САНЪАТНИНГ ЖУФТ ҚАНОТЛАРИ
15.05.2023 327
Рустамжон ака ва Муборакхон опа Ўрозовалар оиласини бугун нафақат жалақудуқликлар, балки вилоят, республикада ҳам яхши танишади, ҳурмат билан тилга олишади. Ҳунарманд оиланинг ҳавасмандлари кўп.
****
Жалақудуқ тумани Жанубий Оламушук шаҳарчасида Иккинчи жаҳон уруши ногирони Латибжон Шокиров оиласида дунёга келган қизалоқ болалигиданоқ ҳунар ўрганишга меҳр қўйди.Маҳалланинг қўли гул чеварлари бўлган бувиси Қориябуви ва онаси Мунаввархон аялардан тўй маросимлар учун либослар ва нақшинкор кашталар тикишни қунт билан ўрганди, нигоҳ билан “олганлари” янги ташаббусларниилгари суришига, янгича асарлар яратишига туртки бўлгани ҳақиқат.
Муборакхон мактабни битиргач, Низомий номли Тошкент педогогика олийгоҳининг расм ва чизмачиликйўналиши бўйича таҳсил олди. Дастлаб Андижон шаҳридаги 3- ўрта мактабда, кейинчалик Жалақудуқ туманидаги 22- мактабда ишлади. 2011 йилдан эса Жалақудуқ туманидаги 13- болалар мусиқа ва санъат мактабида тасвирий санъат, чизмачилик фанларидан ёш авлодга сабоқ бериб келади.
Фаолияти ютуқлар билан чамбарчас. Фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар, сертификатлар... барчаси илғор ғоялари учун замин бўлиб келаётир. Айниқса, 2019 йил унинг учун анча омадли келди. У Болалар мусиқа ва санъат мактаблари орасида ўтказилган “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” республика танловининг тасвирий санъат йўналиши бўйича III даражали диплом билан тақдирланди. Бу муваффақият муаллиманинг узоқ йиллик самарали меҳнатлари маҳсулидир.
Оилада хотиржамлик, қўллаб-қувватлагувчи суянч бўлсагина, иш фаолияти ёрқинлашиб бораверади, янги асарлар туғилаверади. Таниқли рассом, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси Рустамжон ака ва Муборакхон опа бу борада жуфт қанотлардир.
- Мен касбимни севаман, миллий ҳунармандчиликҳаётимнинг мазмунига айланган, - дейди Муборакхон Ўрозова. - Санъат бу - мўъжиза. Шунинг учун ишдан, уй юмушларидан бўшаганимда ижод қиламан. Турмуш ўртоғим Рустамжон ака суянч тоғим. Илк танқидчим, илк мухлисим, асарларимни биринчи бўлиб кўриб фикрини билдирувчи инсоним.
Муборакхон Ўрозова таълим-тарбия билан амалий санъатни ҳамоҳанг олиб боради. Ўзи тайёрлаган Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Нодира, Увайсий каби буюк аждодларимиз тимсолидаги миллий қўғирчоқлар орқали мурғак қалбларга алломаларимизга, амалий санъатимизга бўлган қизиқиш ва ҳурматни муҳрлайди. Шунингдек, "Лайли ва Мажнун", "Фарҳод ва Ширин" каби асарлар қаҳрамонларининг қовоқларга миниатюра ва наққошлик услубида сайқал берилган тимсоллари, қутичалар, кичик хажмли "Карвон", "Ипак йўли" деб номланган ҳайкалчалари, алоҳида дид билан ясалган гуллар, миллий кашталар орқали у аллақачон амалий санъатимизнинг моҳир усталаридан бири сифатида шаклланган. Қолаверса, униг ижод намуналари турли ярмаркаларда намойиш этилиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар эътиборига тушган.
Айни пайтда Муборакхон сайёҳлар учун совғабоп миллий буюмлар тайёрлаш бўйича ўқув қўлланма тайёрлаш устида иш олиб бормоқда. Мақсади халқ амалий санъати, миллий ҳунармандчилигимиз анъаналарини келажак авлодга қолдириш.
Ҳунарманд оила соҳиблари бир вақтнинг ўзида тумандаги 13- болалар мусиқа ва санъат мактабида тасвирий санъат, чизмачилик фанларидан ёш авлодга сабоқ бериб келмоқда. Уларнинг устахонаси ҳам ёнма-ён жойлашган. Ёзги таътил вақти уларни яшаш хонадонларидан тополмайсиз. Сабаби, санъатга ошуфта кўнгиллар табиат бағрини макон этишади. Жуфтлик она табиат, атроф-борлиқдан баҳра олмоқ, Яратганнинг инъомлари-мўъжизалардан илҳом олмоқ ниятида тоғ ёнбағирларига, қиру адирларга чиқиб кетишади.
-Юртимизнинг биз бормаган қир-адири, тоғлик қишлоқлари қолмади, - дейди Рустамжон ака. – Санъат одамларимиз. Табиатдан илҳом оламиз. Борлиқ мўъжизалари билан истеъдод бир-бирин тўлдиришига имкон берамиз.
4 фарзандни тарбиялаб, элга қўшган ҳунармандлар бугун ардоқда. Бир ўғлининг оғир хасталик сабабли бевафт вафоти жуфтликни янада бир-бирига жипслаштирди. Мусибатни бир-бирини овутиб, бир-бирини эҳтиёт қилиб енгишга ҳаракат қилиб келадилар.
Катта ўғли Азизбек ҳам рассом бўлган, ота-онасининг издоши, Тошкентда ижод қилади. Қизлари аллақачон уйли-жойли. Ўғлининг ҳар сафарги пойтахтга келиб яшашлари ҳақидаги таклифлари рад қилинаверади. Ота-она Оламушукни ташлаб кетгилари келмайди. “Ижодкорга кенглик, табиат керак” деб, бир-бирига суяниб, ижод қилиб яшашяпти.
Ҳозир 2 набираси ёнида. Ўзлари ишлаётган мусиқа ва санъат мактабида ўқишади, Асадбек пианино чалишни ўрганяпти, Афзалбек миллий чолғу асбобларига қизиқади.
Санъатнинг икки қаноти бир орзу сари интилишади: Ўз ҳовлиларида устахона очиб, умрбўйи яратган, тўплаган асарларини ўша ерга жамлаш, кўргазмалар ташкил этиб, бу санъат асарларини келажак авлодга мерос қилиб қолдириш.
Орзулар мақсадга, мақсадлар рўёбга айланиши бор гап. Хайрли ишнинг қулочи кенг. Ҳунарманд оила эса айни эзгулик билан ҳар нафасда эш.
Зилола РАҲМОНОВА