Атрофга назар

СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДАГИ ҲАЁТБАХШ ИСЛОҲОТЛАР


25.06.2024   425

Маълумки, сўнгги йилларда, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида тарихий ислоҳотлар қатъият билан амалга оширилмоқда. Айниқса, судларнинг мустақиллигини таъминлаш ва мавжуд муаммоларни бартараф қилишга қаратилган кўплаб норматив ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 10 июнь кунги «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан, эндиликда жиноят ишлари бўйича тергов судьяси лавозими жорий этилаётганлиги ҳам инсон қадри ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Мазкур фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар–тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилади.

Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилади. Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартиби белгиланди.

Тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади. Улар томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

Фармонга мувофиқ, тергов судьяси лавозими учун штат бирликлари судларнинг мавжуд штат бирликлари ҳамда 2025-2027 йиллар учун ажратиладиган қўшимча штат бирликлари ҳисобига шакллантирилади.

Ушбу фармон билан Судьялар олий кенгашига Олий суд билан биргаликда 2025 йил 1 январига қадар тергов судьяси лавозими жорий этиладиган судларнинг юқори малакали ва масъулиятли кадрлар билан тўлдиришини таъминлаш юклатилган.

Фармонга мувофиқ, тергов судьясига қуйидаги жиноят материалларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилади.

Яъниқамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома;паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома; телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома; мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома каби санкциялар шулар жумласидан.

Шунингдек, айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома сингари мажбурлов чораларини белгилаш вазифалари ҳам бевосита тергов судьясининг ваколатига киритилмоқда.

Умиджон СОЛИЕВ,

Андижон вилояти суди судьяси.