Андижонда

УЗУМНИНГ САРАСИ ҚЎНҒИРОТДА...


05.09.2023   105

Асаканинг Қўнғироти сархил узумлари билан машҳур. Маҳалла аҳли узум етиштириш бўйича катта тажрибага эга. Бу мевани томорқасида парваришлаб, мўл ҳосил етиштиришнинг ҳадисини олганлар, десак адашмаймиз.

Маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Ойистахон Тожиматова бизни Муҳаммаджон Мамажоновлар хонадонига бошлади. Ҳовлида улғайган икки қиз, бир ўғилни уйлаб-жойлаган оила соҳиблари набиралар қуршовида, дастурхон тўрида. 14 сотих кенг ҳовлининг 10 сотихлик томорқасидаги ишком ҳавасни келтиради.

150 туп узум оиланинг яхшигина даромад манбаига айланган. Оила аъзоларининг барчаси «узумшунос» бўлиб кетгани кўриниб турибди. Ҳар йили деярли 6 тонналик ҳосиллардан 30-40 миллион сўм даромад оладилар. Жорий йил режадаги даромад эса 60 миллион сўмдан зиёд.

Бу йилги аномал совуқ узумларни «уриб юборди». Фақат айрим хонадонлар қатори ушбу оила ҳам токларни сақлаб қола олди.

  • Ноябрь ойининг охирларида токларни кесиб, ётқизиб, ўраб, устига похол ташлагандик, - дейди оила бекаси Санъатхон опа Мамажонова. - Қаҳратон авжига чиққанда уларнинг устига яна ғўзапоя ва токнинг кесилган новдаларини ташладик. Шу билан кўклам тафтига етдик. Аслида узум парваришлашнинг ўзига хос сиру синоати мавжуд. Эрта баҳорда новдаларни чилпиш керак. Ўз вақтида ширага, чанг ва шўрлашга қарши қайта ишлов бериш лозим. Маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш, меъёрида суғориш, яхши ривожланмаётган ғўраларни ўз вақтида узиб олиш керак. Ана шунда мўлжалдаги ҳосилни олиш мумкин.
Оила аъзолари бу йил узумнинг тўрт хил нави - «Кетмонсопи», «Ҳусайни», «Найча» ва «Қрим»дан мўл ҳосил олишни кўзлаб туришибди.