Атрофга назар

Қўлга китоб олмоқ,  замонавий билимларни энг юқори даражада ўрганмоқ, ҳаётга татбиқ этмоқ вақти ҳозир


17.01.2024   1245

Мана, орадан бир асрдан кўпроқ вақт ўтсада, жадидлар нафаси ҳаётимизда янада ёрқинроқ намоён бўлмоқда. Сўнгги йилларда чоп этилган Жадидлар тўплами, улар ҳақида олинган фильмлар, президентимизнинг маънавий-маърифий маърузаларида жадидлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтганлиги, "Жадид" газетасининг илк нашри, бундан ташқари адабиётшунос олимлар, илм одамларининг жадидлар тўғрисидаги баҳсли мунозаралари йилни якунлаб берди.

Жадид деганда ким нимани тушунади? Унинг тарихи қандай? Жадидлар кимлигини озми кўпми билсакда, кўпчилик нима учун айнан жадидлар ҳаёти, ижоди айни шу пайтда яна бошидан ёдга олиниб, тарғиб қилинаётганига ҳайрон бўлаётган бўлиши мумкин.

XIX аср охири ХХ аср бошларида бир қанча маърифатпарварларимиз томонидан халқни илм олишга, ғафлат уйқусидан уйғотишга, таълим-тарбия борасида ҳаракатга келишга ундовчи ҳаракат бошланади. Жадидидчилар ушбу маърифат машъаласини ёққан зиёли қатламимиз десак, адашмаймиз.

Жадидчилик намояндалари Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Усмон Носирлар даврнинг энг даҳшатли ўзгаришларида, қатағон йилларида мардонавор турдилар. Халқни илм олишга чорлаш, қулликдан озод бўлишга ундаш, юртнинг бошига келган балолардан илму маърифат билан чиқиб кетиш, дунёга юзланиш ҳақида қўрқмай айта олганликлари учун ҳам отувга ҳукм қилинган "халқ душманлари"дир улар.

Орадан бир аср ўтиб ва ниҳоят улар оқландилар. Кўп ўйладим. Нега айнан ҳозир ёдга олаяпмиз, ўрганяпмиз, ёқлаяпмиз, илмини тарғиб қиляпмиз.

Негаки, айнан ҳозир ҳам ўша даврдагидек талатўп замонда яшаяпмиз. Онлайн қарамлик, илмсизлик, порахўрлик авж паллада. Миллат ўқимай қўйди. Жадидлар халқим илм олсин деб илк мактабини очди. Дунёқараши кенгайсин деб, илк газеталарни нашр қилдирган эди. Беҳбудий илк саҳна асарларини халққа тақдим қилган бўлса, Абдулла Қодирий романчиликка асос солган эди.

Эндичи. Маънавият улашувчи нашрлар қўл тегмай сарғаймоқда. Таълим даражамиз ҳавас қилгулик эмас. Олдинга қадам ташлашдан кўра, тобора ортга қараб юрмоқдамиз.

Уларнинг миллатга қарата айтган сўзлари айни бугунги кунимизга алоқадор. Бугунги ташвишларимиз билан бир. Орадан юз йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлсада, миллат дарди пул, тўй-тантана, мансаб, обрў. Ўша пайтдагидек ҳавойи нафсга учган халқ. Ғафлатга берилган, узлатга чекинган.

Илм олиш, уйғониш вақти келмадимикин? Қўлга китоб олмоқ, замонавий билимларни энг юқори даражада ўрганмоқ, ҳаётга татбиқ этмоқ вақти ҳозир. Дунёга юзланиш, халқимизни, миллатимизни бирлашмоқ пайтидир ҳозир. Уйғонинг миллат аҳли, кўзни очмоқ вақти келди. Уйғонинг.

Моҳигул СИДДИҚОВА.