Андижон 24

ОНЛАЙН ТИЗИМНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ


29.10.2021   335

Избоскан туманида истемолчиларга суюлтирилган газни етказиб бериш онлайн тизим асосида олиб борилмоқда. Тумандаги “Туячи” МФЙ да истиқомат қилувчи 806 нафар суюлтирилган газ истеъмолчилари ҳам тўлиқ ID карталар билан таъминланган. Истеъмолчиларнинг 1111 дона маиший газ баллонларига эса бар-кодли ёрлиқлар ёпиштирилган. Йил бошидан бери маҳалла аҳлига “Избоскантумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан 93.02 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган. Бугунги кунда “Туячи”ликларнинг барчасига суюлтирилган газ онлайн тизим орқали етказиб берилмоқда.

“Онлайн тизимнинг афзалликлари шундаки, истеъмолчига етказиб берилаётган газнинг ҳаракатини бевосита кузатишимиз мумкин бўлади, - дейди "Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш хизмати бўлими бошлиғи Руслан Абдураҳмонов. – Шунингдек, истеъмолчи суюлтирилган газни қабул қилиб олишда ID картадан фойдаланганда нархни сунъий тарзда оширилишини олдини олган бўлади, шунингдек, газ тарқатиш жараёни ҳам тезлашади. Умуман, айтганда суюлтирилган газ етказиб беришнинг онлайн тизими истеъмолчилар учун афзал ва қулай бўлмоқда...”

Асака туманидаги “Олақанот” МФЙдаги 680 нафар истеъмолчи ҳам ID карталардан фойдаланишга ўтганлар. Маҳалла аҳлига йил бошидан бери 98.76 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Истеъмолчиларда жами бўлиб 1016 дона газ баллонлари бўлиб, уларнинг маиший газ баллонлари билан таъминланганлик даражаси 149 фоизни ташкил этмоқда. Барча баллонлар бар-кодли ёрлиқлар билан таъминланган. “Олақанот” МФЙ аҳолиси ҳам суюлтирилган газни онлайн тизим орқали қабул қилиб олмоқдалар.

Ҳар иккала маҳалладаги истеъмолчилар билан суҳбатлашилганда, онлайн тизимнинг афзалликлари, нархлардаги шаффофлик ва газ етказиб беришдаги тезкорликни алоҳида эътироф этишди.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати