинги пайтда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари», «маҳаллабай» ва «хонадонбай» ишлаш усуллари айнан шу мақсадда жорий этилди. Муаммога оид мавҳум кўрсаткичлар эмас, балки ёрдам ва кўмакка муҳ-тож ҳар бир оила ва фуқаронинг, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммолари ўз жойида аниқ ўрганилмоқда, вақтида ва самарали ҳал этилмоқда. Ана шундай кенг кўламли ишларни амалга ошириш учун раҳбарлар қулай ва шинам кабинетлардан чиқиб, бевосита пастга, маҳалла даражасига тушиб ишламоқда.

Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур англаб олишимиз керак: тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш - фуқаролар, халқимиз фаровонлигини оширишнинг энг самарали йўли, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг пировард мақсадидир.

Бинобарин, биз энди ақлимизни, интеллектуал салоҳиятимизни, билим ва тажрибамизни оширишимиз, айнан ана шу омилларни иқтисодий ўсиш нуқталари ва ресурс манбаларига айлантиришимиз шарт.

Бу ниманинг ҳисобидан бўлади? Албатта, бунга билим ва тажриба, тинимсиз ўқиб-ўрганиш, изланиш, янгиликка интилиш, юқори технологияларни жорий этиш, ислоҳотларни самарали олиб бориш ҳисобидан эришиш мумкин.

- Кейинги 6-7 йил ичида вилоятимиз миқёсида ташқи сиёсатга, дунёдаги олис ва яқин давлатлар билан дўстона ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда.Бу борада ички ва ташқи сиёсатнинг ўзаро боғлиқ ва уйғун жиҳатлари нималарда намоён бўлади?

- Аввало, дунёдаги барча тараққийпарвар мамлакатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан яқин дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратмоқдамиз. Хорижга амалий ташрифларимиз давомида, албатта, ишончли ҳамкорлар топишга, манфаатли шартномалар имзолашга интиламиз.

Ёинки хорижий инвесторларнинг Андижонга ташрифи доирасида, албатта, вилоят ҳокимининг қабулини ташкил этаман. Кўзланган мақсад битта - вилоятимиз ҳар жиҳатдан ривожлансин, халқимиз ҳаёти янада фаровонлашсин. Шуни фахр билан айта оламан, дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайди.

Биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан муносабатларимизда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳал этилди. Чегаралар очилди. Қўшни-қўшниси билан, ака-укаси, ота-боласи, қариндош-қариндоши билан узилиб қолган алоқаларни тиклаб, бир мамлакатдан иккинчи давлатга эмин-эркин бориб кела бошлади. Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларимиз жадал ривожланмоқда.

1 сентябрдан Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ID карта орқали икки давлатга кириб чиқиш тўғрисидаги баённома кучга киради. Марҳамат тумани ҳамда Хонобод шаҳрида божхона постлари ва чегара ўтиш пунктлари ишга туширилиши ҳам мана шу имкониятларнинг яққол намунасидир.

Замонавий ҳаётни бугун илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди, инсоният фан ўқи атрофида айланаётгандек гўё. Жаҳоннинг етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Негаки, мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқдир.

Президентимиз ҳар бир нутқларида янги Ўзбекистон келажагини таълим сифати орқали кўрмоқдалар. Халқ таълими тизимидаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, умумтаълим мактабларида ўқитувчилар ва ўқувчилар учун барча шарт-шароитлар яратиляпти. Хусусан, вилоятимизда сўнгги йилларда мактабларнинг моддий-техника базаси яхшиланиб, фаолият бошлаётган замонавий типдаги янги таълим масканлари сони ортиб бормоқда.

Ўқитувчи ва мактаб раҳбарларининг иш ҳақи оширилгани таълим сифатига, натижадорликка ижобий таъсир кўрсатди. Энди ҳар бир ўқитувчи малака ва тажрибасига, ўқувчисининг эришган ютуқларига қараб ҳақ олиши ҳам адолат мезонларидан бўлди.

Мустақил ва эркин фикрлайдиган, замон талабига жавоб берадиган авлод шаклланмоқда. Улар Ватанимизнинг эртанги кунини, тақдирини ўз қўлига олишга қодир фарзандлардир.

Энди фақат таълим жараёнини жаҳон андозаларига мос равишда йўлга қўйиш билан бир қаторда, болаларни жисмонан соғлом ва бақувват, дунё спорт майдонларига бемалол, ҳайиқмасдан чиқа оладиган этиб тарбиялаш малакаси янги босқичга кўтариляпти. Бу борада болалар спортини ривожлантириш йўлида катта қадамлар қўйилганлиги бежиз эмас.

2024 йилда футзал бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилишни вилоятимиз ўз зиммасига олган. Бу жуда катта ишонч ва масъулият.Ҳозирда йирик кўламда тайёргарлик ишлари кетмоқда. Мен Андижон нафақат боксчилари, оғир атлетикачилари, курашчилари балки футболчилари билан ҳам машҳур бўлишига ишонаман.Футбол жамоамизнинг, аёллар футбол жамоасининг ютуқларини ҳамиша қўллаб-қувватлайман.

Айни пайтда мамлакат миқёсида спортнинг оммавийлигини янада ошириш, жаҳон ареналарини забт этиш, юксак профессионал спортчилар етиштириш йўлида комплекс чора-тадбирлар кўрилаётир. Бунда ҳар бир ҳудуд, ҳар бир туманнинг ўзига хос жиҳатлари ҳисобга олинмоқда. Андижон шаҳридаги Универсал спорт маж- муасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари хайрли ҳаракатларимиз учун дадил қадамдир.

Яна бир муҳим жиҳатга тўхталмоқчиман. Бугун транспорт оқими тез суръатлардакўпаяётганлигини ҳисобга олсак, кўча ва йўллар қурилиши диққат-эътиборимиздаги асосий масалалардан бири эканлиги аён бўлмоқда. Ички ва умумфойдаланувдаги йўлларнинг равонлиги ҳудуднинг салоҳиятини белгиловчи омиллардан биридир. Шу боис, барча туман ва шаҳарларда ички ва марказий йўлларни шағаллаштириш, асфальтлаш ишлари давом этмоқда. Зарур жойларда бетон қопламалар ётқизиляпти.

Шаҳар ва туманлар марказларининг меъморий қиёфасини яхшилаш, уларнинг жозибадорлигини ошириш, асосий туристик йўналишларда замонавий объектлар қурилаётгани ҳам вилоятимиз кўркига кўрк қўшаётир. Хонободда ўтказилган «Дунё садолари» халқаро фестивали кўплаб хорижликларга Андижонда мана шундай баҳаво, том маънода айтадиган бўлсак, очиқ осмон остида, яшил арчазорларга бурканган табиий «шифохона» борлигини намоён этди. Республикамизнинг турли гўшаларидан, дунёнинг турфа мамлакатларидан келган меҳмонлар Хонободнинг мусаффо ҳавосию саранжонм-саришталигига, андижонликларнинг меҳмондўстлигига қойил қолиб кетишди. Фестиваль ички ва ташқи туризм ривожи, гастрономик ва эко сайёҳлар учун эшикларни янада кенгроқ очишга имкон берди.

- Ўттиз икки йил. Тарих учун бир сониялик муддат бўлиши мумкин. Лекин она Ватанимиз тараққиёти саҳифаларида ёрқин из қолдиради. Истиқлол байрамини кўтаринки руҳ, улкан натижалар билан кутиб олишимиз керак. Бу жараёнда туман ва шаҳар ҳокимлари қандай бўлиши керак?

- Вилоятда таълим, соғлиқни сақлаш тизимлари ривожи кун тартибидаги масалалар сирасидан. Таълим масканларини кўпайтириш, фарзандларимизнинг сифатли ва пухта билим олишлари учун зарур шароитлар яратиш, одамларнинг саломатлигини тиклаш, даволанишлари учун қулай ва замонавий жиҳозланган шифо масканларини кўпайтириш, хизматлар даражасини кўтаришга жиддий киришганмиз.

Халқимизни рози қилиш учун янги қирраларни, янги имкониятларни топишимиз зарур. Мамлакат тараққиёти йўлида ўзини аямасдан хизмат қилаётган ҳар бир инсон - қайси соҳада қайси вазифани бажармасин, бу ютуқлардаменингқандай ҳиссам бор, дея ўзига ҳисобдорлик, танқидий-таҳлилий назар ташлаши лозим.

Президентимиз нутқларида: Бугун одамлар уйғонмоқда, жамият уйғонмоқда. Маънавий уйғоқ жамият - бу, ҳеч шубҳасиз, қудратли кучдир, дедилар. Халқнинг ташвишлари, қувончларини ўйлаб яшаш ҳар қандай раҳбарнинг биринчигалдаги вазифасидир. Элнинг фаровонлиги, бозорларнинг баракаси, дастурхонларнинг тўкинлиги, қўйингки, одамларнинг кайфияти шу юртни бошқариб турган раҳбарга кўп жиҳатдан боғлиқ.

Ватанимиз мустақиллигининг шонли 32 йиллигини эзгу ва олийжаноб ниятлар билан қарши олаяпмиз. Юрт равнақи йўлидаҳар биримиз салоҳиятимизни, куч-ғайратимизни, борлиғимизни бахшида этишимиз шарт.

Бугунги кунда Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бормоқда. Айнан мана шу жараён мен учун ислоҳотларимизнинг энг катта натижасидир. Чунки, мақсаднинг аниқлиги ҳаракатлар самарасини таъминлайдиган энг муҳим мезондир. Ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш борасида кенг имкониятлар ва амалий ишларни кўрсатишимиз зарур.

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.