Андижан 24

Матбуот анжумани: «АНДИЖОН» ФУТБОЛ КЛУБИ 60 ЁШДА


05.11.2024   552

Хабарингиз бор бундан 60 йил олдин яъни 1964 йилда «Андижон» футбол клуби ташкил этилган. Юбилей байраминимуносиб ўтказиш мақсадида Андижон шаҳрида жойлашган «Заҳириддин Муҳаммад Бобур» номидаги футбол аренасида фаҳрий ҳамда таниқли футболчилар иштирокида «Футбол шоу» режалаштирилган.

Бугун эрта тонгда «Андижон» футбол клубининг 60 йиллик юбилей байрамига ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бошчилигидаги делегация Андижонга ташриф буюрди.

Даставвал, меҳмонлар Андижонда жойлашган футбол академиясида бўлиб, тарбияланувчилар учун яратилган шароит ва олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.

Шундан сўнг, Андижон шаҳридаги Ёшлар маркази биносида Равшан Эрматов бошчилигидаги делегация аъзолари, жумладан, Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқов, Азамат Абдураимов, Сервер Жепаров, Рахмиддин Зикрияев ва Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Футбол клуб аъзолари, ёш футбол клуб тарбияланувчилари, ОАВ вакиллари, журналист, веб-сайт админлари, блогер ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов сўз олиб, “Андижон” футбол клубини 60 ёшга тўлгани муносабати билан иштирокчиларни улар орқали барча андижонликларни муборакбод этди.

Ҳаммаси ўз-ўзидан бўлмайди, - дейди Р. Эрматов. - Катта меҳнат талаб қилинади ва буни самарасини кўриб турибмиз. Кўп йиллардан бери биламизки, Бахтиёр Ҳамидуллаев, Рустам Абдиев ва бошқаларни меҳнати сингган. Булар “Андижон” футболининг афсоналари. Ҳурматли Президентимизнинг қўллаб-қувватлашлари, ғамхўрликлари эвазига футболда шунча шарт-шароитлар яратиляпти. Натижалар ҳам шунга яраша бўлмоқда. «Андижон»ни биринчи марта Ўзбекистон Кубоги финалига чиқиб ва ўша финални ичига кириб кетадиган даражада ўйин кўрсатиб, ғалаба қозонгани – бу бутун Андижон ҳалқини ютуғи. Андижонда футбол ҳар доим бўлган. Энг муҳими, кейинги йили айнан Андижонда Осиё Чемпионлар лигаси ўйинлари ўтиши бутун Андижон учун катта байрам!

Бу йил биринчи марта юртимизда ФИФАнинг футзал бўйича жаҳон чемпионатини биргаликда муваффақиятли ўтказдик, дея сўзини давом эттирди Равшан Эрматов. - Куни кеча Кореядан учиб келдим. У ерда ФИФА президенти Жанни Инфантино юқори минбардан туриб 211 давлат футбол раҳбарлари орасида Ўзбекистонни алоҳида эътироф этиб, ўз тарихида биринчи марта Ўзбекистон ФИФА мусобақасини ташкил қилганига қарамасдан уни энг юқори савияда ўтказди. Айниқса, мухлислар Андижонни бутун дунёга янада танитди, дея эътироф этди.

- Бугунги кунда ҳар бир соҳада ривожланиш бўлаётгани каби спортда айниқса, футболда ҳам ривожланиш бўлаётгани ҳея кимга сир эмас. Буни барча тан оляпти. Мана, Олимпиадага биринчи марта чиқдик. Олимпиада иштирок этишни бутун умр орзу қилардик. “Ултрас Бургут” Францияда бутун дунёга мухлислик қилиш даражасини намойиш қилди. Бу борада янги маданият шаклландики, бутун дунё ишқибозларини бирлаштирди ва бу борада катта мактаб яратди дея ўз сўзини якунлади ЎФА биринчи вице-президенти.

Тадбир давомида «Андижон» клубининг 60 йиллик юбилейи муносабати билан ўзбек футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун ЎФА томонидан таъсис этилган кўкрак нишонлари “Андижон” клуби бош мураббийи Александр Хомяков, U21 жамоаси мураббийи Абдурашид Исмоилов ва «Андижон» фан-клуби раиси Нодирбек Тўйчиевга тантанали равишда топширди.

Тадбир якунида мутасаддилар йиғилганларга байрам тадбири доирасида ўтказилиши режалаштирилган футбол учрашуви, тақдирлаш маросими ҳамда концерт дастури бўйича маълумотлар берди.

Иштирокчилар ва ОАВ вакиллари ўзларининг қизиқтирган саволларига етарлича жавоб олдилар.

Матбуот анжумани қизиқарли ва савол жавобларга бой тарзда ўтди.