Атрофга назар

Сайлов – демократик жараёнлар кўзгуси!


19.09.2024   62

Кейинги йилларда мамлакатимиз сиёсий ҳаётида сайлов институти жамият ва давлат эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда изчил равишда такомиллаштирилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва Референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда сайлов тизими ривожланишини янги босқичга олиб чиқди.

Конституциявий қонун қабул қилиниши натижасида миллий қонунчилик базасидаги Сайлов кодекси ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур қўшимча ва ўзгартиришлар натижасида референдум ва сайлов тўғрисидаги қонунчилик Янгиланган Конституциямизга мувофиқлаштирилди, Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий, туман ва шаҳар сайлов комиссияларининг ваколатлари аниқлаштирилди, Қонунчилик палатаси депутатлари корпусини шакллантиришнинг мажоритар-пропорционал шаклига асосланган аралаш сайлов тизимини ҳуқуқий асослари белгилаб берилди.

Жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларда Қонунчилик палатаси депутатлари корпусини шакллантириш илк бор аралаш сайлов тизимида (мажоритар-пропорционал) амалга оширилиши белгиланган.

Жумладан, Қонунчилик палатасидаги мавжуд 150 та депутатлик ўриннинг 75 нафар депутати аввалгидек мажоритар, қолган 75 нафари эса пропорционал сайлов тизими асосида сайланиши белгиланган.

Амалиётда мажоритар ва пропорционал сайлов тизимларини уйғунлаштирувчи бундай тизим халқаро миқёсда Аралаш сайлов тизими деб юритилади.

Аралаш сайлов тизими дунёнинг кўплаб мамлакатларида, хусусан Германия, Венгрия, Италия, Япония, Испания, Мексика, Қозоғистон каби давлатларда мавжуд.

Ўзбекистонда илк бор парламентнинг қуйи палатаси аралаш сайлов тизими асосида шакллантирилади. Шунинг учун ҳам хориж тажрибасини ўрганиш долзарб аҳамият касб этади. Сўнги йилларда ўтказилган Германия, Япония ҳамда Қозоғистондаги парламент сайловлари аралаш сайлов тизими асосида бўлиб ўтган.

Жумладан, Германияда парламент – Бундестаг учун ўтказиладиган умумий сайловлар Федерал сайловлар деб аталади. Унда сайловчилар иккита: биринчи ва иккинчи овозга эга.

Бундестагнинг мавжуд 736 депутатлик ўрнининг 299 тасига сайловлар тўғридан-тўғри (бир мандатли – мажоритар) биринчи овоз бериш йўли билан ўтказилади. Бир мандатлик сайлов округларида сиёсий партияларнинг номзодлари билан бирга мустақил номзодлар ҳам кураш олиб боради. Сайловчиларнинг кўпроқ овозини тўплаган номзодлар сайланган ҳисобланади.

Бундестагдаги кўпчилик учун иккинчи овоз муҳим аҳамиятга эга. Бунда 437 нафар Бундестаг депутатлигига номзодлар пропорционал вакиллик тамойиллари асосида сайланади. Сайловчилар иккинчи овоз бериш билан бюллетендаги сиёсий партиялардан бирини танлайди. Мазкур тизимга кўра, сиёсий партиялар сайловчилар овозининг камида 5 фоизини тўплаган тақдирда Бундестагдан ўрин олиши мумкин. Aкс ҳолда, иккинчи овозларнинг барчаси бекор қилинади.

Федерал сайловдан кейин ҳам партияларнинг рўйхатлари ўз аҳамиятини йўқотмайди: агар парламент аъзоси парламентни муддатидан олдин тарк этса, депутатлик мандатидан воз кечса ёки вафот этса бўшаб қолган ўринлар тегишлилиги бўйича партиялар рўйхатида турган навбатдаги шахс билан тўлдирилади.

Япония сайлов тизими “Япония Конституцияси” ҳамда “Давлат идоралари органлари сайлови тўғрисидаги қонун” билан тартибга солинади.

Сайлов овоз бериш йўли билан ўтказилади. 18 ёшга тўлган ва ундан катта бўлган Япония фуқаролари Вакиллар палатаси аъзоларини сайлаш ва 25 ёшга тўлган ва ундан катта бўлган Япония фуқаролари Вакиллар палатасига сайланиш ҳуқуқига эга.

Вакиллар палатаси аъзолигига сайловлар аралаш сайлов тизимида ўтказилади. Хусусан, вакиллар палатасидаги мавжуд 475 та депутатлик ўрнига аъзоларнинг 295 таси тўғридан-тўғри (мажоритар), 180 таси пропорционал овоз бериш йўли орқали сайланади. Вакиллар палатаси аъзоларининг умумий сайловини ўтказиш бўйича сайлов ишларини бошқариш тўғрисида алоҳида қоидалар мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Бир мандатли сайлов округлари бўйича сайланадиган аъзолар сайловини Префектурал сайлов комиссияси (ҳудудий сайлов органининг номи) бошқаради. Пропорционал вакиллик орқали сайланадиган аъзолар сайлови Префектуранинг сайловни ўтказиш бўйича қўмитасиМарказий сайлов комиссияси томонидан бошқарилади.

Вакиллар палатаси депутатлиги учун умумий сайловлар 2021 йил 31 октябрида ўтказилган. Коронавирус пандемияси сабабли сайлов участкаларида бир қатор чекловлар ўрнатилган.

Қозоғистон сайлов тизими “Қозоғистон Республикаси сайловлари тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Парламент қуйи палатасининг 107 та депутатлик ўрни 9 тага қисқартирилган. Айни вақтда 98 нафар депутат мавжуд. Уларнинг ваколат муддати 5 йил.

Қуйи палатага депутатлик корпусини шакллантириш аралаш сайлов тизимида амалга оширилади. 98 та депутатлик ўрнининг 29 тасида тўғридан-тўғри (бир мандатли – мажоритар) овоз бериш, 69 тасида пропорционал овоз бериш орқали сайловлар ўтказилади.

Эътибор қаратадиган бўлсак, сайлов қонунчилигимизда, сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган партия рўйхатлари, бир мандатли ҳудудий сайлов округлари бўйича қўйилган депутатликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади.

Ҳар бир бир мандатли сайлов округида сиёсий партия томонидан фақат битта номзод рўйхатга олинади. Партия рўйхатига киритилган шахсни бир мандатли ҳудудий сайлов округи бўйича депутатликка номзод сифатида кўрсатиш тақиқланади.

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистонда 2024 йилдаги бўлиб ўтадиган сайловлар илк бор аралаш тизим асосида бўлиб ўтади, бу орқали эса янги Ўзбекистон сайлов тизимида янги сарлавҳа очилади деб умид билдириб қоламиз.

Нозимжон ЭРГАШЕВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси