Атрофга назар

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар тарғиботини маҳаллий ва халқаро ҳамжамият орасида кучайтиришнинг муҳим жиҳатлари


20.06.2024   460

Янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш бугунги шиддатли давр талаби ҳисобланади.

Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун тенг имконият яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси бу йўлда бош стратегик ҳужжат вазифасини ўтамоқда.

Таъкидлаш жоизки, стратегия ўз ичига барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш каби асосий ғояларни ўз ичига олган.

Маълумот ўрнида таълим соҳасидаги айрим ислоҳотларга тўхталиб ўтсак.

Ҳозирда таълимга ижтимоий ва иқтисодий тараққиётнинг бош, етакчи омили сифатида қаралмоқда. Бундай эътиборнинг сабаби замонавий жамиятнинг энг муҳим қадрияти ва асосий капитали бу – янги билимларни излаш, эгаллаш ва экстремал вазиятларда ностандарт қарорлар қабул қилишга қодир бўлган инсон ҳисобланади. Шундай экан, ҳозирги даврда таълим шахс ва жамиятни ривожлантиришда ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мактабгача ва мактаб таълими сифатини ошириш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратиб келинмоқда.

Мамлакатимизда Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактабларнинг жорий этилгани болаларга ҳар жиҳатдан пухта билим бериш, ушбу мактаблардаги илғор иш тажрибасини бошқа умумтаълим масканларига ҳам кенг ёйишдек эзгу мақсадларни кўзлайди.

Илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ўтган йили 500 та мактабда Президент мактаби баҳолаш тизими жорий этилган эди. Бунинг самарасида улардаги ўқувчиларнинг ўзлаштириши 53 фоиздан 59 фоизга ошган. Юқори натижага эришган мактаблар раҳбарияти ва ўқитувчиларига 40 фоизгача устама белгиланган.

Шу боис ушбу баҳолаш тизими янги ўқув йилидан яна 1 мингта мактабда қўллана бошлайди. Уларга 182 та ихтисослашган ҳамда 500 та тажрибадан ўтган мактаб бириктирилади.

Соҳада амалга оширилаётган ишларни янада такомиллаштириш бўйича ота-оналар ва ўқувчиларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда, улар билан “очиқ эшиклар” куни тадбирлари, турли учрашувлар ташкил қилинмоқда.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза.

Ҳозирда бутун дунёда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги энг асосий тўсиқ ва таҳдидга айланган масала – экологик инқироздир. Ушбу масала инсоннинг соғлиқ, тоза сув, озиқ-овқат ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларини таъминлашни хавф остида қолдирмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Янги Ўзбекистонда иқлим ўзгариши муаммолари билан курашиш барқарор ривожланишни таъминлашнинг энг муҳим омилига айланган.

Хусусан, Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам инсоннинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи алоҳида бобда мустаҳкамланиб, давлатнинг атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича вазифаларни амалга ошириш мажбуриятлари белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ва тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, мамлакатимизда “яшил” иқтисодиётга ва углерод нейтраллигига ўтиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, 2030 йилга бориб мамлакатимиз энергетика балансида қайта тикланувчи энергия қувватини 40 фоизга етказиш режалаштирилган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда 1 млрд туп кўчат экилмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида 2 млн гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этилди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган шу каби ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламларига ўз вақтида етказиб бериш, шунингдек, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатиш, таҳлил қилиш, фикр билдириш, сиёсат, таълим, маданият, санъат ва бошқа соҳалардаги ахборотларни холис баён қилиш, тўғри талқин этиш, медиа маданиятини шакллантириш зарурияти ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда.

Бунда ҳар бир мутахассис (журналист, муҳаррир ва блогерлар) фаолияти компетентлиги (фидойилик, ахборотлардан хабардорлик, тезкор маълумотлар алмашинувидаги ишчанлик, жамоатчилик вакиллари билан олиб бориладиган мулоқотда юқори маданият ва билимдонлик) ҳисобга олиниши лозим, албатта.

Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, бугун биз кўпмиллатли халқимиз билан бирга Янги Ўзбекистонни барпо этмоқдамиз. Янги Ўзбекистон – бу янги ҳаёт, янги тараққиёт, бахтли келажак дегани. Барчамиз ҳамжиҳат бўлиб, бошлаган ислоҳотларимизни янада қатъий давом эттирсак, бу улуғ мақсадга сўзсиз етамиз.

Равшанбек АБДУРАҲИМОВ,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси