Андижон 24

СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ ЕТКАЗИБ БЕРИШДА ОНЛАЙН ТИЗИМ ИШЛАМОҚДА


19.11.2021   340

Газ тизими соҳасида онлайн режим асосида иш олиб бориш ва рақамлаштириш жараёнлари ҳам суюлтирилган газ таъминотига тадбиқ этилмоқда. Тизимда шаффофликни таъминлаш, коррупсия ва сунъий нарх оширилишини олдини олиш мақсадида аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришнинг онлайн “Е-Газ” тизими ишга туширилди. Бу борада барча истеъмолчиларга махсус ИД карталар бепул равишда тарқатилди ва барча маиший газ баллонлари махмум бар-кодли ёрлиқлар билан таъминланди. Ҳозирда вилоятимиз бўйлаб 423 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчиларига мана шу онлайн тизим асосида газ етказиб берилмоқда.

Андижон шаҳри эса вилоят бўйича энг кўп суюлтирилган газ истеъмолчиларига эга ҳудуд ҳисобланиб, шаҳарда 48 мингдан зиёд аҳоли суюлтирилган газ истеъмолчиси сифатида хатловдан ўтказилган. Истеъмолчиларда 95 мингдан зиёд ижара шартнома асосида тақдим этилган ва шахсий маиший газ баллонлари мавжуд. Йил бошидан шаҳарликларга “Андижоншаҳаргаз” газ таъминоти бўлими томонидан режа 6617.99 тонна бўлган ҳолда, амалда 7227.1 тоннадан зиёд суюлтирилган газ етказиб берилди ва белгиланган режа 109 фоизга бажарилмоқда.

“Ҳудудгазтаъминоти” АЖ бошқарув раисининг ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Андижон вилоятида бўлиб, аҳолининг суюлтирилган газ билан таъминланиши, куз-қишга тайёргарлик ҳамда суюлтирилган газ етказиб беришнинг онлайн тизими ишлаши билан қизиқди. Дастлаб “Дўстлик” МФЙ ўрамидаги аҳоли хонадонларига кирилди. “Дўстлик” МФЙда 713 та хонадон суюлтирилган газ истеъмолчиси ҳисобланади. Истеъмолчиларнинг барчаси онлайн тизим асосида ИД карталар билан таъминланган. Уларнинг 869 дона маиший газ баллонлари бар кодли ёрлиқлар билан таъминланган бўлиб, маҳалла аҳли йил бошидан бери 157.66 тонна суюлтирилган газдан фойдаландилар.

“..Бизни асосий мақсадимиз, “маҳаллабай” тизими асосида ҳар бир истеъмолчини ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ечишдир, - дейди “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бошқарув раисининг ўринбосари Тоҳиржон Турдиев. –Авваллари, ким қанча суюлтирилган газ билан таъминланаётганини аниқлай олиш жуда мушкул эди. Ҳозирда янги тизим асосида ҳар бир истеъмолчининг қачон ва қанча миқдорда газ олаётганини кузатишимиз мумкин. Ишчи гуруҳ ўрганишлар давомида камчилик ва муаммолар аниқланмоқда ва аниқланган камчиликлар шу ерни ўзида бартараф этилаяпти. Мисол учун, Андижон шаҳри жуда ҳам зич бўлганлиги учун, бир хонадонда 3-4 ҳатто 5 тагача хўжалик ёки оила истиқомат қилмоқда. Ўша хонадонда айтайлик 2 та ёки 3 та маиший газ баллони бор, лекин бир дона ИД карта билан таъминланган. Ҳозирда мана шундай хонадонларга қўшимча карталар ажратиб, масалани ҳал этишга киришдик...”

Ишчи гуруҳ билан аҳоли учрашувида ИД карталарнинг ишлаши, назорат тарозилари ва етказиб берувчи чилангарларнинг муомала маданияти ҳақида фикрлар алмашилди. Истеъмолчилар билан суҳбатда карталардан фойдаланиш қоидалари яна бир бор эслатиб ўтилди. Шунингдек, маиший газ баллондан фойдаланиш, ошхонадаги газ жиҳозлари, газ плитаси ва баллон оралиқ масофаси ҳақида ҳам тушунчалар берилди.

Шунингдек, 726 та суюлтирилган газ истеъмолчисига эса бўлган “Гулистон” МФЙга ҳам йил бошидан 164.04 тонна газ етказиб берилган. Учрашув давомида аҳолининг фикр-мулоҳазалари тингланиб, суюлтирилган газ етказиб беришдаги онлайн тизим ҳамда унинг аҳамияти ҳақида аҳолига маълумотлар берилди.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати