Андижонда

МЕҲНАТИМДАН УЯЛМАЙМАН - БАХТИМНИНГ КАЛИТИ ШУ


20.05.2023   207

“Сут, қатиқ, қаймоқлар келди-и-и-и!”

Эрта тонгда кўп қаватли уйда яшовчиларни кўпинча соат жиринглаши эмас, мана шу овоз уйғотади. “Дом”лар орасида жаранглаб, акс-садо бериб чиққани учун уни эшитмасликнинг иложи йўқ.

Шаҳарликларни сут маҳсулотлари билан таъминлаб турувчи аёллар тирикчилик ташвишида сиз уйғонмасингиздан аввал пайдо бўладилар.

Нонуштага ёғликкина сут ичмоқчи, сутли бўтқа ёки ширгуруч емоқчи бўлганларга янги соғилган сут эшигининг тагига келиши мойдай ёқади, албатта.

Сут сотувчилардан бири - Гулмиранинг овози жуда ширали. Ҳар гал эшитганимда “шу қиздан яхши хонанда чиқарди-да”, деб қўяман.

Гулмира Олтинкўл туманининг Маслаҳат қишлоғидан. 6 нафар фарзанди бор. 5 қиздан сўнг ўғиллик бўлган аёл катта рўзғор камчиликларини тўлдириш учун турмуш ўртоғи билан баб-баравар ҳаракат қилади. Сигирини соғиб, қатиқ ивитади, қаймоқ тайёрлайди, сариёғ куйдиради, буюртма қилганларга сутнинг ёғини олмасдан қайнатиб олиб келади. Камига қўшниларининг сут-қатиғини ҳам сотиб беради.

- 30 йилдан бери шу иш билан шуғулланаман, - дейди Гулмира Азизова. - Фақат сут маҳсулотларигина эмас, томорқамиздан нимаики чиқса, сотгани олиб келаман, “дом” да яшайдиганлар буюртма беришади. Бу ердагилар билан худди қон-қариндошдай бўлиб кетганмиз. Мавсумга қараб, қишда кўпроқ сариёғ, тузламалар, иликузилди пайтда сумалак, кўкчучвара, гилос пишиғида гилос, бодринг-помидор, компотлар, хуллас, бекор ўтирмайман. Мана, ҳадемай томорқамизга экилган картошка етилади, униям кавлаб сотамиз.

-Сигирингиз неча литр сут беради? – қизиқиб сўрайман Гулмирадан.

-Бир кунда 2 маҳал соғамиз, 7-8 литр сут беради. Сути қуюқ ва ёғли. Илгари 3 маҳал ҳам соғардик. Қачон соғсак сут чиқаверарди. Ҳозир бузоғи анча катта бўлиб қолган, ўзиям қариб қолди. Ахир 7 та туғди-да. Яна бир сигирим болалаш арафасида. Туғса, униям сут-қатиғи рўзғорга ҳарна ёрдам бўлади.

Гулмиранинг айтишича, турмуш ўртоғи “болам-чақам, уй соламан, қиз узатаман”, деб хорижда ишлаб юрибди. 2 йил олдин ишлагани кетган эркакнинг анчагача ишлари юришавермади. Қизлари бирин-кетин бўй етиб келяпти. Уларни узатиш учун сеп-сидирға керак, еб-ичиш, тўловлар, кунда-куноша ҳаражат чиқади. Шундай пайтда бекор ўтириб бўлармиди?!“Эр хотин – қўш хўкиз”, деб бекорга айтишмаган, ахир. Аёл қизларини ёнига олиб томорқага экин экади, хамир қориб, патир ёпади, сигир соғиб, таппи юмалатади, кези келса лой қориб, ғишт қуяди. Тушган деворларни тиклаш, оқлаш ҳам, бузилган техникани тузатиш ҳам ҳозирча ўзининг гарданида.

-Худога шукр, эримнинг ишлари ўнгланиб, энди-энди пул чиқаришни бошлади. Ундаям юборган маблағига қурилиш учун ёғоч-тахта, шиферлар олиб қўйдик. Аста-секин қурилишниям бошлаймиз. Унинг топгани шунақа катта ҳаражатларга кетса, менинг кундалик топган пулим рўзғорга етиб турибди. 50 минг сўм топаманми, 100 минг сўмми, борига шукр қиламан. Муҳими, баракасини берсин, - дейди Гулмира.

У ҳалол ишлаб топган пулларига сеп қилиб икки қизини узатди, неваралар кўрди. Учинчи қизини тиббиёт билим юртида ўқитяпти, яна икки қизи ёнида, бири сут-маҳсулотлари тайёрлашда онасига ёрдам берса, бири бозорга чиқиб, идиш-товоқ сотади. Ёлғизгина ўғли ҳам қишлоқ боласи эмасми, меҳнатдан қочмайди, тантиқланмайди.

-Қора товуқнинг тухумини кўп сўрашганига ўғлимга товуқ, курка олиб берганмиз. Шуларни боқиб, ҳар куни менга тухум топширади, - дейди кулиб Гулмира.

Қишлоқ аёлларининг - “жони темирдан”. Гулмиранинг қилган ишларини кўриб баъзан, мен чарчаб кетаман. Қуш тинади, ит тинади, аммо, у тинмайди.

-Мана, қизларим катта бўлиб ёнимга кириб қолди. Баъзан,“ая, бўлди, ишламанг, уйда ўтиринг, чарчаб қоласиз, дадам ишлаяпти-ку”, деб қолишади. Уйма-уй юриб сут-қатиқ сотганимга уялишса керак-да. (кулиб) Беш қизи бор хотиннинг чарчашга, бекор ўтиришга ҳаққи йўқ, деб ҳазиллашаман.

Юзидан хушнудлик, лабидан кулги, тилидан шукроналик узилмайдиган бу аёлни ҳар кўрганимда кайфиятим кўтарилади. Қанийди, ўзбек аёлларининг ҳаммаси ҳам шундай меҳнаткаш, сабрли, оиласига вафодор, турмуш ўртоғига елкадош, солиҳа бўлса.

Муаззам ИБРОҲИМОВА