Атрофга назар

Суд очерки: Боланинг болалиги ўғирланмасин


31.10.2024   54

Она ўғлини эрта тонгда уйғотди ва ишга кеч қолмасдан бориши кераклигини айтди. Абдуқодир эринди, ўрнидан тургиси келмади, ширин уйқу домидан чиқиб кетиш қийин, айниқса, ёш бола бўлса! Абдуқодир эса ҳали ёш, энди 13 га тўлган. Шундай бўлса-да, у ҳаётнинг бу қийинчиликларини синов деб билади. У нонушта қилиб, ўзи ишлайдиган мебель цехига қараб кетди.

Абдуқодирнинг бахтига ишхонаси узоқ эмас, пиёда ярим соатли йўл, у юриб кетаётиб, бир неча синфдош ўртоқларининг уйлари ёнидан ўтди. Ана, уларнинг бирортаси уйқудан уйғонмаган, чунки ҳозир таътил – ҳамма ўқувчилар дам олишмоқда. Абдуқодир зимдан синфдош ўртоқларига ҳавас қилади, улар таътил кунлари қуёш чиқмасдан уйқудан туришмайди, китоб ўқишлари ёки турли спорт тўгаракларига боришлари мумкин. Унинг эса бунга имкони йўқ. Аммо хоҳиши катта, айниқса, волейбол жону дили, бўйи баланд бўлгани учун ҳар қандай тўпга сакраб етади ва узун қўллари билан тўпни майдоннинг исталган жойига уриб тушириши мумкин.

Ана шундай ёқимли хаёллар билан Абдуқодир ўзи ўқийдиган мактаб олдига етганини ҳам сезмай қолди. Таътилга чиқишдан олдин синф раҳбари чорак якунида баҳоларини кўриб, унга танбеҳ бергани, ҳозир фақат ўқиши лозимлиги, меҳнат қилишга улгуришини гапириб, унинг дарсларни кўп қолдириши ва уй вазифаларини тўлиқ бажармаслиги сабабли баҳолари пастлигини айтиб уялтирганини эслади. Ўшанда ўқитувчисига оилавий шароити сабабли ўқишдан бўш вақтида мебель цехида уста ёрдамчиси бўлиб ишлаётгани, оз бўлса-да пул топиб онасига келтириши, отаси Россияда ишласа-да, оиласига пул юбормаётганини айтгиси келди, бироқ уйидаги муаммоларни айтишга ор қилди.

Абдуқодир мебель цехига етиб келгач, уни қийнаётган барча ўйларни ҳаёлидан қувиб юборди ва ҳар кунги ишига киришди, мебеллар ясаш учун келтирилган хом-ашё - ёғочларнинг қуриганлигини кўрди. Сўнг уларни текислаш учун дастгоҳ аррага сола бошлади. Устаси яна унга қовоқ уйиб танбеҳ берди, ёғочни текис ушламаслиги, уларни сифатсиз кесаётганини айтиб, уни уқувсизликда айблади.

Абдуқодир сергакланди, ишга бор эътиборини қаратди, кўплаб ғўла ва тахталарни текислади, дастгоҳ аррани ёғоч чиқиндилардан тозалади, кейин ишхонаси олдидан спорт кийимида, тўп кўтариб кетаётган бир гуруҳ ўзи қатори болаларга кўзи тушди. Ҳойнаҳой, бу болалар волейбол ўйнагани кетишмоқда, деб хаёл сурди Абдуқодир. Агар бу чанг цехда ишламаганда албатта бугун у ҳам ўйингоҳга борар ва ўртоқлари билан волейбол ўйнар эди. Унинг хаёлида гўё рақиб томонидан тўп узатилди ва юқоридаги тўп уришга жуда қулай тарзда тушаётгандек кўринди, ўзи тўпни урмоқчи бўлиб қўлини олдинга чўзди, аммо даҳшатли оғриқ унинг баданини чулғади, қўлидан сачраган қон уни ҳушига келтирди. Боланинг хаёли чалғиб ёғоч ушлаган қўли дастгоҳ арранинг ўткир тишларига текканини билмай қолган эди...

Бу тўқима ҳикоя эмас, судга Андижон тумани ИИБ томонидан тақдим этилган, ҳуқуқбузар Ф.Умаровга Ўзбекистон Республикаси МЖтК 491-моддаси билан, яъни вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузгани бўйича юритилган ишда бўлган ҳолатдир.

Судда, мебель цехи раҳбари Ф.Умаров, Андижон туманидаги 21-ўрта мактабнинг 8-синф ўқувчиси бўлган Абдуқодирнинг онаси илтимос қилгани учун ёрдамчи сифатида ишга олгани, унга оз бўлса-да ҳақ тўлагани ва иш ўргатгани, унга тан жароҳати етказилганлиги ҳолатида боланинг ўзи эҳтиётсизлик қилганини айтиб, жазодан қутулишга уринди. Аммо мебель цехида Абдуқодирдан бошқа болалар ҳам ҳунар ўргатиш баҳонасида мажбурий меҳнатга жалб этилгани, ишлаш шароитлари талаб даражасида эмаслиги, цех жойлашган маҳалла фаолларининг бу ҳақда Ф.Умаровга илгари ҳам бир неча марта эътирозлар билдиришгани судда ўз исботини топди ва ҳуқуқбузар юқоридаги қонун талабини бузгани учун тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди.

Абдуқодирнинг бахтига қўли жиддий шикастланмади, воқеадан сўнг бир неча кун ўтгач, шифохонадан чиқди. Бундан ҳабар топган Андижон тумани ҳокимлигидаги болалар масалалари бўйича комиссия томонидан Абдуқодирнинг ишига алохида эътибор қаратилганини таъкидлаш лозим. Комиссия унинг оиласига ҳар томонлама ёрдам кўрсатди, энди Абдуқодир ўртоқлари сингари мактабда дарсларни қолдирмай ўқияпти, волейбол тўгарагига аъзо, мактаб жамоасининг етакчи ўйинчиларидан.

Албатта, ушбу воқеанинг Абдуқодир учун ижобий якунлангани ҳаммани қувонтирди, лекин айрим фуқароларнинг осон пул топиш, фойда олиш мақсадида ҳанузгача болалар меҳнатидан фойдаланишаётгани жуда аянчли ҳолдир. Баъзи ота-оналар болалари ёшлигида меҳнатга жалб этилса, улар меҳнаткаш инсон бўлиб камол топишади деб ўйлашади. Аммо ҳамма нарсанинг ўз вақти бор, болаликда ўйнаш, ўқиш ва дам олишга вақт сарфлашни табиатнинг ўзи ва унинг қонунлари буюрган. Мажбурий меҳнатга жалб қилинган болаларнинг жисмоний ва руҳий ривожланишида салбий ўзгаришлар бўлиши, қадр-қимматининг пасайиши, боланинг ақлий ва бошқа турли қобилиятларини очиш, намоён қилиш имкониятларининг йўқолиши ўтказилган тадқиқотларда ўз тасдиғини топган.

Шундай экан, барчамиз болаларнинг мажбурий меҳнатга жалб этиб, болалар ҳуқуқ ва эркинликларини оёқости қилаётганларга қарши курашишимиз ва энг асосийси, “бахтли болалик” деган тушунчанинг барча фарзандларга насиб этишини таъминлаш муқаддас бурчимиз эканини унутмаслик лозим.

Зафаржон Омонов,

жиноят ишлари бўйича Андижон тумани судининг раиси