Андижон 24

УЗУМЧИЛИКНИ ОММАЛАШТИРИШДА БУЛОҚБОШИ ТАЖРИБАСИ


02.11.2021   284

Дастлабки 8 ойда Ўзбекистон 40 та давлатга 79 минг тонна узум экспорт қилган. Бунда узум етиштиришда ўзининг яхши тажрибасига эга булоқбошиликларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Энди ушбу соҳага ихтисослашган туманда бу борадаги ишлар янада ривожланади. Боиси боғбонларга кредит асосида ток-сўрилар қуриб берилмоқда. Ўтган йилда 511 та хонадонга 2,7 миллиард сўм маблағ ажратилиб, кўча бўйларига ишкомлар кўтарилган эди. Жорий йилда аҳоли хонадонлари ҳамда фермер хўжаликларида жами 7 минг тонна узум етиштирилган бўлса, бу кўрсаткич янги токзорлар улуши ҳисобига келгуси йилда 3 баробарга ортиши кутилмоқда.

Булоқбоши туманида шу кунга қадар узумчиликка ихтисослашган 11 та маҳалла мавжуд эди. Кредит асосида кўтарилган ишкомлар натижасида яна 9 таси уларнинг сафига қўшилди. Мирзакалон Исмоилий маҳалла фуқаролар йиғинининг Ойбулоқ кўчаси аҳолиси азалдан хонадонларида узум етиштиради. Ер билан тиллашишнинг хадисини олган миришкорларнинг даромадлари энди икки баробарга ортса ажаб эмас. Сабаби кўчанинг 63 та хонадонига ҳам қўшимча ишкомлар қуриб берилди.

- 10 сотих участкамизда 150 туп кўчат бор. Йилда 5,5 - 6 тоннага яқин маҳсулотдан экспортга қараб 40 миллион даромад қилишимиз мумкин. Олдин 5 тонна ҳосил олган бўлсак, ҳозирги кунга келиб 7 тоннага қадар олмоқдамиз. Маҳалламизнинг ёшлари шу иш билан таъминланяпти. Булоқбошиликларнинг азалдан топадиган даромади узумчилик, - дейди боғбон Авазбек Тешабоев.

Тумандан 2020 йилда 250 тонна, жорий йилда 600 тонна узум экспорт қилинган. Келгуси йил эса хориж бозорларига чиқарилаётган маҳсулотнинг кўрсаткичи 3 баробарга ортиши кутилмоқда. Чунки янги ташкил этилган токзорлар тўла ҳосилга киради.

Буюк Турон маҳалла фуқаролар йиғини Оқибат кўчасидаги 85 та хонадоннинг 52 тасига ҳам сўритоклар қуриб берилган.

- Меҳнатларимиз самарасини кўряпмиз. Ҳусайни, андижон қора, кетмон сопи навидагилар энг харидоргирлари ҳисобланади. Одамларнинг бўш ерларидан унумли фойдаланиш мақсадида темир ишкомлар ўрнатганмиз. Ҳозир аҳолимиз ҳам даромад олади, ҳам ўзини ўзи банд қилади. Бизга соҳани янада ривожлантириш мақсадида қўшимча ер берилди. Энди яна янги навдаги кўчатларни ўтқазмоқчимиз. Қорақалпо-ғистон, Қашқадарё, Фарғона, Намангандан боғбонлар келиб, иш тажрибамизни ўрганиб кетишяпти, - дейди боғбон Абдурасул Ҳайдаров.

Ушбу ташаббус ўзининг ижобий самарасини бераётганлиги боис келгуси йилда ҳам 1 минг 200 та хонадонга 20 км узунликдаги ишкомларни ташкил қилиш режалаштирилмоқда.

Нуржахон Йўлдошева.