ЎЗБЕК ОИЛАСИНИНГ ҚИРҒИЗ КЕЛИНИ МУВАФФАҚИЯТГА ҚАНДАЙ ЭРИШДИ?
07.06.2023 282
Тоғ ёнбағрида жойлашган сўлим ва баҳаво бир маскан. Майин шаббода эсиб турибди. Дошқозондай қайнаб ётган Андижоннинг жазирамаси бу ерда билинмайди. Ҳаво мўътадил илиқ ва мусаффо. Тепаликдаги дарпарда тутилган айвончадан чанқовузнинг қалбларни эритадиган мунгли ноласи эшитилади...
-Бу чанқовузни менга Сурхондарёда совға қилишган, - оғзидаги чолғуни чиқарар экан гап бошлайди Эркиной Абжамилова, - илгари чалишни билмасдим. Аста-секин, чалиб-чалиб ўрганиб олдим. Унинг оҳанги, ноласи тил ва бармоқларнинг уйғун ҳаракати билан бошқарилар экан. Товуш мароми ва йўналишини бармоқлар “назорат” қилса, оҳанг тил билан берилади. Чанқовузни ўрганишимга сабаб, ўз устимда янада кўпроқ ишлаш, фаолиятимга янгилик киритиш. Ахир, бу ерда мен ўзбек ва қирғиз анъаналарини мужассамлаштирганман. Чанқовуз эса ҳар икки миллатнинг чолғуси ҳисобланади.
Эркиной Хонобод шаҳридаги 800 метр баландликда жойлашган “Олтин Ўрдо” дам олиш маскани эгаси. Шаҳарнинг Тейит маҳалласида туғилиб ўсган қирғиз қизи ўзбек оиласига келин бўлган. Уч паҳлавонни дунёга келтирган бу жувонни “полвон аёл” дейишади. Сабаби, Эркиной ҳам келинлик, ҳам оналик, ҳам хотинлик вазифаларидан ортиниб - тадбиркорликни йўлга қўйган, мана шу масканни гуллатган.
-20 йилдан бери маиший хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаб келаман. Ишни оддий сартарошликдан бошлаб, фаолиятимни кенгайтирдим. Ҳозир икки қаватли бинода гўзаллик салони, чеварчилик, келинлик либослари ва маросим кўйлаклари ижараси ишлаб турибди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилда Хонободни туризм шаҳрига айлантириш бўйича берган топшириқларидан руҳланиб, дам олиш маскани ташкил этишга киришдим. Менга ажратилган ер ташландиқ, қаровсиз аҳволда эди. Сув чиқариш қийин, электр энергияси етиб келмаган. Ахир, адирлик-ку бу жойлар. Кўриб турганингиздек ҳолатга келтиришнинг ўзи бўлмаган. Лекин, шукр ўз ҳолимга ташлаб қўйишмади. Зарур ёрдамлар берилиб, имтиёзли кредитлар ажратилди. Шундай қилиб, катта машаққат билан “Олтин Ўрдо” қирғиз-ўзбек дам олиш масканини ишга туширдик. 30 та иш ўрни яратдик. Иш бошлаганимизда 2 дона ўтов, 2 дона стол-стулимиз бор эди. Ҳозирги кунда ўнга яқин ўтов, алоҳида айвончалар бор. Ўтган йили АҚШ Тараққиёт агентлиги (USAID)нинг агротуризмни ривожлантириш йўналишида ўтказилган танловда ғолиб бўлиб, яна 5 та ўтов ва 2 та айвончага эга бўлдим.
Хонобод водийнинг экотуризм марказига айланиб бормоқда. Бу яшил маконда дам олиш масканлари сони анча кўпайган. Улар орасида “Олтин Ўрдо” нинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Бу ерга хорижлик сайёҳлар ҳам кўп келади. Уларнинг қирғиз миллий ўтовлари, таомларига қизиқиши баланд. Ўтовлар ичида барча шароит муҳайё. Қишда иссиқ, ёзда салқин бўлиши учун иситиш ва совитиш тизимлари ўрнатилган. Таомномадан ҳар икки миллат ошхонасига хос барча миллий таомларни топиш мумкин. Сайёҳларнинг таъбига қараб Европа таомлари ҳам тайёрланади. Энг асосийси, меҳмонларга ҳақиқий қирғиз қимизи тортиқ этилади. Уни шахсан Эркинойнинг ўзи Қирғизистондан буюртма асосида, лаборатория текширувларидан ўтказиб олиб келади.
Ҳозир тоғ ёнбағирларида айни дам олиш мавсуми бошланмоқда. Эркинойнинг дам олиш маскани аллақачон меҳмонларга ўз эшикларини очган.
- Келгусида йилқичиликни йўлга қўйиш ниятим бор, - дейди Эркиной. – Сабаби, қимиз олиб келиш учун кўп маблағим, бир кун вақтимкетаяпти. Ҳозир айни мавсум, дам олиш масканида нечта ишчи бўлсаям кам. Меҳмонларни кутдириб қўймаслигимиз керак. Ҳалиги... қайсидир бир фильмда айтилганидек: “бу даргоҳдан ҳеч бир одам норизо бўлиб кетиши мумкин эмас!” Шунинг учун отларни кўпайтириб, қимиз тайёрлашни йўлга қўйсак, ишимизда унум бўлади, сайёҳлар оқими янада кўпаяди, энг асосийси, кўплаб янги иш ўринлари яратилади.
Муаззам СОБИРЖОН қизи